Россия президетининг мамлакат қурол-аслаҳаларини модернизация қилиш бўйича янги дастурни имзолаши
(last modified Tue, 27 Feb 2018 08:42:55 GMT )
феврал 27, 2018 13:42 Asia/Tashkent

Россия бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Рагозиннинг маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг ҳарбий қурол-аслаҳалар бўйича янги дастурини имзолади

      Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

      Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Россия президетининг мамлакат қурол-аслаҳаларини ва ҳарбий ускуналарини модернизация қилиш бўйича янги дастурни имзолаши”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

      Россия бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Рагозиннинг маълум қилишича, Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг ҳарбий қурол-аслаҳалар бўйича янги дастурини имзолади. Ушбу дастур Суриядаги жанглардан келиб чиққан тажрибаларга асосан ва шунингдек Россия душманлари томонидан ҳозирда ва келгусида бўладиган таҳдидларини инобатга олиб тузилган. Дмитрий Рагозинга кўра, Россиянинг Суриядаги жанглардаги иштирокида умумий олганда 200 турдаги қурол-яроқ ва ҳарбий техникалар синовдан ўтказилди. Шулардан келиб чиқиб, робот, сунъий ақл, учувчисиз учадиган аппаратлар, ракетага қарши комплекс системаси ва юқори аниқликдаги ўқ-дориларни янада такомиллаштириш ва тараққий эттириш йўналишидаги фан-техника соҳасида сезиларли кўламда сармоя киритиш масаласи, ушбу янги қабул қилинган қурол-аслаҳа дастурида ўрин олган ва устувор йўналиш қилиб белгиланган. Аммо, ушбу мавзуга бошқа томондан қаралганда, Россиянинг ҳозирги ва келгусидаги таҳдидларга нисбатан ҳарбий дастурларни ишлаб чиқишига бўлган нуқтаи назарлар НАТОнинг ҳарбий қудратини ҳам қамраб олмоқда.

     Шунингдек, Америка қўшма штатларининг дунёнинг исталган нуқтасини нишонга оладиган товуш тезлигидан ҳам юқори тезликда бўлган ҳужумкор ракета системасининг амалиётда қўлланиши ва ядровий комплекс системасини жойлаштириши ҳам Россиянинг қурол-яроқ бўйича янги дастур қабул қилишига туртки берди. Россиянинг ҳарбий соҳадаги юқори мартабали расмийлари мамлакатнинг қурол-аслаҳа бўйича янги дастурини эътиборга олиб шундай қайд этишмоқдаки, Россия ушбу таҳдидларга қарши муносиб жавоб қайтаришга қодир бўлади. Россия мудофаа вазири ўринбосарининг 2017 йил ноябр ойидаги баёнотида, Москванинг янги ҳарбий қурол-аслаҳалар ва ҳарбий ускуналарни яратиш дастури учун 325 миллиард доллар ажратилиши ва ушбу ҳарбий қуролларни бошқариш ва мувофиқлаштириш системасини яратиш учун 17 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши белгиланганлигини маълум қилган эди. Ғарблик ҳарбий соҳадаги экспертлар, Вашингтон ва Кремлнинг ҳарбий салоҳиятига баҳо беришганда Россиянинг айрим камчиликларини ҳам таъкидлаб ўтишмоқда. Ҳозирги кунда Россия армияси қудратли бўлишига қарамай, АҚШ армиясига нисбатан бир қатор камчиликларга эга. Биринчидан, янги авлод қирувчи самолётлари бўлса иккинчидан, юқори аниқликка эга бўлган бошқарувчан ўқ-дорилар.

     Сурияда олиб борилган жанговар ҳаракатлар шуни кўрсатдики, Россия АҚШ томонидан ишлаб чиқарилган юқори аниқликка эга ўқ-дорилар каби қуролга эга эмас. Чунончи, одатда РФ самолётларида қуролли кучлар самарасини оширадиган сенсор блокларни ўрнатиш йўлга қўйилмаган. Учинчидан, маълумот йиғиш, кузатув ҳамда разведка. “Совуқ уруш” давридаги каби бугунги кунга келиб, РФ армиясида АҚШ армияси каби маълумот йиғиш, кузатув ва разведкага оид бўлган салоҳият мавжуд эмас. Россия шу пайтгача аллақачон эскириб қолган чақирув тизимидан фойдаланиб келмоқда деб қайд этишмоқда. Бироқ, ҳарбий соҳадаги эксперт Александр Галтсга кўра, сўнгги ўн йилликлар давомида Ғарб Россия ҳарбий техникаси ривожига истеҳзо билан қараб келар эди. Лекин, Ғарб яқинда Москва қурол-аслаҳа соҳасида ақл бовар қилмас ютуқларга эришганини тан олишга мажбур бўлди. Унинг айтишича, шу яқин вақтларгача Ғарб ҳарбий амалдорлари Россия стратегияси ва ҳарбий техникаси ҳақида — “эскирган”, Россия Ҳарбий ҳаво кучлари фойдаланадиган ракеталар тўғрисида — “иш бермас”, Россия Ҳарбий Денгиз Флотини эса, умуман, “занглаб қолган” дея оғиз тўлдириб гапиришар эди. Аммо, Суриядаги ҳарбий операциялари давомида Россия ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйганидан сўнг, Ғарб ўзини йўқотиб, саросимага тушиб қолди.

      Россия президенти ўз чиқишида, Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар, халқаро террорчиликка қарши курашда ўзини қандай намоён қилаётганидан мамнунлик билдирган эди. "Россия қурол-аслаҳаси, унинг ишончлилиги ва самарадорлиги Сурияда террорчиларга, Яқин Шарқда террорчиликка қарши курашда намоён бўлмоқда. Унинг айтишича, авиация ва ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимининг жанговар шароитларда қўлланиши учувчилар ва муҳандислик-техник таркибга, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ҳисоботларига ҳамда ҳарбий йўналишдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бебаҳо тажриба бермоқда". Президент қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчиларга "улар ҳарбий техникани қўллаш вақтида юзага келган камчиликларни бартараф этишда фаол, тезкор чоралар кўраётганлари" учун миннатдорчилик билдирган. Айни пайтда, Россияда товушдан тез учувчисиз жанговар учиш қурилмасини ишлаб чиқиш устида ишлаб олиб борилмоқда. Россияда ҳаракатланишнинг катта радиусига эга учувчисиз жанговар учиш комплекси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари илмий-тадқиқот институти вакили Александр Немов маълум қилди. Унинг айтишича, янги қурилма юқори бўлмаган баландликда товушдан тез парвозни амалга оширади. Учиш жойидан анча узоқдаги турғун ва ҳаракатдаги марраларни нишонга олиши мумкин. Мутахассис бундай комплекс ҳозирча дунёнинг бирор давлатида йўқ эканлигини билдирди.

      Ўтган йили Россия 14 миллиард доллардан ошиқ суммага қурол-яроғ сотди. Олдинроқ Россия президентининг ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича ёрдамчиси Владимир Кожин Ғарб санкцияларига қарамай, 2017 йилда Россияда янги шериклар — «қурол учун олдинроқ ҳеч қачон мурожаат қилмаган давлатлар» пайдо бўлди, деган эди. Россия ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати раҳбари кўра, мамлакат қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникасига эскпорт буюртмалари портфели 47-50 миллиард долларни ташкил этади.  Қайд қилиш  жоизки, Россия   давлати   қуролли  кучларнинг  ҳарбий  қудратини  ошириш  учун   турли   тадбирлар  белгиланган. Жумладан, мамлакат Президенти  2020   йилга  бориб,   Россия қуролли  кучлари  600  дона   энг  замонавий   ҳарбий  самолёт ва  1000 дона  вертолётларга  эга  бўлади деб  айтган эди.  Ҳарбий  ҳаво кучларини  мустаҳкамлаш дастурида  ҳам узоқ масофага парвоз  қилувчи  бомбардимончи  самолётларнинг   янги  турларини  яратиш, шунингдек, ҳарбий   вертолётлар ишлаб  чиқаришга   эътибор  қаратилади. Россия   кейинги йилларда  ўзининг   ҳарбий   бюджетини бир  неча баробарга   оширди. Совет Иттифоқи   парчалангач, унинг  вориси  сифатида  Россия   жуда кўп қийинчиликларга дуч келган эди.  Бу  соҳада қитъалараро   ракеталарнинг янги турларини  яратиш, узоқ масофага парвоз   қиладиган  бомбардимончи стратегик самолётлар  ишлаб чиқариш,  шунингдек, қитъалараро ракеталарни  учира  оладиган сув  ости  ядровий   ҳарбий  кемаларни яратиш ишларига алоҳида дастурлар  сифатида  қаралаяпти. Ана  шу  йўл билан  Россия НАТО хусусан  Америка билан  жиддий  рақобатга  киришган.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.   Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.

Ёрлиқ