август 13, 2021 12:06 Asia/Tashkent
  • АҚШ, Британия ва Канада Афғонистонга минглаб аскар жўнатмоқда

АҚШ, Канада ва Британия ҳукуматлари Афғонистонга ўз элчихоналарини ҳимоялаш учун қўшимча кучлар жўнатмоқда.

Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг таъкидлашича, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ходимларини хавфсиз эвакуация қилиш учун Афғонистонга яқин 48 соат ичида 3 та батальон, яъни 3 мингга яқин ҳарбий жўнатилади. Унинг таъкидлашича, ҳарбийлар Афғонистонда вақтинчалик асосда жойлаштирилади. Америкалик фуқароларни Афғонистондан олиб чиқиш 31 августгача якунланади. Пентагон вакили ушбу санадан кейин Афғонистонда қанча ҳарбий қолиши ҳақидаги саволга жавоб бермаган.

Шунингдек, Канада ўз элчихонаси ходимларини эвакуация қилиш вақтида ва у ёпилгунгача хавфсизликни таъминлаш учун Кобулга махсус кучлар бўлинмасини жўнатади. Бироқ Афғонистонга юбориладиган канадалик ҳарбийлар сонига аниқлик киритилмаган.

Бундан ташқари, Лондон ҳам шу мақсадда Афғонистонга 600 га яқин ҳарбий жўнатади. 

АҚШ давлат департаментининг маълум қилишича, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан суҳбатда Вашингтон Афғонистон ҳукуматига кўмак кўрсатишни давом эттиришига ваъда берган.

Блинкен АҚШ афғон ихтилофининг сиёсий йўл билан ҳал қилинишини қўллаб-қувватлашини айтган.

Бу орада Покистон бош вазири Имрон Хоннинг маълум қилишича, “Толибон” ҳаракати Ашраф Ғани ҳокимиятдан кетмагунча, Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб бормайди.

“Уларнинг шарти шундай: Афғонистон президенти лавозимини Ашраф Ғани эгаллаб турган лавозимида қолар экан, биз афғон ҳукумати билан мулоқот олиб бормаймиз”, деб келтирган “Толибон” етакчилари сўзларини Хон.

Покистон бош вазирининг таъкидлашича, айни вақтда ихтилофни сиёсий йўл билан ҳал қилиш ўта мураккаб.

ОАВ маълумотларига кўра, “Толибон” ўз юришини давом эттирмоқда. 12 августда толиблар Афғонистоннинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри – Қандаҳорни эгаллаб олгани маълум қилинган.

Жаҳон ОАВлари шулар ҳақида ёзяпти, аммо улкан қудратлар бу бахтсиз мамлакат бошига яна нима балолар келтирмоқчи, буни вақт кӯрсатади.

Ёрлиқ