Арманистон Тоғли Қорабоғда яшовчи арманларнинг эвакуация қилинишига қарши
Арманистон бош вазири Тоғли Қорабоғда яшовчи арманларнинг эвакуация қилинишини хавфли деб баҳолади.
2022 йил декабрь ойида Озарбайжон Республикаси Арманистон-Тоғли Қорабоғ йўли бўлмиш “Лочин йўлаги” зазоратини қўлга олган. Бу ўтиш жойининг тасарруф этилиши Тоғли Қорабоғдаги 120 минг арманнинг озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон олишини қийинлаштирди. Ереван Бокунинг бу ҳаракатини арманларга қарши “етник тозалаш сиёсатини амалга ошириш” деб баҳолади.
Тоғли Қорабоғдан арманларнинг эвакуация қилиниши ҳақидаги миш-мишлар ортидан, кеча Арманистон бош вазири Никол Пашинян бундай ҳаракатга қарши эканлигини маълум қилди.
Арман матбуот агентлиги хабарига кўра, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян кеча “Тоғли Қорабоғ аҳолисини эвакуация қилиш масаласи кун тартибида эмас”, деди.
Арманистон Бош вазири ҳатто Қорабоғни эвакуация қилиш ҳақидаги мунозарани ҳам хавфли деб атади ва ўз фикрини изоҳлади:Тоғли Қорабоғни тарк этаётган одамлар ҳақида гапириш тоғли Қорабоғ арманларини этник тозалаш ва депортация қилишга рози бўлишни англатади”.
Эслатиб ўтамиз, Пашинян ўзининг сўнгги баёнотларида Озарбайжон Республикаси ҳарбий хизматчилари ва техникасининг чегара ҳудудларида жамланганига ишора қилиб, яна уруш бошланиши мумкинлигини истисно этмаган.