Европа инвестиция банки Ўзбекистонга 200 млн евролик кредит тақдим этади
Европа инвеститция банки томонидан ажратилган маблағлар билан сувдан фойдаланиш инфратузилмаси ва энергия самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Кун.уз сайтига кўра, биринчи 100 миллион евролик кредит сув ва оқава сув лойиҳаларини молиялашга мўлжалланган бўлиб, у Европа Иттифоқи раҳнамолигидаги Иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатлар ва Атроф-муҳит дастури доирасида амалга оширилади. Лойиҳалар Ўзбекистонга кўп жиҳатдан ташқи сув захираларига боғлиқлик ва жойларда ичимлик суви захиралари етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўмак беради. Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган сувнинг яқин 80 фоизи қўшни мамлакатлардан келади.
Иккинчи 100 миллион евролик қарз кредит линияси сифатида режаланган бўлиб, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта ҳажмдаги корхоналар, ўрта ҳамда хусусий сектор компанияларида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган инвестицияларни ўзлаштиришда кўмак беради. ЕИБ маблағи ҳукуматнинг мамлакатда энергия истеъмоли даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга камайтириш режасини амалга оширишга ёрдам беради ва бу борада саноат секторида жуда кўп ўзгаришлар қилиш имконияти мавжуд.