Диққат! Facebook ва Google барча сирларимизни билишади
(last modified Sun, 01 Apr 2018 06:18:24 GMT )
апрел 01, 2018 11:18 Asia/Tashkent
  • Диққат! Facebook ва Google  барча сирларимизни билишади

Телефонни ўзингиз билан бирга олиб юрсангиз, сизнинг жойлашув манзилингиз ҳар бир метригича маълум бўлади.

Сиз кимга овоз беришга қарор қилганингиз, қанча пул топишингиз, нечта фарзандингиз борлиги ва севимли машғулотингиз қандай экани-чи? Буларнинг бари Facebook ва Google'да бор. Сиз ўз маълумотларингизни ахборот бизнеси "акулалари"га ўз қўлларингиз билан топшираётганингизни билиш вақти келди ва умуман бу вазиятни ўзгартириш мумкинмикан? Trendymen нашри шу ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

Реклама профили

Google олинган маълумотлар асосида ҳар бир фойдаланувчи учун персонал реклама профилини яратади. Жойлашув, жинс, ёш, севимли машғулоти, карьера, қизиқишлар, муносабатлар босқичи, тахминий вазн ("Уч кунда 10 кг йўқотишни хоҳлайсизми?" қабилидаги рекламалар илдизи шунга бориб тақалади), ҳатто даромад даражаси ҳам аҳамиятга молик.

YouTube'даги роликлар

YouTube'даги роликлар тарихингиз ҳам эътибордан четда қолмайди. Фойдаланувчининг қизиқишларига қараб инсонни тушуниш осон: у консерваторми ёки йўқ, депрессиядами ёки аксинча ва ҳоказо. Бундай маълумотларни ким ҳам кўриши мумкин дейсизми? Ўша биз яхши билган Google-да!

Маълумотлар ҳажми

Таҳдид ҳаддан ташқари бўрттирилган дейсизми? Яхши, унда ўзингиз текшириб кўринг. Google ҳеч нимани яширмайди ва фойдаланувчига компанияда мавжуд барча маълумотларни юклаш имконини беради. Масалан, Trendymen таҳририяти муҳаррирининг архиви 3 Гб жой олди. Бу эса жуда катта  ҳажмдаги маълумотлар дегани!

Google Drive

Энг зўри Google Drive'да яширин. Сервис, шубҳасиз, фойдали ва қулай, ундан кўпчилик фойдаланади. Резюме, ойлик бюджет ҳисоб-китоби ва бошқа фойдали маълумотларни ҳам шу ерда сақлаш мумкин. Албатта, агар Google мутахассислари улардан фойдаланишларига қарши бўлмасангиз. Махфийлик? Қандай махфийлик ҳақида гап бўлиши мумкин?

Facebook'да нима гаплар?

Марк Цукербергнинг сервиси ҳеч нимани яширмайди. Сиз ҳеч қандай муаммосиз Facebook тармоғи қандай маълумотларни тўплаганини кўздан кечиришингиз мумкин. Ҳар бир йўлланган ва қабул қилинган хабар, ҳар бир кўрилган файл, телефонингиздаги барча рақамлар ва аудиохабарлар — кузатув қамровидан ҳайратда қоласиз.

Вақт ва жой

Бундан ташқари, Facebook ҳар сафар логин киритганингизни қайд этади. Бу операция амалга оширилган вақт, жой ва девайсни ўз ичига олади.

Браузер хиёнати

Асосий муаммо браузерда яширин — у барча маълумотларни бошқа сайтларга узатади. Сизнинг қаерда эканингиз, қандай компьютерда ишлаётганингиз, қайси ижтимоий тармоқларда логин киритганингиз – барча-барчаси билан бўлишади. Бу ерга киринг ва пастга тушинг, ўзингиз билмаган ҳолатда корпорацияларга улашувчи маълумотларингизни варақланг.