декабр 10, 2016 15:49 Asia/Tashkent

Носир Хусрав асарлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз ҳам  буюк шоир ва адиб  Носир Хусравнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги сўҳбатимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Носир Хисрав шиа мазҳабидаги исмоилия оқимининг фаол тарафдори эди. У Мисрда бўлганида бу ерда давлат мафкураси даражасига кўтарилган исмоилия ғоялари баъзи жиҳатлари билан уни ўзига ром қилади.

Маълумотларга кўра, у фотимийлар тариқатига киради ва исмоилийлар маслагини қабул қилади. Фотимийлар бутун дунёни эгаллашни мақсад қилиб, уни 12 жазира (орол)га бўлган эдилар. Носир Хисрав Хуросон бўйича жазира бошлиғи – Ҳужжат этиб тайинланган. Баъзи тадқиқотчилар Носир Хисрав бундан олдин Ҳиндистонда бўлганда Мўлтон шаҳрида исмоилийлар жамоалари билан илк бор яқинлашгани, унинг ғарбий ўлкаларга сафар қилишдан кўзлаган асосий мақсдаларидан бири ҳам айни шу исмоилия таълимоти билан чуқурроқ танишиш бўлганлиги ҳақида фикрлар билдирганлар.

Носир Хисравнинг сафардан ватанига қайтиб келиши биланоқ, исмоилия таълимотини тарғиб қилиб бошлаган даъватчилик фаолияти сунний мазҳабидаги ҳукмдорларга ёқмади. Шу сабабли шоир қувғин ва таъқибларга учраб, бир қанча муддат Мозандарондек хилват ўлкада яшириниб юради. Бироқ ватанидан жудоликка тоқат қилолмай, тахминан 1060 йилда Бадахшонга келади ва Помир тоғлари орасида Юмғон қишлоғида паноҳ топади. Бу ерда у асосан ижодий иш билан машғул бўлади.

Аммо у исмоилияга бўлган эътиқодидан воз кечмай, Миср ҳукмдорлари билан мактублар ёзишиб туради. Унинг даъватлари натижасида Бадахшонда исмоилийлар жамоаси вужудга келади ва улар асрлар давомида ўз эътиқодларига содиқ бўлиб қоладилар. Носир Хисрав Юмғонда яшаган йиллари йиққан ҳаётий тажрибалари, улкан истеъдоди, қомусий билимларига таяниб, у турли мавзуларда бир неча дурдона асарлар яратишга муваффақ бўлди. Ушбу асарлардаги ўткир фалсафий фикрлар, чуқур донишмандлик, мураббиёна ўгитлар туфайли Шарқ ўлкаларида адиб номига эҳтиром юзасидан «Ҳаким» сўзи қўшиб айтиладиган бўлди.

Носир Хисрав адабий, илмий, фалсафий, ҳикматий асар ва рисолаларини ўша давр анъанасига кўра, дарий ва араб тилларда яратган. Мутафаккирнинг иккита шеърлар девони (бири форсий, иккинчиси араб тилида), «Рўшноинома» ва «Саодатнома» маснавийлари, «Зод ул-мусофирин», «Важҳи дин», «Хон-ул-ихвон», «Бўстон ул-уқул», «Далил ут-мутахаййирин», «Жомеъ ул-ҳикматайн», «Рисола дар жавоби 99 саволи фалсафи», «Кушойиш ва раҳойиш» каби кўплаб шеърий ва насрий асарлари мавжуддир.

Жумладан, «Рўшноинома» ихчам маснавий бўлиб, достон 592 байтдан иборат. Шоир ўзининг фалсафий қарашлари баён этилган йирик насрий асарларидаги баъзи масалаларни «Рўшноинома»да шеърий шаклда мухтасар тарзда баён этган. Асарда, жумладан, «Инсон фитрати», «Инсон шарафи», «Комил инсон сифати», «Мақтовли ва ярамас хулқлар», «Жоҳиллар ва риёкорлар мазаммати», «Ақл таърифида», «Фалак ва юлдузларнинг яратилиши», «Тўрт унсур сифати», «Зохирий ва ботиний сезгилар» ва ҳоказо фасллар мавжуддир. «Ўзликни билиш ҳақида» фаслида мутафаккир шоир шундай хитоб қилади:

      Ўз вужудингни билиб олгин,
      Шундан сўнг мажлислар тўрида ўтиргин.

 

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Носир Хусравнинг  “Саодатнома” асаридан косиблар ҳақидаги  гўзал шеърини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Косибдан шоду хуррам йўқ жаҳонда,

Ҳунардан яхши дур ҳам йўқ жаҳонда.

Бутун кун ризқининг боғбони бўлғай,

Кечин ўз уйининг султони бўлғай.

Не топган бўлса, тортинмай ошайдир,

Яна ишлаб, яна топиб яшайдир.

Қилолмас катталик ҳам унга ҳар ким,

Бировнинг миннатидан холи дойим.

Қўли- ла ризқи рўзин ҳосил этгай,

Аёлу хешу фарзандига етгай.

Ҳалол меҳнат ила топгай баракат,

Ҳаракатдир, фаровондир, ҳаракат.

Кечин  жам хотири, уйқуга кетгай,

Тонг отганда ишига қайта етгай.

Бугун ҳам, эрта ҳам, ўтган куни ҳам,

Худо розидир ундан, рози одам.

Қўли ишдан бўшалмас ҳафтаю ой,

Дўкону дастгоҳи  севгани жой.

Минг арзир бўлса боши осмонда,

Яшолмайди у сиз шоҳ ҳам жаҳонда.

Адибнинг насрий асарлари орасида «Сафарнома» номли нодир китоби алоҳида ажралиб туради. «Сафарнома» Носир Хисравнинг ғарбий ўлкаларга саёҳат қилган етти йиллик (1045-1052) даврда кўрган- кечирганлари баёнини ўз ичига олади. Асар бизгача жуда кам қўлёзма нусхаларда сақланиб қолган. Улардан энг қадимийси милодий 1691 йилда, яъни муаллиф вафотидан 600 йилдан кўпроқ вақт ўтгач кўчирилган. «Сафарнома»да муаллифнинг таржимаи ҳолига оид кўпгина маълумотлар мавжуд.

Атоқли форс-тожик шоири Носир Хисравдан (1004-1088) авлодларга мерос бўлиб қолган кўплаб қимматли назмий ва насрий асарлар орасида “Сафарнома” асари алоҳида ажралиб туради. Шоир ушбу насрий китобида ўзининг ғарбий ўлкаларга қилган ва етти йил (1045-1052) давом этган ажойиб ва ғаройиб саёҳати хотираларини тасвирлаган. Носир Хисрав ўзи саёҳат қилиб ўтган Эрон, Арманистон,
Озарбайжон, Сурия, Мисир, Арабистон, Ироқ дарёларидаги Табриз, Қоҳира, Қуддус, Макка, Лаҳсо, Яман, Басра, Исфаҳон ва бошқа бир қатор шаҳар ва вилоятларнинг ўша даврдаги манзараларини жонли ва қизиқарли тарзда китобхон кўз ўнгида гавдалантиради.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.