КХШТ бош котиби Арманистон қамоқхонасидан озод этилди
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби генерал-полковник Юрий Хачатуров Арманистон пойтахтидаги қамоқхонадан озод этилди ва Москвага борган. Бу ҳақда Форс ахборот агентлиги маълум қилди.
Хачатуров Арманистон Жиноят кодексининг 300-моддаси («Конституцион тузумни бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктирган ҳолда ағдариб ташлаш») 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда. Махсус тергов хизмати Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котибига нисбатан қамоққа олиш кўринишидаги эҳтиёт чорасини танлаш бўйича судга мурожаат қилганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
26 июль куни Хачатуров 2008 йил 1-2 мартида Ереван шаҳрида содир бўлган ҳамда ўн кишининг ҳалок бўлишига олиб келган оммавий тартибсизликлар бўйича иш доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган. Шу куни Махсус тергов хизмати 1998-2008 йилларда Арманистонни бошқарган собиқ президент Роберт Кочарянни ҳибсга олиш талаби билан судга мурожаат қилди.
2008 йил март ойи бошида Кочарян мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бу 2008 йилги сайловларда иштирок этган, аммо мағлуб бўлган Арманистоннинг биринчи президенти Левон Тер-Петросяннинг кўчаларга чиққан тарафдорларини тарқатиб юбориш мақсадида қилинган.
Тер-Петросян ва унинг тарафдорлари овозларни қайта санаш талабини қўйганлар. Митинглар расмийлар томонидан бостирилган оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Ҳалок бўлганлар орасида ҳам мухолифат тарафдорлари, ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари бор эди.