декабр 22, 2016 11:21 Asia/Tashkent

Такфирчи ваҳҳобийлар

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Такфирий жараёнлар ёхуд  бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Cалафийлик турларидан бири “такфирчи салафийлик” бўлиб, “такфирчи салафийлик” деган ном салафийлар орасидаги шундай бир гуруҳга айтиладики, улар ўзларига қарши бўлганларни “кофир” ва “мушрик” деб аташади. Такфирчи салафийликнинг асосий турини “ваҳҳобийлик” ташкил этади. Тарихда ёзиб қолдирилган маълумотларга кўра, ваҳҳобийларнинг барча урушлари мусулмонларга қарши бўлган. Ваҳҳобийлар қаҳр ва ғалаба билан босиб олган ҳар бир шаҳарни вайронага айлантириб, у ерда яшовчи халқнинг қонини тўкишни мубоҳ, яъни жоиз ва мумкин деб ҳисоблашган.

Ваҳҳобий ёзувчиларидан бири бўлмиш Салоҳиддин Мухтор ўзининг “Саудия Арабистони мамлакатининг тарихи” номли китобининг учинчи жилди, 73-бетида шундай ёзади:

Ҳижрий қамарий 1216–йилда Амир Сауд Нажд аҳолиси, Ҳижознинг жанубий қабилалари, Таҳома ва бошқа жойлардан келган кўплаб кишилардан ташкил этилган қўшин билан Ироқни босиб олиш учун йўлга тушади. У зилқаъда ойида Карбало шаҳрига етиб келади ва уни қуршаб олади. Унинг лашкарлари шаҳарнинг қалъа ва истеҳкомларини бузиб, шаҳарга киришади ҳамда бозорда, кўчада ва уйларида бўлган одамларни қатл этишади. Тушлик вақтида кўплаб ғанимат ва ўлжалар билан шаҳардан чиқиб кетишади.

Ваҳҳобийлар нафақат имом Ҳусейн (а) қабрларини зиёрат қилиш учун келган шиа зиёратчиларининг бошларини кесишади, балки Нажд, Ҳижоз ва Суриянинг аҳли суннат бўлган аксарият аҳолисини ҳам фожиали тарзда қатл этишади.

Такфирчи ваҳҳобийлик фақат ўтмишга тааллуқли эмас, балки бугунги кунда ҳам ҳозирги ваҳҳобийлик ақийдасига кўра, шиа ва аҳли суннат мусулмонлари кофир саналадилар.

Такфирчи ваҳҳобийлар 2003-йилда Ироқ Америка томонидан ишғол этилгач, мазкур мамлакатни тўрт гуруҳнинг қўлида деб ҳисоблашарди: Биринчиси салибийлар, яъни Америка ва Ғарбнинг ҳарбий кучлари; иккинчиси рофизийлар, яъни Ироқнинг кўпчилигини ташкил этган шиа мусулмонлари; учинчиси, сафавийлар ёки эронлик шиалар ва тўртинчиси эса муртадлар, яъни Ироқнинг шиа ҳукумати билан ҳамкорлик қилувчи Ироқдаги Аҳли суннат мусулмонлари.

Такфирчи ваҳҳобийлар мазкур тўрт гуруҳга қарши жиҳод қилишга фатво бериб, ушбу йўлда ўлдириш ва ўлишни ўзлари учун бахт-саодат боиси деб ҳисоблайдилар. Такфирчилар учун босқинчи америкаликлар билан шиа ва аҳли суннат мусулмонлари фарқ қилмайди ва буларнинг барчасини ўлишга лойиқ деб ҳисоблашади. Ваҳҳобийлар, шиа ва бошқа мазҳабдаги мусулмонларни кофир ҳисоблаш фатволарини ҳам беришган. Мисол тариқасида, ваҳҳобий уламолардан бири Абдураҳмон Носир Бурок шиа ва сўфиликка мойил бўлган аҳли суннатни кофир ва мушрик деб ҳисоблайди. Шиаларни қатл этиш ва уларнинг имомлари қабрларини бузиш учун ваҳҳобий уламолар томонидан берилган фатволар Сомиро шаҳридаги шиаларнинг икки имомларининг мақбаралари бузиб ташланишига сабаб бўлди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  бир   соатлик  оқшомги  дастуримизда   "Такфирий жараёнлар  ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги    сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Ваҳҳобийлардан ташқари, Покистондаги “Диюбандий” салафийлик ғоясига қарашли гуруҳларга ўхшаган бошқа радикал гуруҳлар ҳам такфирчилик эътиқодига эгалар. “Диюбандий” ғоясининг бошқа бўлимларидан бўлган “Сипоҳи Саҳоба”, “Лашкари жангжўй”, “Жайши Муҳаммад” ва “Лашкари таййиба” каби гуруҳлар салафийлик гуруҳларига тааллуқли бўлиб, “Диюбандий” ғоясининг экстремист гуруҳларидан ҳисобланишади. Бу гуруҳларнинг барчаси шиаларни расман “кофир” деб эълон қилиб, уларга қарши оғир жиноятларни содир этишмоқда.

Такфирчи оқимнинг иккинчи жараёни “жиҳодчи салафийлик”дир. Жиҳодчи салафийлик бобидаги назариялар илдизини Миср мутафаккирларининг билдирган назарларида кузатиш мумкин. Салафийликнинг бу турини аввал Саййид Қутб ақийдаларида излаш лозим. У Мисрдаги “Ихвонул-муслимин”нинг инқилобчи тармоғи раҳбари эди. Саййид Қутб бугунги дунёда мавжуд фисқ ва фасодларни мисол келтириб, ҳозирги дунёни “жоҳиллик жамияти” сифатида таништиради. У покистонлик мутафаккир Абулаъло Мавдудий тафаккурининг таъсири остида қолган эди ва нафақат исломий бўлмаган мамлакатларни, балки исломий мамлакатларни ҳам ислом қонунларини ижро этмаётганликлари боис, “жоҳиллик жамияти” деб атаган. Саййид Қутб бу борада айтади:

“Исломий бўлмаган ҳар бир жамият жоҳилликдир. Агар буни аниқроқ таърифлайдиган бўлсак, шуни айтишимиз лозимки, “жоҳиллик жамияти” шундай бир жамиятки, унинг иймон, ақида ва қонунларида Аллоҳдан ўзга бошқа нарсаларга сиғиналади. Ушбу таърифга мувофиқ ҳозирда мавжуд бўлган барча жамиятлар жоҳиллик ҳудудида қарор топишган.”

Саййид Қутбга кўра, 20-асрдаги жоҳиллик инсоният тарихида Ер юзидаги энг оғир жоҳиллик ҳисобланади.

Унинг фикрича, Пайғамбаримиз (а)нинг душманларга барҳам бериш учун қилган саъй-ҳаракатлари ҳозирги асрда мавжуд жоҳилликни бартараф этишга сарфланадиган ҳаракатлардан осонроқ эди. У бунинг сабабларини икки тоифадаги душманлардан билади ва мўминлардан унга қарши курашларини сўрайди.

У бу икки тоифадаги душманларни ташқи ва ички душманларга бўлади. Унга кўра, ташқи душман ғарб маданияти бўлиб, ички душман эса Ислом оламидаги исломий бўлмаган ҳукмдорлардир.

Жиҳодчи салафийлик тафаккурига таъсир ўтказган Мисрдаги бошқа гуруҳлардан яна бири “Миср исломий жамоати”дир. Ушбу гуруҳнинг жиҳод манифестини Абдусалом Фараҳ исмли шахс ёзган. У милодий 1979-йилда “Алфаризатул-ғойиба” номли китобида жиҳодни унутилган фарз унвонида кўтариб чиқади ҳамда жиҳод гуруҳи ва “Миср исломий жамоати” ўртасида бирлашув яратади. Бунинг натижасида Мисрнинг учинчи президенти Анвар Содот террор қилинади. Бироқ Саййид Қутб ва Абдусалом Фараҳнинг қарашларида мазҳаблараро ихтилоф ва жанжаллар мавжуд эмасди ҳамда ўша пайт кўпчилик халқ ва уламолар турли ақийдаларга эга бўлганликлари сабаб, бу иккала шахс ҳужумга учрамасди ёки қатл этилмасди.

Қадрли  тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ