феврал 26, 2017 15:08 Asia/Tashkent

Ўзбекистонга оид муҳим янгиликлар

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз.

 Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

1.Тошкентда   Россиядан келтирилган ёқилғи сотилади.

2. Яна 94 киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

3. Фарғонадаги портлаш оқибатида беш киши ҳалок бўлди. 

4. Хорижий фуқароларга Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жарима солиниши мумкин.

5. Ўзбекистон Давлат туризм қўмитасида Хитой ва Россия элчилари қабул қилинди.

  Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Тошкентнинг Яшнобод туманидаги Темур Малик кўчасида «Лукойл» (Россия) компаниясининг Ўзбекистондаги илк автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси яқин вақтлар ичида иш бошлайди.

   «Лукойл»нинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинишича, компаниянинг ушбу шохобчасида Россия Федерацияси ҳудудида жойлашган нефтни қайта ишлаш заводларидан келтирилган маҳсулотлар сотилади.

Бундан аввалги хабарларда  бу шохобчада АИ-92, АИ-95 бензин маркалари ва дизель ёнилғиси сотилиши айтилганди. Шохобча ҳудудида минимаркет ва қаҳвахона ҳам бўлади.

Ххххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади.  Фармон билан 94 кишининг аризаси қаноатлантирилиб, фуқароликка қабул қилинди.  

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъий назар, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин», — дейилади фармонда.

Ўтган йилнинг декабрида ҳам президент фармони асосида 179 кишига Ўзбекистон фуқаролиги берилганди.

Ххххххххххххххххххххххх

   23 февраль куни Фарғона шаҳридаги "Фарғонаазот" корхонасидаги аммиак цехида таъмирлаш-монтаж ишлари олиб борилаётган вақтда портлаш юз берди.  

Ҳодисани ўрганиш бўйича махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилди."Портлаш жойида беш киши ҳалок бўлган, улар таъмирлаш бригадаси ишчилари бўлишган. Яна бир неча киши касалхонага ётқизилди", — деган корхонадаги манба РИА Новостига. Унинг сўзларига кўра, корхонада комиссия иш олиб бормоқда, завод фаолияти тўхтатилмаган.

 "Фарғонаазот" корхонаси 1956 йилда ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда аммиак селитраси ва карбамид ишлаб чиқарувчи энг йирик кимё саноати корхонаси ҳисобланади. Корхона лойиҳа қувватига кўра йилига 270 минг тонна карбамид ва 350 минг тонна селитра ишлаб чиқаради.

Хххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикасига келган хорижий сайёҳлар мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган тақдирда уларга нисбатан, раҳбар шахслар ва хорижий фуқароларни таклиф қилган Ўзбекистон фуқароларига маъмурий жазо қўллаш бўйича қонун қабул қилиниши мумкин. Маъмурий жарима миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 50 бараваригача бўлади.

Айни пайтда, хорижлик сайёҳларни қабул қилувчи туристик фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари сайёҳларнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиб туриши ва ҳатти-ҳаракатлари учун тўлиқ мсъул ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликка кўра, қоидабузарлик ҳолати аниқланганда, мазкур субъектларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 100 бараваригача жарима солиниши мумкин.

Бироқ, ушбу мажбуриятни бевосита ва тўлиқ бажаришнинг имкони йўқ. Чунки, бу ташкилотлар сайёҳларнинг кечки ва тунги вақтларда ҳаракатини назорат қилиш имконига эга эмас. Шунга кўра, улар сайёҳлар билан шартнома доирасида жавобгардир. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига ўзгартишлар киритиш режалаштирилмоқда.

Ххххххххххххххххх

Яқинда  Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси раҳбари Анвар Шаропов ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Сун Лижиени қабул қилди.

  Туризм давлат қўмитаси раиси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан меҳмонларни табриклади, деб хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати.

Мулоқот чоғида Хитой томони Ўзбекистоннинг туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чоралар хусусида маълумотлардан хабардор этилди. Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти борасида сўз борар экан, хитойлик сайёҳларни жалб қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг «Ипак йўли» бренди аъзоси сифатидаги ўрнига эътибор қаратилди.

Хивада Хитой ресторанини очиш фикри билдирилди.  

Хитой томони Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги тарихий ёдгорликларни реконструкция қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Хитой туроператорлари Тошкентда ўтказиладиган соҳа кўргазмаларига таклиф этилган.

Шунингдек,  Анвар Шаропов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси В.Тюрденевни ҳам қабул қилган.

Давлат туризм қўмитаси раиси туризм соҳасидаги ўзбек-россия муносабатларининг юқори даражасини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда россияликлар сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулай шароитлар мавжуд экани таъкидланди. Бу борада ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Россияда кенг тарғиб қилиш учун Россия ОАВни жалб қилиш зарурлиги айтилди.

Элчи Тюрденев Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини юқори баҳолар экан, республика туризмнинг муқобил турлари, жумладан фаол, тиббий ва гастрономик туризм йўналишларида улкан имкониятларга эгалигини таъкидлади.