Россия федерал хавфсизлик идорасига ҳужум қилган шахс кимлиги аниқланди
Россия давлат масъуллари Москвадаги Россия федерал хавфсизлик идораси биносига ҳужум қилган эркак шахсини аниқанганини маълум этдилар.
Дарё сайтининг Медузага таяниб хабар қилишича, Ушбу ҳужумни 39 ёшли Евгений Манюров уюштирган. У Россия давлат адлия университетида ўқиган. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос бўлган.
У 19 декабрь куни уйдан чиқиб кетаётганида онасига «ўқ отиш бўйича мусобақа»га кетаётганини айтган. Онасининг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Евгений телефон орқали тез-тез «қандайдир араблар билан инглизча гаплашиб турган». У БАА элчихонасида қоровул бўлиб ишлаган.
Ҳужум чоғида юз берган отишма оқибатида ФХХ ходимларидан бири ҳалок болди, яна беш киши яраланди. Улардан икки нафарининг жароҳати оғир эканлиги айтилмоқда. Жабрланувчилардан бири маҳаллий аҳоли вакили, унинг жароҳати унчалик оғир эмас.
Евгений ўқ отиш билан профессионал даражада шуғулланган. Тинтув пайтида унинг уйидан турли ўқотар қуроллар топилган. Қуролларнинг ҳужжати ҳам бўлган.
Қайд этилишича, ушбу ҳужумга теракт сифатида баҳо берилмайди. Россия тергов қўмитаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимининг ҳаётига тажовуз қилиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.