феврал 18, 2017 14:57 Asia/Tashkent

Амир Хусравнинг девонлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги сўҳбатимиз  ҳам машҳур  шоир Амир Хусрав Деҳлавийнинг  ҳаёти ва ижоди борасида бўлади.  Бизни тинглаб боринг.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Амир Хусрав “Хамса”сининг бешинчи достони “Ҳашт биҳишт” (“Жаннатнинг саккиз боғи”)да унинг ижоди сув ичган сарчашмалар – Марказий Осиё, форс ва ҳинд унсурлари ўзаро ажойиб бир уйғунлик ҳосил қилган. Бокаччонинг “Декамерон”идан 50 йил бурун ёзилган ушбу асар қаҳрамонларининг ғаройиб ва ранг-баранг саргузаштлари, эртакнамо сеҳрли мужассамалар, гапирувчи тўтилар, кишилар жонининг танадан танага кўчиб юришлари, ҳазиломуз “шумликлар”, уддабуронликлар, бир томондан, Туркистон халқ ижоди учун ниҳоятда хос бўлган киноя, кўпмаъноли ва тагдор жумла қуриш услубини, халқ китобларидаги машҳур айёрларнинг қилмишларини эслатса, иккинчи томондан, маҳаллий ҳинд халқининг урф-одатлари, хурофий ва асотирлик тушунчалари, беқиёс гўзал санъатини эсга солади. Амир Хусрав қиссаларида оддий фуқаронинг уддабуронлиги ва яратувчилик қудрати, ҳунар аҳлининг ақли ва идроки шоҳ саройи ва унинг хўжаларига хос маънавий тубанлик, иродасизлик ва тутуруқсизликларга қарама-қарши қўйилади.

Алишер Навоий ўз достонлари ҳақида “зоҳир юзидан афсона” деган эди. Минг афсуски, дарҳақиқат, ўтган аср авлодига буюк устозларнинг назм дурдоналари ушбу “афсона” даражасида, юзаки талқин этилиб, тушунтириб келинди. Бугунги  ҳурлик замонида энди маънавиятнинг асл моҳияти ҳақида очиқ-ойдин гапириш, фикр юритиш имконияти мавжуд экан, ўтмиш устозлар ижодига жиддийроқ назар ташлаш, улар моҳиятининг теранроқ таҳлилига ўтиш ўзимиз учун ҳам, ёш авлод маънавий тарбияси учун ҳам айни фарздир.

Амир Хусрав “Хамса”нинг сўнгги достони “Ҳашт биҳишт”ни 1302 йилда тугатди. Орадан 14 йил ўтиб, 1315-1316 йилларда шоирнинг яна бир шоҳ асари — “Дўвалрони ва Хизрхон” достони яратилди. Унда тарихий шахслар – Деҳли султони Алоуддин Хилжийнинг катта ўғли Хизрхон ва Гужарот рожаси Карннинг қизи Девалдининг бир-бирига муҳаббати эҳтиросли мисраларда тасвир этилади. Хизрхон – турк-мусулмон шаҳзодаси, Девалди – асира ҳинд маликасидир. Улар болаликдан бирга ўсиб, бир-бирига меҳр қўйганлар, аммо бўйи етгач, уларни ажратишади. Кўп қийинчиликларни енгиб ўтиб, севишганлар бир-бирларининг висолига етади, бироқ яна сарой фитналари, тошбағир султон ва унинг фирибгар аъёнлари ошиқ Хизрхон бошига кулфатлар келтирадилар.

Эътиборга сазовор жиҳати шундаки, Амир Хусрав ўз достонига тахтдан маҳрум этилган шаҳзодани қаҳрамон қилиб олади, ўзи сарой шоири бўлган давр ҳукмдорлари – султон Алоуддин ва Қутбиддин Муборакшоҳ хатти-ҳаракатини эса очиқдан-очиқ қоралайди.
“Нуҳ сипеҳр” («Тўққиз осмон қабатлари») достонини Амир Хусрав 1318 йилда Қутбиддин Муборакшоҳга бағишлаб ёзди. 4509 байтли бу асар ягона сюжет асосига қурилган эмас. Унинг тўққиз фасли арузнинг тўққиз баҳрида ёзилган бўлиб, мундарижаси ҳам хилма-хилдир.
Улардан “учинчи сипеҳр” алоҳида диққатга сазовор бўлиб, уни маълум маънода “Ҳиндистон қомуси”, деб аташ мумкин. Бу фасл бошдан-оёқ шоирнинг туғилиб ўсган ватани мадҳига бағишланган. Унда ўлканинг табиати, обу ҳавоси, наботот ва ҳайвонот дунёси, одамлари васф этилади, турли ташбеҳ ва мажозлар асосида бу юртнинг ўзга иқлимлардан афзаллиги муболаға этилади. Ушбу фаслда Амир Хусрав арабий, форсий, туркий тилларни жаҳон тиллари сифатида турли ўлкаларда кенг тарқалганлигини қайд этиб ўтади, арабий ва туркий тилларнинг барча сарфу наҳв қонун-қоидалари, улардаги луғавий қонуниятлар билимдонлар томонидан пухта ишлаб чиқилганлигини эсга олади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ҳозир эса машҳур шоир Амир  Хусравнинг  гўзал бир ғазалини  эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сабо етказди мужда, янги қилди танда жонимни,

Менга оҳиста топширди ҳидин  ул бўстонимни.

Аё булбул, чаманда камтарин қил оҳу нолангни,

Нечунки  уйқу босмиш тонгда жони нотавонимни,

Гулистонга бориш бас энди, чунки фойдаси недир,

Кўришга келмаса ул, кўрмасам  сарви равонимни.

Жудолик ичра қолмаслик гумонин қилмайин дерман,

Вале, пинҳон ғамим ғолиб қилур дилда гумонимни.

Нишони қолмади нақшимдан, ул дилбар  қаён қолди,

Қаламқоши чизарди  қайта нақши бенишонимни.

Қаердан ҳам фиғоним  етгуси  ёрим қулоғига,

Ўзимнинг  ҳам қулоғим  ҳеч эшитмайдир фиғонимни.

Учиб руҳим қуши ёрим томон борди, деди унга:

Кечиб ташлаб келибман, сақлагил сен ошиёнимни.

Эшигимдан кириб келганда  қандай  яхши бўлғайди,

Этибон ой билан юлдузла равшан хонумонимни.

Лабимга қўйди лаб, сўз айтгали жон қолмади ҳаргиз,

Босиб ёқут муҳрин  айлади  хомуш забонимни.

Бор эй, боди сабо, кетган  у сарвимни  яна кел де,

Баҳор фаслига айлантир бу хил  фасли замонимни.

Нигорим кетмоғингдан  келди жон оғзимга билмасмен

Олиб кетмоқни қайдан хоҳладинг  бу хаста жонимни.

Югурди ҳар томон  маъюс, шикаста қалби Хусравнинг,

Ғарибингдур сенинг ҳурмат-ла, сақла меҳмонимни.

Нуҳ сипеҳр”  достонида  Амир Хусрав  туркий, румий ва форсий  тилларини яхши эгаллаган киши икки жаҳонни эгаллади, деса бўлаверади, деб хулоса қилади шоир.
Амир Хусравнинг тарихий достонларини ўқир экан, одам беихтиёр Европа Уйғониш даврининг буюк даҳоси Вильям Шекспирнинг драматик хроникаларини эслайди. Бу жиҳатдан, айниқса, шоирнинг охирги достони “Тўғлуқнома” ёрқин намунадир. Ундаги воқеалар ҳам навбатдаги сарой фитнасининг тасвиридан бошланади. Амир Хусрав ҳаёти давомида Деҳли салтанатида тўққиз ҳукмдорнинг тахт алмашувини кузатди. Саройдаги хиёнат ва разолатни, шафқатсиз хунрезликларни ўз кўзи билан кўрди ва достонларида рўйи рост акс эттирди.
Деҳлавий умри охирида “Бақия ун-нақия” («Сараларнинг сараси») ва “Ниҳоят ул-камол” («Камолот чўққиси») девонларини тузиб, лирик меросини 5 девонга бирлаштирди.
Деҳлавий учинчи девони “Ғуррат ул-камол” дебочасида устод шоирлар “сўзининг маъно ва айтилиш тарзида” суфий ва музаккар (яъни тарбиячи, муаллим)лар йўналишидан фарқ қилиши зарурлигини уқтирган эди. Ўзи ушбу қоидага қатъий риоя қилиб, Низомий анъаналарига қайта руҳ бағишлаган ҳолда, инсон маънавий камолотини таъминлашга қаратилган мутлақо янги бир йўналишга асос солди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.