Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Истанбул саммитининг якунида баёнот қабул қилинди
(last modified Sun, 20 May 2018 06:19:59 GMT )
май 20, 2018 11:19 Asia/Tashkent

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 18 май жума куни Сионистик режимнинг Фаластинга қарши жиноятларини ва Фаластиндаги охирги воқеаларни ўрганиб чиқиш учун Ислом ҳамкорлик ташкилоти етакчиларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди.

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

     Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

     Бугунги  суҳбатимиз "Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Истанбул шаҳрида ўтказган саммитининг якунида қабул қилинган баёнотга”га доир мавзуга бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

        Туркиянинг Истанбул шаҳрида 18 май жума куни Сионистик режимнинг Фаластинга қарши жиноятларини ва Фаластиндаги охирги воқеаларни ўрганиб чиқиш учун Ислом ҳамкорлик ташкилоти етакчиларининг навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтди. Ислом ҳамкорлик ташкилоти етакчиларининг навбатдан ташқари саммити 30 моддадан иборат баёнотни қабул қилиш билан ўз ишини тугатди. Исломий мамлакатлар етакчилари ушбу якуний баёнотда Сионистик режимнинг Фаластинга қарши жиноятларини кенг қамровда ўрганиб чиқиш учун комитет ташкил этилишини талаб этишди. Ирна агентлиги тарқатган хабарга кўра, Исломий мамлакатлар етакчилари жума куни ўзларининг якуний баёнотларида Бирлашган миллатлар ташкилотининг асосий органларидан хусусан, БМТ хавфсизлик кенгаши, БМТ бош котиби, БМТ бош ассамблеяси, инсон ҳуқуқлари кенгаши, инсон ҳуқуқлари бўйича  кузатувчилар олий комиссариятидан зудлик билан Сионистларнинг Фаластин халқига қарши олиб бораётган жиноятларини текшириш бўйича комитет ташкил этишларини сўрашди.

       Шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти етакчилари ушбу баёнотларида жаҳон ҳамжамиятидан, Фаластин халқини Бутунжаҳон ҳимоя қилиши учун халқаро тинчлик кучларини Фаластинга сафарбар этишларини таъкидлашди. Саммит якунидаги баёнотда қайд этилишича, Сионистик режимнинг Фаластинга қарата олиб бораётган тажовузкор ҳаракатлари ва жиноятлари Америка ҳимояси остида содир этилмоқда. Сионистик режим ўз пойтахтини Тель-Авивдан Қудсга кўчириши халқаро ҳуқуқ нормаларига мутлақо зид ҳаракат ҳисобланади. Буни қонунийлаштиришда кўмак берган АҚШнинг ҳаракати эса жаҳон давлатларига нисбатан ҳурматсизлик деб ҳисобланади. Америка Қўшма Штатлар президенти Дональд Трамп 2017 йилнинг 6 декабр кунида Қудсни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ва АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қудсга кўчириш қарори ҳақида маълум қилган эди. АҚШнинг Қудсдаги элчихонаси биноси 14 май куни очилди. Фаластин юртининг Сионистик режим томонидан ишғол этилганининг 70 йиллиги ва ушбу санага бағишлаб АҚШ элчихонасининг Қудсга кўчирилиши сабабли Ғазо секторида норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. АҚШнинг Телавивдаги элчихонасининг Қудсга кўчирилишига эътироз билдириб кўча намойишлари ўтказаётган Фаластин халқи Сионистик режимнинг аёвсиз ҳужумларига учрамоқда. 

     Фаластин халқининг намойишларига қарата Қудсни ишғол этган босқинчи Сионистик режим ҳарбийлари томонидан қуроллардан ўқ отилиши натижасида 60 дан ортиқ фаластинлик шаҳид бўлди ва 3 мингдан зиёд инсонлар оғир тан жароҳати олишди. Вашингтон томонидан олиб борилаётган кўплаб ҳатти-ҳаракатлар шунингдек ядровий келишувдан чиқиш каби чоралар ва АҚШнинг Телавивдаги элчихонасининг Қудсга кўчирилиши жаҳон мамлакатлари томонидан тан олинмайди. Шундан келиб чиқиб Американинг ушбу кескин чораларига қарши қатъиятлик билан туриш талаб этилади. 18 май куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Ўзбекистон номидан Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев иштирок этди. Ниғматулла Йўлдошев саммитдаги чиқишида, Ўзбекистон томони Фаластиндаги вазиятнинг жиддийлашувидан ташвишдалигини билдирган.

    Шунингдек, тинч аҳолига нисбатан қуролланган кучларнинг ишлатилишини номувофиқ деб атаган ва халқаро ҳамжамиятни ушбу зўравонликни зудлик билан тўхтатиш учун бор чораларни кўришга даъват қилган. БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгаши томонидан чиқарилган қарорлар ва резолюциялар бажарилиши тарафдори эканлигини яна бир бор эслатиб ўтган ҳамда Ўзбекистон Яқин Шарқдаги вазият конструктив сиёсий мулоқот доирасида тез фурсатда, тўлақонли ва кенг қамровли тартибга солиниши тарафдори эканлиги таъкидлаган. Саммитда Афғонистон, Гвинея, Эрон, Қатар, Қувайт, Мавритания, Судан, Иордания, Шимолий Кипр Туркия Республикаси давлат раҳбарлари ҳамда Индонезия ва Гамбия вице-президентлари иштирок этишди. Фаластин, Қирғизистон ва Покистон давлатидан Бош вазир даражасида, Ўзбекистон, Жазоир ва Судандан парламент спикерлари даражасида вакиллар иштирок этишди. Сиёсий эксперт Ҳасан Ҳонийзоданинг таъкидлашича, Истанбул саммити барча мамлакатлар учун бирлашиш ва ҳамжиҳат бўлишлари учун қулай фурсат бўлди. Дарҳақиқат, шуни айтиш лозимки, Америка ислом оламида тинчлик ва осойишталикни издан чиқариш мақсадида ҳар қандай ишга қўл уради.

     Негаки, Ислом дунёсида нотинчликларни келтириб чиқариш билан, билвосита ирқчи Исроил режимининг тинчлигини ва осойишталигини таъминлаш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Исломий мамлакатлар етакчилари ва расмийлари Истанбул саммитида ушбу вазиятга баҳо бериш ва унга кескин муносабат билдиришга  саъй-ҳаракат қилишди. БМТнинг Яқин Шарқдаги тинчлик жараёни бўйича махсус координатори Николай Младеновнинг БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилишича Ғазо секторидаги тўқнашувлар оқибатида 30 март кунидан то шу кунгача шаҳид бўлган фаластинликлар сони 100 нафардан ошиб кетди. Жумладан 13 нафар ёш бола шаҳид бўлган. Унинг таъкидлашича, Ғазо сектори аҳолиси учун 14 май куни “фожиа” бўлган ва “қотилликларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди”.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.