Трампнинг Қудс бўйича қабул қилган қароридан сўнг АҚШ дунёда яккаланиб қолди
https://parstoday.ir/uz/news/world-i27285-Трампнинг_Қудс_бўйича_қабул_қилган_қароридан_сўнг_АҚШ_дунёда_яккаланиб_қолди
АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиниши қарорини қораловчи БМТ Бош ассамблеяси резолюциясига овоз берувчи давлатларга ёрдам беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди
(last modified 2018-10-15T16:10:25+00:00 )
декабр 24, 2017 12:31 Asia/Tashkent

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиниши қарорини қораловчи БМТ Бош ассамблеяси резолюциясига овоз берувчи давлатларга ёрдам беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

      Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз “Америка президенти Доналд Трампнинг Қудс бўйича қабул қилган қароридан сўнг АҚШнинг дунёда яккаланиб қолганлиги”га доир мавзуга бағишланади.      

      Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

     Америка қўшма штатлари давлати хусусан АҚШ президенти Доналд Трамп Қудс бўйича қабул қилган қарори сабабли дунё ҳамжамияти олдида яккаланиб қолди. Америка президенти шахсан дунё мамлакатларини таҳдид қилган эди. АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиниши қарорини қораловчи БМТ Бош ассамблеяси резолюциясига овоз берувчи давлатларга ёрдам беришни тўхтатиш билан таҳдид қилди. “Улар юз миллионлаб, ҳаттоки миллиардлаб долларлар олишади ва шундан кейин ҳам бизга қарши овоз бермоқдалар. Биз бу овоз бериш ортидан кузатамиз, бизга қарши овоз беришга уриниб кўришсин-чи – биз анча маблағ тежаб қоламиз. Бизга фарқи йўқ”, деб айтган Трамп. 6 декабрда АҚШ президенти Дональд Трамп Қудсни Исроилнинг пойтахти деб тан олиши ҳақида эълон қилиб, Америка элчихонасини Тель-Авивдан Қудс шаҳарига кўчириш ҳақидаги ҳужжатга имзо қўйди. Америка президентининг ушбу қарори жаҳоннинг кўплаб давлатлари, биринчи навбатда Яқин Шарқ мамлакатлари ва Фаластинда норозилик келтириб чиқарди. Шундан сўнг, 18 декабр куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Қудс статусининг ўзгартирилишини тан олмаслик ва АҚШ президентининг ушбу қарорини бекор қилиш тўғрисида резолюция қабул қилиш бўйича йиғилиш ўтказилди.

      Резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш жараёнида ҳужжатни қўллаб 14 та овоз берилган. АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида вето ҳуқуқидан фойдаланди ва ушбу қарорга тақиқ қўйди. Резолюция лойиҳаси Қудснинг «характери, статуси ва демографик таркибини ўзгартиришни назарда тутувчи ҳар қандай қарорлар ва ҳаракатлар юридик кучга эга эмаслиги, ҳақиқий ҳисобланмаслиги ва бекор қилиниши лозимлиги»ни баён этаётган эди. АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо 15 та давлатдан ушбу резолюцияга қарши овоз берган ягона давлат бўлди. БМТнинг қоидаларига кўра, “Хавфсизлик кенгаши тинчликка таҳдид, унинг бузилиши ёки тажовуз ҳолатларида қарши овоз бераётган доимий аъзоларидан бирининг позицияси сабабли ҳаракат қила олмаса, Бош ассамблея чора кўра олади”. Бундай ҳолатда “Тинчлик учун бирдамлик” формуласи бўйича махсус сессия ташкиллаштирилиб, унда БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларга “тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш ва тиклаш учун жамоавий чоралар” тавсия қилиниши мумкин.  

    21 декабрь куни БМТ Бош ассамблеяси Қудснинг Исроил пойтахти сифатидаги мақоми бўйича АҚШ қарорини тан олмаслик ҳақидаги резолюцияни қабул қилди. Резолюцияга 128 та давлат овоз берди, 9 давлат қарши чиқди, 25 давлат бетараф қолди. Резолюцияни АҚШ ва Исроил режими қўллаб-қувватламади. Қабул қилинган ҳужжатга кўра, “муқаддас шаҳар Қудснинг характери, мақоми ва демографик таркибини ўзгартиришни кўзда тутувчи исталган қарор ва хатти-ҳаракатлар ҳуқуқий кучга эга бўлмайди, ноқонуний ҳисобланади ва бекор қилиниши керак бўлади”. Шунингдек, резолюция, барча давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг “резолюцияларидан фарқланувчи хатти-ҳаракатлар ва чораларни тан олмасликларини” талаб қилади. БМТда овоз беришдан аввалроқ АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Ники Ҳейли халқаро ташкилотнинг қарори қандай бўлишидан қатъи назар, АҚШ Қудсда элчихонасини очишини айтган эди. “АҚШ Қудсда элчихонасини жойлаштиради. Бу биздан Америка халқи истаётган нарсадир ва бу тўғридир. БМТдаги ҳеч қандай овоз бериш бунга таъсир қилолмайди”, деб айтган Ники Ҳейли.

      Шунингдек, у овоз бериш эътиборсиз қолмаслигини айтган. “Бу овоз бериш америкаликлар БМТни қандай кўришларига ва бизни БМТда ҳурмат қилмайдиган давлатларга қарашимизга таъсир қилади. Биз бу овоз беришни эслаб қоламиз”, деб айтган дипломат. АҚШ президенти Дональд Трампнинг Қудс бўйича қарорига БМТ Бош ассамблеясида қарши овоз берган 128 давлатда яшовчи аҳоли сони, бутун Ер куррасида истиқомат қилувчи инсонларнинг 82,5 фоизини ташкил этади. Қудс мақомини ҳимоя қилиб ёқлаб овоз берган мамлакатларда 6 миллиард 187 миллион аҳоли ёки Ер куррасининг 7,5 миллиард аҳолисидан 82,5 фоизи яшайди. БМТ Бош ассамблеясида АҚШни қўллаб-қувватлаган давлатларда эса Ер аҳолисининг 5 фоизи яшайди холос. АҚШ Исроил ва Фаластин муносабатларига “муваффақиятсиз” аралашувдан кейин Яқин Шарқ масалалари бўйича яккаланиб қолди. Бу ҳақда америкалик дипломат Час Фриман айтиб ўтди. Унинг айтишича, Қудснинг Исроил пойтахти деб тан олиниши “АҚШнинг Исроилга ён босувчи кўп йиллик тарихининг” авж нуқтаси бўлди. “БМТдаги овоз бериш халқаро ҳамжамият борлигини ва АҚШ эмас, айнан Бирлашган миллатлар ташкилоти халқаро қонунларни ўрнатиши ҳақидаги эслатмадир”, деб айтган Фриман.

      Шунингдек, Америка разведка бошқармасининг собиқ бошлиғи Жон Бернан ҳам бу ҳақда шундай айтдики, БМТ Бош ассамлеясида ўз ҳуқуқидан фойдаланиб Американинг Қудс бўйича позициясига қаршилик кўрсатган  мамлакатларга нисбатан Доналд Трампнинг таҳдид қилиши жумладан АҚШнинг молиявий ёрдамларидан баҳраманд бўлиб турган ва Американинг минтақавий ва жаҳон стратегиясидаги ўзига хос мавқеига эга бўлган Миср, Афғонистон, Ироқ ва Покистон сингари давлатларга таҳдид қилиши ва Вашингтоннинг молиявий кўмакларини тўхтатиши АҚШнинг стратегиясига ўрнини тўлдириб бўлмайдиган зарар етказади. Бошқа томондан эса, Трампнинг Бирлашган миллатлар ташкилотига аъзо бўлган айрим мамлакатларга ёки бўлмасам ушбу ташкилотнинг ўзига АҚШнинг молиявий ёрдамларини камайтириш ёки бўлмасам ушбу кўмакларни тўхтатиб қўйишга қаратилган таҳдидлари ижро этилгудек бўлса, ушбу фурсатдан бошқа бой мамлакатлар жумладан Хитой каби давлатлар унумли фойдаланади ва Американинг халқаро тизимдаги ўрнини олишга интилади. Ўзбекистон ҳам БМТ Бош ассамблеясида АҚШ президент Доналд Трампнинг Қудс бўйича қарорини ёқламаган давлатлар тарафида бўлди.

       Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.  Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.