Зимбабве президенти қамоққа олинди. Мамлакатда сиёсий танглик.
(last modified Wed, 15 Nov 2017 13:21:10 GMT )
ноябр 15, 2017 18:21 Asia/Tashkent
  • Зимбабве президенти қамоққа олинди. Мамлакатда сиёсий танглик.
    Зимбабве президенти қамоққа олинди. Мамлакатда сиёсий танглик.

14 ноябрь куни пойтахтга кирган ҳарбийлар Зимбабве давлат телерадиокомпаниясини эгаллашган эди.

Зимбабведа ҳарбийлар мамлакат президенти 93 ёшли Роберт Мугабени қамоққа олишгани ва «давлатдаги вазият бошқа даражага чиққани» ҳақида маълум қилишди. Бу ҳақда Ройтерз агентлиги хабар бермоқда. 

Айни вақтда мамлакатда давлат тўнтарилиши бошлангани айтилмоқда. 14 ноябрь куни пойтахтга кирган ҳарбийлар Зимбабве давлат телерадиокомпаниясини эгаллашган эди. Нашрнинг таъкидлашича, давлатнинг телерадиокомпанияси «босиб олинганидан» сўнг ҳарбий формадаги икки зобит «ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олишганини рад этган» ҳамда Мугабе ва унинг оиласи «хавфсиз ҳамда ишончли жойда экани, уларнинг хавфсизлиги кафолатлангани» ҳақида қўшимча қилиб ўтган.

37 йилдан буён Мугабе томонидан бошқариб келинаётган Зимбабведа сиёсий инқироз шу ой бошида бошланган эди. 6 ноябрь куни Мугабе вице-президент, ўз вориси сифатида қаралувчи 75 ёшли Эммерсон Мнангагвуни жодугарлар ёрдамида ҳокимиятни қўлга олишга уринишда айблаб истеъфога чиқариб юборган эди. 

Мнангагва ва унинг тарафдорлари мамлакатдаги ҳукмрон “Зимбабве Африка миллий иттифоқи – Ватанпарварлик фронти” партиясига қарши яширин гуруҳ яратиш йўли билан президентни ҳокимиятдан четлатишни режалаштиришгани маълум қилинди. Мнангагву мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Бу воқеалардан кейин Зимбабве Қуролли кучлари бош штаби Константино Чивенга Эммерсон Мнангагвунинг ёнини олиб чиқди ва президентга ультиматум қўйди. «Агар бизнинг инқилобимизга таҳдид пайдо бўлса, биз уни куч билан ҳимоя қиламиз»,— деганди у.

Вице-президент ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилиб чиққан армия бошлиғи президентга 4 талабини илгари сурди, бу талаблардан бири ҳарбийларни ёмонотлиқ қилувчи баёнотларни қайтариб олиш ҳақида эди. У шунингдек, партиядаги тозалашларни бас қилишни, навбатдаги съездда қатнашиш учун партиянинг барча аъзоларига тенг имконият тақдим қилишни талаб қилган.

Мугабе 1980-1987 йиллар мамлакат бош вазири лавозимини эгаллаган. У охирги 30 йилдан бери мамлакатни муттасил бошқариб келмоқда. Шу билан бирга у ҳозирда дунёдаги энг кекса давлат раҳбари ҳисобланади.