феврал 15, 2017 15:38 Asia/Tashkent

"Рум" муборак сурасининг  1-8- ояти карималари шарҳи

Суҳбатимиз ибтидосида  « Рум " муборак сураси 1-5-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз

. الم ﴿١﴾ غُلِبَتِ الرُّومُ ﴿٢﴾ فِي أَدْنَى الْأَرْضِ وَهُم مِّن بَعْدِ غَلَبِهِمْ سَيَغْلِبُونَ ﴿٣﴾ فِي بِضْعِ سِنِينَ ۗ لِلَّـهِ الْأَمْرُ مِن قَبْلُ وَمِن بَعْدُ ۚ وَيَوْمَئِذٍ يَفْرَحُ الْمُؤْمِنُونَ ﴿٤﴾ بِنَصْرِ اللَّـهِ ۚ يَنصُرُ مَن يَشَاءُ ۖ وَهُوَ الْعَزِيزُ الرَّحِيمُ ﴿٥﴾

Бу ояти карималар  қуйидагича таржима қилинган:

Алиф. Лам. Мийм. (1) Рум мағлуб бўлди. (2) Яқин ерда. Ва улар мағлубиятларидан кейин тезда ғолиб бўлажаклар. (3) Саноқли йилларда. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам барча иш Аллоҳдандир. Ўша кунда мўминлар шодланурлар. (4) Аллоҳнинг нусратидан. У хоҳлаганига нусрат берур. Ва У азизу роҳиймдир. (Форс ва Рум давлатлари орасидаги қирғинбарот уруш натижаларидан кейин бундай гапларни Аллоҳ таоло айтмаса, одам боласи журъат қилиб айта олмас эди. Ҳар қандай одамга, шунчалар қақшатқич зарбага учраган, тилка-пора бўлиб кетган Рум давлати қандай қилиб бир неча йил ичида қудратли Форс давлатини енга олади, деган фикр келиши турган гап эди. Мушриклар қуръоний хабарни масхара қилиб, манзарани ўз қаричлари билан ўлчашар, аммо Аллоҳ таолонинг ўлчови бошқа экани хаёлларига келмасди.) (5)

Тарихнинг гувоҳлик беришича, узоқ йиллар давомида Рим ва Эрон императорликлари орасида жанг давом этарди.Пайғамбар Маккада эканлиги  пайтида бу икки империя ӯртасида Ҳижоз яқинида жанг бошланди ва бу жангда римликлар енгилди. Парвардигори карим ӯз пайғамбарига гарчи римликлар енгилган бӯлсада, аммо кейинги жангда   ғалабага эришишади, дея хабар берди. Бу башоратнинг тӯғрилиги тасдиқлангач, муминлар уларнинг мушриклар устидан ғалабаси ҳақидаги ваъданинг ҳам албатта, амалга ошишига ишончлари қатъийлашди. Зеро, барча ишлар Аллоҳнинг қӯлида. Ул зоти пок истаган кишига кӯмаклашиб, азиз ва муҳтарам қилиши мумкин.

 Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Қуръони каримнинг ғайбий хабар ва башоратлари бу улуғ китобнинг Илоҳий муъжиза эканлиги далолатидир.
  2. Муваффақиятсизликдан умидсизланиш ярамайди. Доимо Аллоҳнинг кӯмагига умид боғлаш лозим.
  3. Аллоҳнинг барча ишлари ҳикматга асосланган. Иймон аҳлининг муваффақият ва мағлубиятларида ҳам илоҳий ҳикмат яширин. Албатта, муминлар ӯз вазифаларига амал қилишлари керак. Аммо ишнинг натижаси уларнинг қӯлида эмас. Ишларнинг оқибати Аллоҳнинг ихтиёридадир.

Энди  «Рум" муборак сураси  6-7-ояти карималарининг тиловатига қулоқ тутамиз.

وَعْدَ اللَّـهِ ۖ لَا يُخْلِفُ اللَّـهُ وَعْدَهُ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ ﴿٦﴾ يَعْلَمُونَ ظَاهِرًا مِّنَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ عَنِ الْآخِرَةِ هُمْ غَافِلُونَ ﴿٧﴾

Бу ояти  карималар  қуйидагича таржима қилинган:

(Бу) Аллоҳнинг ваъдасидир. Аллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. (Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига нусрат бериши ҳақидаги гап Аллоҳнинг ваъдасидир. У зот Ўз иродаси билан ваъда қилади ва Ўз иродаси билан ваъдасини амалга оширади. Бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Лекин одамларнинг кўпи буни билмаслар. Ўзларича ниманидир билгандек бўладилар, аммо асл моҳиятни англаб етмайдилар.) (6) Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдирлар. (Одамларнинг кўплари бу беш кунлик дунёнинг зоҳирий, сиртқи тарафини, юзаки биладилар. Кўзларига кўринган, қўллари билан ушлайдиган ёки бошқа ҳис этиш аъзолари ва асбоблари билан сезадиган нарсаларнигина, уларни ҳам бир қисминигина биладилар. Улар асосан бу дунёга қизиқадилар.) (7)

 Олдинги оятда муминларнинг мушриклар устидан ғалаба қозонишлари ваъдаси баён этилган эди. Бу ояти карималарда буюрилади: Эй одамлар, Аллоҳнинг ваъдасига шак келтирманглар. Зеро, Аллоҳнинг ваъдаси қатъий равишда амалга ошади.

Албатта, Аллоҳга иймон келтирмаган, ёхуд иймонлари суст ва заиф бӯлган кишилар Худонинг ваъдаларига ишонишмайди. Зеро, улар Аллоҳнинг илм, ҳикмат ва қудратидан хабарсиздирлар. Улар фақатгина  ташқи моддий воситаларни кӯра билишади. Барча ғалаба ва мағлубиятларни моддий воситалар орқали шарҳлашади. Охиратдан ғофил бӯлганликлари учун барча нарсаларни имкониятлари чекланган дунёвий кӯзгу орқали мушоҳада этишади ва ӯзларини оламнинг ҳақиқатларини кӯриш бахтидан маҳрум этишади.

Бу ояти карималардан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ваъдага вафо қилмасликнинг асосий сабаблари жаҳл, ожиз қолиш ёхуд пушаймонлик ҳисобланади. Аммо Аллоҳ таъоло бу камчиликлардан пок ва юксакдир.
  2. Дунё ва моддий воситаларга кӯнгил қӯйиш инсонни калтабин ва енгилтабиат қилиб қӯяди.
  3. Охиратдан ғафлатда қолишнинг илдизи дунё ҳашамларига маҳлиё бӯлиш ва унга кӯнгил қӯйишдир.

Энди «Рум" муборак сураси  8-ояти каримасининг тиловатига қулоқ тутамиз.

أَوَلَمْ يَتَفَكَّرُوا فِي أَنفُسِهِم ۗ مَّا خَلَقَ اللَّـهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا إِلَّا بِالْحَقِّ وَأَجَلٍ مُّسَمًّى ۗ وَإِنَّ كَثِيرًا مِّنَ النَّاسِ بِلِقَاءِ رَبِّهِمْ لَكَافِرُونَ ﴿٨﴾

Бу ояти  карима   қуйидагича таржима қилинган:

Ахир, улар Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни фақат ҳақ билан ва маълум муддатга яратганини тафаккур қилиб кўрмайдиларми?! Ҳақиқатда, одамлардан кўплари Роббиларига рўбарў бўлишни инкор қилгувчилардир. (Инсоннинг ақл ишлатиладиган нарсалар ҳақида ўйлаши «тафаккур» дейилади. Оятда одамларнинг тафаккур юритмасликларидан ажабланиш бор.) (8)

Бу ояти карима Қуръони каримнинг бошқа кӯпгина оятлари каби одамларни борлиқ низоми ҳақида тафаккур қилишга даъват этиб, уларни ӯз ақл ва виждонларига таважжуҳ қилишга чақиради. Дарвоқеъ, осмон ва ерни ким яратган? Булар бирор-бир мақсадсиз, шунчаки эрмакка яратилдими? Дунёнинг аввал-охири борми? Ақл-тафаккур эгаси бӯлган инсоннинг ишлари ҳисоб-китоб биландир. Аммо инсон унинг махлуқларидан бири бӯлган улкан коинот ақл ва тадбир асосида бошқарилмаслиги тасаввурга сиғадими?

Албатта, дунёга кӯнгил қӯйган кӯпгина кишилар бу дунёнинг бор лаззатларидан  сероб бӯлиш учун охират куни ва Илоҳий адолат маҳкамасини инкор этишади. Аммо ақл-тафаккур асосида фикр юритувчилар борлиқ низомининг мантиқий мақсади борлигини тан олишади. Улар маълум низомга эга бӯлган борлиқ Яратувчи томонидан бошқарилишини идрок этишади.

Бу ояти каримадан қуйидагиларни ӯрганамиз:

  1. Ислом инсонларни билим ва маърифат асосида иймон келтиришлари учун  борлиқ низоми ҳақида тафаккур юритишга чорлайди.
  2. Борлиқ олам маълум мақсад билан яратилган бӯлиб, унда замон тушунчаси ҳам мавжуд.
  3. Қиёмат кунини инкор қилиш мантиққа тӯғри келмайди. Бу инкорнинг илдизи эса дунё ва унинг жилваларига кӯнгил қӯйишга бориб тақалади.

Ёрлиқ