Форсий қанд ҳаловати
Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз машҳур шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг ҳаёти ва ижоди борасида бўлади. Бизни тинглаб боринг.
Айрим миллий маънавиятларнинг теран томирлари ҳам замоний, ҳам маконий жиҳатларига кўра улуғ уммонлардан баҳра олганлиги шубҳадан холидир. Тарихнинг долғали даврларини бошдан кечирган айрим юртлар ўғлонлари турли замонларда жаҳоннинг турли ўлкаларида умр кечириб, нафақат ўз миллий маданияти, балки умумжаҳон маънавий камолотига кўзга кўринарли ҳисса қўшишга муяссар бўлдилар, шу билан бирга, бошқа халқлар миллий маданиятини ҳам бойитдилар. Шундай умуминсоний мавқега эришган улуғ устозлардан бири ҳинд -форсийзабон шеъриятининг чароғон юлдузи Амир Хусрав Деҳлавий бўлиб, бўлғуси шоирнинг отаси Сайфуддин Маҳмуд ХIII аср бошларида Ўрта Осиёга ёпирилган Чингизхон қўшинларининг балосидан ўз элатини сақлаб қолиш мақсадида ватани Шаҳрисабзни тарк этиб, Ҳиндистон сари юзланган эди.
Яминиддин Абулҳасан Хусрав Деҳлавий Ҳинд- Эрон ва Ўрта Осиё маданиятининг машҳур намояндаларидан бири ҳамда кўп қиррали истеъдод эгасидир. У тилчи, адабиётчи ва тарихчи олим, мусиқий ва бадиий асарлар муаллифи. Унинг асарларида ўрта аср Шарқ халқлари турли табақаларининг фикр- ўйлари, орзу -умидлари ва хатти- ҳаракатлари инъикос этилган. Унинг ижоди ҳинд халқининг миллий ифтихори бўлиш билан бирга Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон халқларининг маданият хазинасида ҳам фахрли ва кўркам ўринлардан бирига эга.
Амир Хусравнинг отаси Кеш ( Шаҳрисабз)дан Ҳиндистонга кўчиб бориб қолган муҳожирлардан эди. Онаси эса ҳинд қизи бўлган.
Амир Хусрав ҳаётининг кўп қисми Деҳлида ўтганлиги учун Деҳлавий нисба- лақабини олган. У сарой ҳаётига яқин муҳитга ўсди. Яхши илм олиш шароитига эга бўлди. Отаси 1261 йили мўғулларга қарши жангда ҳалок бўлди. Бу вақтда Хусрав 8 ёшда эди. Буваси Имодулмулк унинг тарбиясига катта аҳамият берди. Хусрав асосан Деҳлида таҳсил кўрди. У жуда ёш чоғидан шеърлар ёза бошлади. У илк асарларини " Султония" тахаллуси билан ёзган.
Амир Хусравнинг адабий мероси жуда катта.Ўзи берган маълумотларга кўра, унинг шеърлари 400 000 байтдан ортиқ. Абдураҳмон Жомий эса уни 99 китоб муаллифи деб ҳисоблайди.
Амир Хусрав деярли барча жанр ва турларга хос бадиий асарлар қолдирган. Унинг лирик шеърлари беш девонга жамланган. Улар "Тўҳфатуссиғар" ("Ёшлик тўҳфаси"), "Васатул- ҳаёт" ("Ҳаёт ўртаси"), "Ғурратул камол" ("Камолотнинг бошланиши"), "Бақияун нақия" ( "Сараларнинг сараси"), "Ниҳоятул -камол"( " Камолот чўққиси") деб аталади.
Шоирнинг бу беш девонга йиғилган шеър, ғазаллари унинг моҳир лирик шоир сифатида оламга машҳур этди. Амир Хусрав лирикаси ажойиб образлар, ўхшатишларга жуда бой. У инсон қалбининг нозик ҳиссиётлари, ошиқ юрагининг дард- аламлари, чуқур эзгу ниятлари, орзу- умидлари ҳақида зўр маҳорат билан куйлади.
Алишер Навоий уни буюк ғазал устодлари Ҳофиз Шерозий ва Жомийлар қаторига қўйган ва кўп ғазалларига татаббу боғлаган.Амир Хусравнинг, айниқса, ишқни куйлашдаги юксак маҳоратини юқори баҳолаган Навоий "назм бешасининг ғазанфари ва дарду -ғам оташкадасининг самандари" дейди.
Форс поэзиясида янги гуманистик босқични белгилаб берган ғазалнинг мустақил жанрга айланишида ҳам Хусрав Деҳлавийнинг хизмати катта бўлди. Академик Л.Е.Кримский, немис шарқшуноси Герман Эте, чех шарқшуноси Ян Рипка ва бошқа тадқиқотчилар ҳам Амир Хусравни Ҳофиз замонасигача бўлган лирик шеъриятнинг машҳур сиймоси ҳисобдайдтлар. Шоир лирик асарларининг жуда кўпи инсонийлик пафоси билан суғорилган. Амир Хусрав ўз асарларида адолатга чақириб, разолатни қоралади, сарой ҳокимларининг шафқатсизлик ва золимликларини фош қилди, шоҳларни мискин фақирларнинг жабрловчиси деб билди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Ҳозир эса машҳур шоир Амир Хусравнинг гўзал бир ғазалини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Соқиё, тутгил қадаҳ, булкунки жонон бундадир,
Не керак сайри гулистон менга, бўстон бундадир.
Менга эй соқий, майи нобу газак даркор эмас,
Боқки, аччиқ кўз ёши ҳам тотли, ширмон бундадир.
Ёр ўз бағримдаю, мен жон узар ҳолатдаман,
Қўл солиб бағримни кўргил , тандаги жон бундадир.
Боғ аро беҳудага, эй қумри, чекма нолалар,
На қилурсан сарвни, сарви хиромон бундадир.
Тўхтагил, эй тонг шамоли, гул насимидир равон,
Чунки гулшан равнақи гулғунча хандон бундадир.
Ихтиёринг, энди эй жон, хоҳи кетгил, хоҳи қол,
Мен ўлимни истамайман, чунки жонон бундадир.
Лаблари атрофидан, эй пашша, сен айланма кўп,
Лабларин мағзига боқки, шаккаристон бундадир.
Сен йўқолган дилни Хусрав, излама беҳудага,
Изла шул жойданки, ул зулфи паришон бундадир.
Маълумки, ХII аср бошларида Ҳиндистонда туркий сулолалар ҳукмронлик қилар эди. Амир Сайфуддин Маҳмуд ушбу Деҳли султонларидан Шамсуддин Элтутмиш қўшинига хизматга кирди, унинг ҳарбий аёнларидан бирининг қизига уйланди ва қатор фарзандлар кўрди. Ўғилларининг кенжаси 1253 йилда Деҳли яқинидаги Мўминпур (Патьёли) қалъасида дунё юзини кўрган Яминуддин Хусрав эди.
Мўғул истилочилари Ҳиндистонни ҳам тинч қўйганлари йўқ. Бўлғуси шоир 8 ёшга кириб-кирмай, отаси босқинчиларнинг навбатдаги ҳамласини даф этар чоғида жангда ҳалок бўлди. Ёш Хусрав бобоси Имодулмулк ва онаси Давлатноз қўлида тарбия топди. У ўша давр илм-фанининг турли соҳалари бўйича кенг ва чуқур билим олди, гўдаклик чоғидан шеъриятга астойдил ихлос қўйди. Амир Хусрав ёшлигидан турк, ҳинд, араб ва форс тилларини мукаммал ўзлаштирган эди. У анъанага биноан, асосан, форс тилида ижод қилган бўлса-да, ҳинд, араб тилларида ҳам шеърлар ёзганлиги маълум.
Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.