«Биз иккинчи даражали одамлар эмасмиз» (видео)
(last modified Tue, 18 Dec 2018 08:05:35 GMT )
декабр 18, 2018 13:05 Asia/Tashkent

«Сариқ жилетлилар» сўзлаганда

Совуқдан қўлларингизни чўнтакка жойлаб, иссиқдан кондиционер тагида ўтириб сақланаётганингизда, улар фарзанди тенги талабалар, набираси тенги ўқувчилар ташлаган чиқиндилар билан тўлган кўчаларни тозалаётган бўлишади. Атайин кузатдим, чорраҳада тўхтаган бир автобусдан йигирма уч киши тушди. Уларнинг аксари чиптани ерга ташлади. Бекат энди икки соатгина олдин тозаланган бекатга ўхшамасди. Биз ана шу меҳнати қадрланмаётган «сариқ жилетлилар» дардига қулоқ тутдик.

Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг кўпчилиги ўзларини камерадан олиб қочишди. Шунга қарамасдан арзимаган маошга фалон сўмдан харажат қилиб шаҳар ташқарисидан қатнаб ишлайдиган ишчилар орасида дардини айта олганлар топилди.

Шу каби оғир шароитларга чидаб ишлаётган ободонлаштириш ходимларини одамларнинг уларга нисбатан муносабати кўпроқ ранжитмоқда. Улар тунда ариқлар ва йўл четларига ташланган чиқиндилар учун уларни ишламаётганликда айблашларидан, тамаддихонага киритмасликларидан, жамоат транспортларига чиқармасликларидан шикоят қилишди.

«Бизни бироз бўлсада ҳурмат қилишларини хоҳлаймиз», «Ҳаммаёқни супуриб, тозалаб кетсак, орқамиздан чиқинди чиқариб қўйишади», «Автобус ҳайдовчилари бизни ҳатто пулимизга олиб кетишмайди. Биз иккинчи даражали одамлар эмасмизку? Айбимиз кўча тозаловчи бўлганимизми?», дейишди улар. 

«Чиқиндини кўчага ташлама, меҳнатимизнинг қадри йўқми? Бизнинг ҳурматимиз йўқми? Ахир, онанг тенгимиз», десам, «Хола, ойлигингизни оляпсизку», деб жавоб қайтарди. Қайтиб одамларга гапирмадим», - дейди улардан бири.

Аслида ОАВда аҳолига чиқиндини дуч келган жойга ташламаслик, атроф-муҳитни ифлослантирмаслик, каттани ҳурмат қилиш кераклиги ҳақида насиҳат қилиниши уят. Чунки, бу оддий инсон қилиши лозим бўлган оддий ишлардир.