Хайрулла Ҳамидов: БУЮК КЕТИШ
Ўғрилар оламида машҳур гап юради: “Ўғрининг охирги ўғирлиги бўлмайди, охиргисида қўлга тушиб қолади, холос!” Зидан футболчилигида ҳам, мураббийлигида ҳам “қўлга тушиб қолмади”. Унинг характери шу ерда катта саҳнага чиқди. Инсоннинг меъдаси ва кўзи тўқ бўлсагина, энг катта натижани қўлга киритган пайти “бўлди”, деб тўхтата олади ўйинини.
Шу пайтга довур “энг зўр қайтишлар” ҳақида эшитгандим, ўқигандим. Лекин “буюк кетиш”, “ўз вақтида чиқиб кета олиш” каби номинациялар тузилмаган экан. Нари борса, Кантона эсланарди ва... футболчи Зидан. Уларнинг сони кўп эмаслигига эса, инсон фактори, нафс фактори сабабдир.
Зайниддиннинг фаолияти шу қадар қизиқки, ҳатто математика ожиз қолмоқда: икки ярим йил ишлаб ЕЧЛнинг 3 та кубогини енгиб оляпти. Ҳисоб-китобга кўра уч йил ишлаш керакку?! Футболчи Зидан ва мураббий Зидан қўлга киритган совринлар таққосланганда ҳам, мураббий Зидан 16 йил тўп тепган ёшлигини ортда қолдирди. Ваҳоланки, унинг футболчилик даври ёрқинроқ ва ўзига хосроқ эди. Натижага келганда, мураббий Зидан жуда омадли ва жуда ишончли чиқиб қолди.
Аслида, мураббий Зиданнинг 2 ярим йил ичида қўлга киритган натижалари замирида ўн йил давомида “Реал” футбол мактабида фаолият юритгани, сегундадаги жамоани бошқаргани, хуллас, қора меҳнатда пишгани ётибди. Буларни биз кўрмаганмиз, ҳатто эсимизда ҳам йўқ. Биз учун “мураббий Зидан келдию ҳамма нарсани енгиб кетди” бўлиб гавдаланмоқда. Йўқ, йўқ, ундай дейдиган бўлсак, Зайниддиннинг ғалабаларини тасодифга ва фақат омадга йўйиб қўйган бўламиз, у бу манзилга узоқ заҳмат чекиб келганини унутмаслигимиз лозим. Катта меҳнатлар туфайли Зизу шундай мукофотланди.
Зиданнинг кечаги қарорини мен шахсан қўллайман. Чунки қироллик клубидан мана шундай шараф билан кетишнинг бошқа чораси йўқ эди. “Реал” ўз юлдузларини кераксиз бўлиб қолганда қандай кузатиб қўйишини биздан кўра у яхшироқ билади. Ҳатто миллионлаб мухлислари қолишини истаган Дель Боскени ҳам раҳбарият хайрлашув кечасисиз кузатган, эшикнинг олдигача келиб, “бўпти, кўришгунча!”, деб қўл узатган ва... эшикни ёпиб қўйган эди. Фақатгина Зидан “Реал”дан шундай кетмоқда. Асрий анъанасига садоқат билан ёндошишга қўймади қироллик клубини. Зўр, а?!
Зидан яна шундай пайтда кетмоқдаки, мисол учун, ўтган йили кетганида, унинг топлиги борасида шубҳа қолиб кетарди кўпчиликда. Биринчи кубоги тасодиф деб баҳоланган, иккинчиси омадга менгзалган эди, ахир. У шу ордонақолгур кубогини учинчи марта енгиб, жами шубҳаларни чилпарчин қилиб кетмоқда “Реал”дан. Уч марта битта кубокни енга олган одамнинг тўртинчи, бешинчи ва ҳоказоларни қўлга киритишига ҳеч ким шубҳаланмайди энди.
“Реал” Европадаги ҳокимлигини давом эттирса ҳам, “Зайниддиннинг олиб кирган руҳий олами” яна мақталади, ЕЧЛда тўхтатилса ҳам, Зидан мақталади. Чунки бу турнир давомида франциялик мутахассис мутлоқ ғолиб бўлиб кетмоқда. Факт шуки, уни ҳеч ким Европа чемпионлар лигасида енга олмади. Плей-оффларда у барчага дарс берди.
Зидан алоҳида бир тактик ёндошувга эга эмас, деб уни маломат қилувчилар ҳам ҳозир вазиятни тўғри тушуниб турибдилар. Мураббий аслида футболдан қандайдир схема улашиш ва алламбало янгилик олиб киришга қарздор эмас. Унга юклатилган битта вазифа бўлади – жамоасига ғалаба олиб келиш. Бўлди!
Зидан “Реал”дек шаклланган клубда шу нуқтани топа билди ва уч йил давомида шу бор нарсани кучайтира, шакллантира олди. Унга Гвардиоланинг эндигина футболга кириб келгандаги шартларини қўйиш нотўғрики, каталониялик мутахассис ёш йигитлар билан янгича йўналиш тақдим этиб, дунёни лол қолдириши мумкин эди. Зидан эса, футболчилари етук, шартномаси еттита ноллик юлдузлар ичига кириб келиб, мураббийлик фаолиятини бошлади. Бу ерда бошқача ҳолат. У мана шу юлдузларни бир жойга жамлай билиши ва уларга хос бўлган ўйин йўналиши бўйича ҳаракат қилиши керак. Бўлди. Зидан ана шу масалада маэстро бўлиб чиқди.
Ҳожибой Тожибоев Зиданни “ўзбек” деганди. У ростан ҳам ўзбекларнинг “Аввалинг хор бўлса бўлсин, охиринг хор бўлмасин!”, деган машҳур нақлини билади, шекилли?! Охирини чиройли тугатишни истаган инсон ўша охирги нуқтада турганини-да ҳис қилади. Зиданда “иш охирлари”да турганини англаб етгувчи фаросат борлиги маълум бўлди. Ҳаётининг бошқа масалаларида ҳам шундай хотима тилаб қоламиз.
Зизу, ҳаммаси учун раҳмат! Сен барчага қайтишдан-да муҳимроқ жиҳатни – “қайтиш наф бермайдиган нуқтада кета олиш” санъатини ижро этиб бердинг! Бунисини сендан бошқаси чиройли бажара олмасди!
Хайрулла Ҳамидов