Навальний бойкот эълон қилиб президент сайловида қатнашмасликка чақирди
Россия Марказий сайлов комиссияси мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийни 2018 йилги президентлик сайловига номзод сифатида қабул қилмади
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ўз тарафдорларини 2018 йилги президентлик сайловларини бойкот қилишга чақирди. «Сайловчилар забастовкаси» ҳақида у бугун, 25 декабрь куни Марказий Сайлов комиссияси уни президентликка номзод сифатида рўйхатдан ўтказмагач, ўз блогида эълон қилган.
«Биз сайловчилар забастовкасини эълон қиламиз. Бизга иштирок этиш таклиф этилаётган жараён - сайлов эмас. Унда фақат Путин ва унинг ўзи шахсан танлаган номзодлар иштирок этади. Бу номзодлар унга кичик бўлса ҳам хавф туғдира олишмайди» — деди Алексей Навальний.
Навальнийнинг режасига кўра, унинг сайловолди штаблари забастовка штабларига айланади. Штаблар фаоллари сайловдаги давоматни кузатишади ва сайловга қарши тарғибот ишлари олиб боришади. Якунда мухолифатчи бу сайлов натижаларини ҳамда бу сайловда сайланадиган ҳокимиятни тан олмасликни талаб этмоқчи.