Январ 28, 2017 16:12 Asia/Tashkent

Амир Хусравнинг "Хамса" си

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз  ҳам машҳур  шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг  ҳаёти ва ижоди борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Амир Хусрав инсоннинг буюклигига сабаб унинг бутун жаҳонни ўзига сиғдира олувчи қалб бойлигида, деб билади: “Одам танаси, — дейди у, — шу сабабдин бир жаҳонга тенг кўриладики, у кўнгил майдонига эгадур. Бўлмаса бир қисм тупроқнинг қўлидин нима келади, у фалакларни этаги остига қамраб ола билармиди?!”
“Хамса”нинг иккинчи достони “Ширин ва Хусрав”да Деҳлавий яратган Шоҳ тимсоли Низомий достони қаҳрамонидан буткул фарқ қилади. Ундаги Хусрав — шоҳ, ҳукмдор. Унинг бутун хатти-ҳаракати ижтимоий мавқеи билан белгиланади. Унинг инсоний хусусиятлари ҳукмдорлик мавқеи, имкониятларига кўра ўзгаришга учрайди. Унинг ёндашувида инсоний ишқ шаҳватпарастликка айланиб кетади, ёрига фидокорлик, туйғулар собитлиги эса тожу тахтни хор қилиш эҳтимолини пайдо қилади. Шундай қилиб, ишқ ва тож зиддияти асарнинг бош мавзуи даражасига кўтарилади. Амир Хусрав Фарҳод тимсолини ибрат қилиб кўрсатади.

“Мажнун ва Лайли” достонига мавзу бўлган ғуссали фожиа, саҳройи араб йигити – шоир ва девона Қайснинг ўз Лайлосига муҳаббати ва садоқати неча марта куйланмасин, барибир ҳар сафар киши қалбини ларзага солади. Деҳлавий қаламига мансуб асар ҳам кўзда ёш ва дилда нур билан ўқиладиган чин меҳр тараннумидир.
Амир Хусрав достонидаги ошиқ ва маъшуқа учрашуви тасвирланган эпизод, айниқса, таъсирлидир. Достон қаҳрамонларининг ишқи муайян, ҳаётий, инсоний муҳаббат эди. Аммо бу муҳаббат ниҳоятда поклик билан йўғрилган бўлиб, асар охирида мўйсафидлар “Худонинг мўъжизаси” деб талқин қилган бу муҳаббатда асло шаҳват ғалаба қила олмасди. Мажнун ва Лайли ўғринча, муваққат, ғайриқонуний висолга интила олмасдилар, улар бунга қобил эмасдилар, зеро, бу пок инсонлар наздида муносиб туйғу эмас. Шунинг учун ошиқлар қалби нақадар оловли эҳтиросларга лиммо-лим бўлмасин, улар орасидаги иффату одоб чегаралари ҳам шунчалик юксак эди. Улуғ устозлар меросига боқийлик бахш этувчи юксак ҳақиқатлар, “илоҳий мўъжизалар” айни шундай тасвирларда намоён бўлади. Шоирнинг ўзи бу ҳақда “Оллоҳ хазинасидан бир сир”, дейиш билан кифояланиб қўя қолган. Низомий “Хамса”сининг тўртинчи достони шоҳ Баҳромнинг саргузаштларидан ҳикоя қилувчи “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал») бўлса, Амир Хусрав салафи тартибини бузиб, Искандар ҳақидаги достонни тўртинчи ўринга кўчирди. Бу жангнома йўналишидаги асарда Амир Хусрав ўз салафи Низомий айтганларини қайтармоқчи эмас, балки унинг тасвиридан тушиб қолган ёки нотўғри талқин қилинган ўринларни, “ятим” дурларни (“дурри ятим” – шаҳвор, йирик марварид маъносини ҳам билдиради) бир жойга йиғиб, китобхонга тақдим қилмоқчи бўлади.
“Ойинаи Искандарий” (“Искандар кўзгуси”) деб номланган ушбу достоннинг асосий қисми “давлат” тушунчасини шарҳловчи кичик дидактик боб билан бошланади. Ўрта аср кишиларининг дунёқарашида “давлат” тушунчаси катта моҳият касб этган. У ҳам “омад”, “тақдир инояти”, ҳам “мол-дунё”, ҳам “ҳокимият” маъноларини ўзида жамлаб келган. Илғор фикр намояндалари эса уни инсоннинг ички маънавий бойлиги маъносида ҳам талқин қилганлар. Асарнинг асосий ғояси шуки, “Ўзгаларга ситам етказувчи бахтли ва шодон ҳаёт эгаси бўла олмайди, чунки бахт ва давлат қарзга олинмайди”.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Амир  Хусравнинг  гўзал бир ғазалини  эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сен учун эл ҳар томон судрар мени бадномни,

Қайдин излай ўзбошимча қалби беоромни.

Бир неча том узра кўрдим, то бу дам эслаб сени,

Қон ёшим алвон мато бирла безар ул томни.

Истар эдим жонима қонимни қуйсам бир нафас,

Лаб қўйиб айлармидинг энг бахтиёр ул жомни.

Кокилингни ўйнатур токайгача боди сабо,

Беқарор дилларга бахш эт, бир нафас оромни.

Ўтга ташлай сенга таъсир этмади оҳим ўзи,

Ёндириб дўзах пиширгай балки бундай хомни.

Йиғламайсан гар томошабинча ҳам йўқми қараш,

Ўт қўйиб кул айладим номусу ору номни.

Хаста жонимга насиҳатчи, сиҳатлик шарбатин –

Берма, ошиқман ширин қилмас бу шарбат комни.

Узди тоат тизгинини  ишқ ила дил, мумкин эмас,

Бас шариатла юганлаш бу асов, бу хомни.

Ғамдан ўлсам, яхшиларга туҳмат этмай, қатлима

Чархдек Хусрав берай тиғ, илгига Баҳромни.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Амир Хусрав “Хамса”сининг бешинчи достони “Ҳашт биҳишт” (“Жаннатнинг саккиз боғи”)да унинг ижоди сув ичган сарчашмалар – Марказий Осиё, форс ва ҳинд унсурлари ўзаро ажойиб бир уйғунлик ҳосил қилган. Бокаччонинг “Декамерон”идан 50 йил бурун ёзилган ушбу асар қаҳрамонларининг ғаройиб ва ранг-баранг саргузаштлари, эртакнамо сеҳрли мужассамалар, гапирувчи тўтилар, кишилар жонининг танадан танага кўчиб юришлари, ҳазиломуз “шумликлар”, уддабуронликлар, бир томондан, Туркистон халқ ижоди учун ниҳоятда хос бўлган киноя, кўпмаъноли ва тагдор жумла қуриш услубини, халқ китобларидаги машҳур айёрларнинг қилмишларини эслатса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳинд халқининг урф-одатлари, хурофий ва асотирлик тушунчалари, беқиёс гўзал санъатини эсга солади. Амир Хусрав қиссаларида оддий фуқаронинг уддабуронлиги ва яратувчилик қудрати, ҳунар аҳлининг ақли ва идроки шоҳ саройи ва унинг хўжаларига хос маънавий тубанлик, иродасизлик ва тутуруқсизликларга қарама-қарши қўйилади.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.