Путин Горбачёвнинг ракеталар бўйича қарорини тушунмади. Горбачёв унга жавоб қайтарди
-
Путин Горбачёвнинг ракеталар бўйича қарорини тушунмади. Горбачёв унга жавоб қайтарди
СССР ва АҚШ ўртасида Ўрта ва кичик масофадаги ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши совет иттифоқи учун бир томонлама қуролсизланиш бўлган.
Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин РФ Мудофаа вазирлиги коллегияси йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради ТАСС. Битим совет иттифоқи коммунистик партияси марказий қўмитаси бош котиби Михаил Горбачёв ва АҚШ президенти Рональд Рейган томонидан 1987 йилда имзоланган.
«Нима учун СССР раҳбарияти бир томонлама қуролсизланишга рози бўлган, буни ҳеч ким билмайди, лекин бу юз берган», - деди Путин.
Унинг эслатишича, совет иттифоқида ўшанда фақат ерда жойлаштирилувчи ўрта ва кичик масофадаги ракеталар бўлган, АҚШ эса бундай ракеталарнинг денгиз ҳамда ҳаво версияларига эга эди. СССР қуролсизланаётган бир пайтда, Қўшма Штатлар битим доирасига кирмайдиган тизимларни ривожлантиришда давом этди, дея таъкидлаб ўтган Россия етакчиси.
Ўша йиғилишда Путин АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан октябрь ойида эълон қилинган - АҚШнинг ракета битимидан эҳтимолий чиқиши оқибатлари ҳақида гапирди. Россия президенти фикрича, Вашингтоннинг бундай қадами бутун хавфсизлик архитектураси қулашига олиб келиши мумкин. Шунингдек, у бошқа мамлакатлар битимга қўшилишини истисно этмади.
СССР собиқ президенти Михаил Горбачёв РИА Новости билан суҳбатда Путиннинг совет иттифоқи битим доирасида бир томонлама қуролсизланишга боргани ҳақидаги сўзларини рад этди.
Горбачёвнинг айтишича, давлат раҳбарига нотўғри маълумот етказишган бўлиши мумкин. «Ҳеч қандай бир томонлама қуролсизланиш бўлмаган. Ўрта ва кичик масофадаги ракеталар тўғрисидаги битимга кўра, юзлаб ракеталар йўқ қилинди - ҳам совет иттифоқининг, ҳам Американинг», - дея эслатган у.
Путиннинг битим денгиз ва ҳаводаги ракеталарни йўқ қилишни назарда тутмаслиги ҳақидаги сўзларига, Горбачёв бундай қурол Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги битимда назарда тутилганини айтди. Шунингдек, сиёсатчининг қайд этишича, қуролсизланиш бўйича барча қарорлар СССР олий ҳарбий раҳбарияти томонидан ўта жиддий ёндашув билан ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Горбачёв жаҳондаги қарама-қаршиликнинг янги босқичини тахмин қилганди.
У 1991 йилда Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш ва чеклаш тўғрисида битим имзолангани муҳим қадамга айланганини билдирди. Горбачёв таъкидлашича, Қўшма Штатларнинг ушбу битимдан эҳтимолий чиқиб кетиши янги қуролланиш пойгасига олиб келади.