Озарбайжон ва Арманистоннинг қуролланишга доир саъй-ҳаракатлари
(last modified Tue, 27 Sep 2016 07:00:52 GMT )
сентябр 27, 2016 12:00 Asia/Tashkent

Озарбайжон ва Арманистоннинг қуролланишга доир саъй-ҳаракатлари

     Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан. 

     Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.

     Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини эътиборингизга ҳавола этаман.  

      Бугунги  суҳбатимиз "Озарбайжон ва Арманистоннинг қуролланишга доир саъй-ҳаракатлари" мавзуига бағишланади.     

     Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.

       Озарбайжон ва Арманистон республикасининг ҳарбий воситаларни харид қилишларининг янада ортиши боис, бир бирига хусуматли бўлган иккала мамлакат ҳам хатарли босқичга қадам қўйишди. Виртуалоз интернет сайтинининг шу ҳақда тарқатган хабарига кўра, Озарбайжон республикаси президенти Илҳом Алиевнинг Арманистоннинг Искандар- АМ русумли ракета системасига қарши тегишли чора-тадбирларни кўриш бўйича Фармон чиқаргани ҳақида хабар берди. Ушбу интернет тармоғи ўз хабарида шундай қўшимча қилиб ўтганки, 21 сентябр куни Ереванда Арманистон қуролли кучлари томонидан ўтказилган парадда Искандар АМ тактик амалиёт ракета тизимини намойиш қилиши ортидан Озарбайжон респбликасининг мудофаа вазирлигининг маслаҳатлашув йиғилиши ўтказилган. Озарбайжон мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган қисқа хабарда қайд этилишича, Озарбайжон республикаси президенти ва ушбу мамлакат қуролли кучларининг олий бош қўмондони Илҳом Алиев Мудофаа вазирлигининг консультатив йиғилишида иштирок этганларга минтақада юзага келган ҳарбий-сиёсий вазиятни таҳлил этиш бўйича топшириқ берган.

        Шубҳасизки, Илҳом Алиев томонидан дипломатик тарзда айтилган, минтақада вужудга келган ҳарбий-сиёсий вазиятни таҳлил этиш ибораси, Россиянинг Арманистонга Искандар АМ ракетасини тақдим этиши ёки бундан уч йил олдин Арманистонга етказиб берилган ракеталарнинг намойиш этилиши ва эндиликда Арманистоннинг қурол-аслаҳа омборларидаги захираларининг бир қисми сифатида намойиш этилишига боғлиқдир. Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг ушбу вазиятнинг ҳарбий-сиёсий эканлигини таъкидлаши, ушбу ракеталарнинг Арманистонга тақдим этилиши ортидан келиб чиқмоқдаки, ушбу масала фақат ҳарбий мавзу эмас балки, бу минтақада янги сиёсий вазиятни юзага келтиради. Шунинг учун Озарбайжон Арманистоннинг ушбу йўналишдаги ҳаракатларига чек қўйишни кўзламоқда. Ушбу мавзунинг диққатни жалб этадиган томони шундаки, Россия Арманистонда ўзининг ҳарбий базасини жойлаштирган, лекин шу билан бир пайтда Озарбайжон республикасига ҳам қурол-аслаҳа сотади. Экспертларнинг фикрича, Баку ва Ереван давлатининг тепасида турган сиёсатчилар Тоғли Қорабоғ можароси баҳонаси билан мисли кўрилмаган қуролланиш пойгасига киришган. Шу нарса аниқки, икки давлатнинг охири кўринмайдиган рақиблиги охир оқибат икки юрт халқларининг бошига бало келтиради ва икки хусуматли мамлакат ўртасидаги нотинч вазият олдингидан кўра янада шиддатли тус олади.

        Шу боисдан, халқаро таҳлилчилар Озарбайжон ва Арманистон республикалари ўртасида янада кучайиб бораётган қуролланиш пойгаси бўйича жорий вазият давом этгудек бўлса, бу ҳолат минтақа халқлари учун хатарли ва таҳдидли бўлади деб ҳисоблашмоқда. Дарҳақиқат, ҳозирги вазият давом этаверса, икки қўшни ва хусуматли мамлакат ўртасида жанг яна қайтадан бошланиши мумкин. Шуни ҳам айтиш жоизки, ўтган чоршанба куни Арманистон мустақиллиги кунида ушбу мамлакат армияси ўзининг янги баллистик ракеталарини ҳарбий парад маросимида намойиш этди. Ушбу Искандар АМ номли ракета Росссияда ишлаб чиқарилган бўлиб 300 километрдан ҳам узоқроқ масофадаги нишонни ура оладиган имкониятларга эгадир. Ушбу янги ракетани намойиш этилиши, Арманистон ва Озарбайжон республикалари ўртасида тоғли Қорабоғ можароси юзасидан келиб чиққан кескинликнинг янада шиддатли тус олган пайтига тўғри келмоқда. Арманистоннинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари ортидан, Озарбайжон республикаси президенти ҳам ўз Фармонида Озарбайжон ҳарбийларига бу хусусда муносиб чоралар кўрилишини таъкидлади.

      Ушбу номуносиб ва хатарли вазият ҳақида бундан бир қанча вақт олдин минтақадаги мустақил сиёсий доиралар башорат қилишган эди. Хусусан, 1994 йилнинг 12 май кунида Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Минск гуруҳи воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон республикалари ўртасида ўқ отишни тўхтатиш бўйича келишувнинг имзоланишидан кўп ўтмай, ушбу битим доимо бузиб келинмоқда. Ўтган йигирма йил давомида икки мамлакатнинг чегара ҳудудларида юзага келган ҳарбий тўқнашувлар ортидан иккала хусуматли томон ҳам катта талофатларни бошдан ўтказишди. Бундан икки йил олдин Озарбайжон республикаси ушбу жорий вазиятнинг давом этишидан сабри тугагани ва Қорабоғ ҳудуди бўйича можарони охирига етказиш кераклигини эълон қилган эди. Аммо Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги ер можароси ҳал бўлмади ва шу йилнинг апрел ойида икки юрт яна кенг кўламли низони бошлашди. Икки давлат ўртасида келиб чиққан тўқнашувнинг дастлабки 48 соатида Озарбайжон ҳарбийлари ишғол этилган бир қишлоқни қайтриб олишга муваффақ бўлишди. Ушбу қишлоқнинг қайтариб олиниши, Арманистон томонига муҳим сигнал бўлдики, агар уруш давом этадиган бўлса Озарбайжон томони янада кўпроқ ерларни Арманистон ишғолидан озод этиши мумкин.

     Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.