Кремл НАТОни Украинага қўшин юборишдан огоҳлантирмоқда
Кремл матбуот котиби чоршанба куни НАТОнинг Украинага тинчликпарвар кучларини юбориш ҳақидаги қарори “жуда шошқалоқлик” ва “ўта хавфли” бўлишини айтди.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ҳарбийлари ва НАТО ўртасидаги ҳар қандай мумкин бўлган тўқнашув тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Беларуснинг Украинадаги ҳарбий амалиётга қўшилиши ҳақида Песков, Беларус президенти Александр Лукашенко бундай режа йўқлигини тушунтирганини айтди.
У яна бу можарога Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кучларининг аралашуви эҳтимолини истисно қилди ва шундай деди: Бундай масалалар муҳокама қилинмаган.
Песков, шунингдек, Россия кучлари томонидан тинч аҳолини нишонга олгани ҳақидаги даъволарни “ёлғон” деб атади.
Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов чоршанба куни Украинадаги Ғарб сиёсатини ҳам танқид қилиб, Украинага қурол-яроғ юбориш ва ёлланма аскарларни юбориш “Европа ва дунё хавфсизлигига бевосита таҳдид соладиган жуда хавфли сиёсат” эканини айтди.