Ғофур Раҳимов AIBA президенти бӯлди
(last modified Sun, 04 Nov 2018 06:12:56 GMT )
ноябр 04, 2018 11:12 Asia/Tashkent
  • Ғофур Раҳимов AIBA президенти бӯлди

Россия пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциациясининг 2018 йилги Конгресси ўз ишини якунлади. Кеча  Radisson Royal меҳмонхонаси қошидаги Congress Park`да AIBA`нинг 11 та раҳбар лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди.

Анжуманни ёритиб бораётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 137 нафар делегат иштирок этган овоз бериш жараёни натижаларига асосан шу йилнинг январидан буён ташкилот президенти вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келган ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов президент этиб сайланди. У Осиё Бокс Конфедерацияси президенти қозоғистонлик Серик Қўнақбаев билан рақобатда устун келди.

Сайловда Раҳимов 86 та, Қўнақбаев 48 та овоз йиғди, яна 3 та бюллетен тўлдирилмаган ҳолда қайтарилди.

67 ёшли Раҳимов бугундан ўз лавозимига киришади ва кейинги 4 йил давомида жаҳон ҳаваскор боксига раҳбарлик қилади.

Эслатиб ўтамиз, Конгресснинг биринчи иш кунидаги энг асосий янгилик – ташкилот низомига киритилган ўзгартириш бўлган эди. Унга кўра, эндиликда ташкилот президенти зарур ҳолларда ўз лавозимидан маълум вақтга танаффус олиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Низомга ушбу тузатиш AIBA ва Халқаро Олимпия Қўмитаси ўртасидаги зиддиятни юмшатиш чораси сифатида киритилди. ХОҚ бунга қадар «Магнитский рўйхати»га киритилган Ғофур Раҳимов AIBA президенти этиб сайланган тақдирда боксни олимпия спорт турлари таснифидан чиқариш, AIBA`ни профессионал ассоциация сифатида тан олмаслик чораларини қўллаш билан таҳдид қилиб келади.

Маълумот учун, Ғофур Аҳмедович Раҳимов 1951 йилда Тошкентда туғилган. Ленинград муҳандислик-иқтисодиёт институтини муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги билан битирган. 

Раҳимов меҳнат фаолиятини 1975 йилда ЎзССР Савдо вазирлиги координатори вазифасида ишлаш билан параллел равишда «Динамо» МСК да  бокс мураббийи сифатида бошлаган.

1993 йилдан Осиё ва Европада кўчмас мулк, телекоммуникациялар, нефть ва табиий газ қазиб олиш ва қайта ишлаш, кончилик ва хомашё савдоси билан шуғулланувчи қатор хусусий компанияларга асос солган, ҳозирда уларнинг акционери ҳисобланади.

Маҳаллий ва халқаро спортдаги раҳбарлик карьераси:

1993 – 2012 Ўзбекистон бокс федерацияси вице-президенти

1995 – 1998 AIBA Бизнес комиссияси раиси

1998 – ҳозиргача AIBA Ижроия Қўмитаси аъзоси

1999 – 2011 Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти

2001 – 2012 Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти

2002 – 2010 AIBA вице-президенти

2007 – 2008 Осиё Бокс Федерацияси президенти

2010 – 2014 Осиё Бокс Конфедерацияси президенти.

2011 – ҳозиргача Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти

2003 – 2018 AIBA вице-президенти

2018 – ҳозиргача AIBA президенти вазифасини бажарувчи