Жамол Қошиқчининг ўлими ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди
(last modified Tue, 23 Oct 2018 06:00:53 GMT )
октябр 23, 2018 11:00 Asia/Tashkent
  • Жамол Қошиқчининг ўлими ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди
    Жамол Қошиқчининг ўлими ҳақидаги тафсилотлар эълон қилинди

Туркияга юборилган 15 киши Жамол Қошиқчини Саудияга қайтишга кўндириши лозим бўлган

Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ҳалок бўлган журналист Жамол Қошиқчини агентлар ваҳима кўтарилган вақтда тасодифан бўғиб ўлдириб қўйган. Бу ҳақда Саудия Арабистони ҳукуматидаги юқори мартабали манбага асосланиб, Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, даставвал журналистни ўлдириш режаси бўлмаган. Подшоҳлик расмийлари томонидан Туркияга юборилган 15 киши Қошиқчини Саудияга қайтишга кўндириши лозим бўлган. Учрашув вақтида улар журналистга таҳдид қилишни бошлашган, уни наркотиклар билан маст қилиб, ўғирлаб кетишларини айтишган. Журналист қаршилик кўрсата бошлаган, хонадан қочиб, ёрдам чақира бошлаган, бунинг натижасида агентлар ваҳимага тушиб қолган. Улар бор-йўғи Қошиқчининг оғзини ёпиб қўйишга ҳаракат қилишган, бироқ қалтисроқ ҳаракат қилиб, уни ўлдириб қўйишган.

Хатони яшириш мақсадида қотиллар мурдани гиламга ўриб, консуллик автомобилида дипломатик миссиядан ташқарига олиб чиқиб кетишган ва асли истанбуллик «маҳаллий ҳамкор»га топширишган. Жиноят иштирокчиларидан бири видеокузатув камералари журналист гўёки бинони тарк этаётганини ёзиб олиши учун Қошиқчининг либосларида ташқарига чиққан.

Қошиқчи Американинг The Washington Post газетасида шарҳловчи сифатида ишлар ва 2017 йилдан бери АҚШда яшаб келаётган эди. У 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига кириб кетганидан сўнг, бедарак йўқолган эди.

Кейинги икки ҳафта давомида Саудиянинг Туркиядаги дипломатик миссиялари раҳбарлари журналист идорани тарк этганини таъкидлаб келди. Шанбага ўтар кечаси эса Саудия Арабистони давлат ОАВлари мамлакат бош прокурори ахборотини эълон қилди, унга кўра, дастлабки маълумотлар бўйича Қошиқчи ўлган, унинг ўлимига эса консуллик ходимлари билан юзага келган келишмовчилик сабаб бўлган.

Ушбу иш бўйича ҳозиргача камида 18 киши қўлга олинган. Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр ушбу қотиллик юзасидан изоҳ бераркан, жиноятчилар ўз «ваколатларини суиистеъмол қилганликлари»ни таъкидлаб ўтган. Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бир Абдул Азиз ас-Сауд ва валиаҳд-шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ҳалок бўлган журналистнинг оила аъзоларига телефон орқали ҳамдардлик билдирган.

Ёрлиқ