март 18, 2017 15:23 Asia/Tashkent

Форсий адабиётнинг мангулиги

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг охирги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.

Халқларнинг адабиёти уларнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатувчи йирик ойнадир.Зеро қиссалар, шеърлар, мақоллар ва бошқа санъатларда халқларнинг ҳаёти ўзгача жилва ва шукуҳга эгадир. Форс тили ва адабиёти ҳам жуда  улкан маданий бойликларга  эга бўлгани боис асрлар давомида  илм, дин ва ирфон  тили  бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қоидадан чиққан эмас. Шу сабабдан Форс  тили ва адабиёти тўғрисида суҳбат қилиш эскирмайди, ёдлардан кетмайди ва кишини чарчатмайди. Дунёда ахлоқ ва одоб ҳамда ишқ ва дўстлик бор экан ва ҳаммани маҳлиё этар экан, форс  адабиёти ҳам мангу ва барҳаёт қолади. 

Адабий алоқалар жаҳон халқлари маданияти тарихида ўзига хос ўрин тутадиган ҳодисалардан биридир. Узоқ тарихий илдизларга эга ушбу ҳодиса доимо инсониятни бир- биридан ўрганиш, бир -бирига ўргатиш, бир маданиятнинг бошқа бир маданият ютуқларидан унумли фойдаланишга ҳидоят этиб келган. Муайян бир миллий адабиётнинг бошқа бир миллий адабиёт дурноналаридан ёки умумжаҳон адабиёт уммонидан баҳра олиши, ундан таъсирланиш масаласини чуқурроқ, илмийроқ тарзда ўрганиш заруратининг юзага келиши натижасида 19 асрда Европада қиёсий адабиётшунослик  илми алоҳида фан  сифатида ривожлана бошлади.Бунинг асосий сабаби эса жаҳон адабиёти дурдоналарининг Ғарб ва Шарқда  катта нуфузга эга бўлган тилларга жадаллик билан таржима қилинишида эди. Албатта, бадиий ва  илмий таржима Шарқ  халқлари тарихида узоқ даврлардан буён мавжуд бўлиб келган.  Буни "Калила ва Димна" ("Панчататра") нинг қадимги ҳинд тилидан паҳлавий (ўрта форс)  тилига, кейинчалик форсийдан араб тилига таржима қилиниши, ёки аслида қадимги ҳинд- эрон афсоналари, айниқса, паҳлавий тилида ёзилган "Ҳазор афсона" (" Минг афсона") дан сарчашма олиб (Ҳаммернинг аниқлашича, бу ҳақда Масъудийннинг "Мураввиж уз- заҳаб"  асарида маълумот келтирилган), араб тилида ёзилган, кейинчалик форс ( сафавийлар ҳукмронлиги даврида)  ва бошқа тилларга таржима қилинган ( ёки аслида қадимги ҳинд  тилида ёзилиб, сўнг  паҳлавий тилига таржима қилинган) "Минг бир кеча" мисолида  ҳам кўриш мумкин. Исломдан кейинги даврларда ҳам таржима санъатига алоҳида эътибор берилди. Қадимги юнон ва бошқа тиллардаги илмий фалсафий асарлар араб тилига, араб тилидаги диний ва илмий  китоблар эса форс тилига, араб ва форс тилидаги манбалар эса туркий тилларга таржима қилинди. Эрондаги Тахти Жамшид тошбитикларининг бир неча тилда битилганлиги ҳам Шарқ халқларининг таржима санъати ва унинг маданий иқтисодий алоқаларда тутган ўрнидан нечоғлик  хабардор бўлганликларидан дарак беради.

Шарқ адабиёти дурдоналарининг  Европа тилларига таржима қилиниши  ва бу ҳақда қатор тадқиқотларнинг юзага келиши ғарбликларда асосан Осиё халқларини бошқариш ҳисси кучайган бир даврга тўғри келади. Чунки, Осиё  халқларининг тили, тарихи, маданияти, урф одати, адабиёт ва санъатини ўрганмасдан туриб уларни забт этиш ва бошқаришнинг имкони йўқ эди.Аммо Шарк адабиёти, айниқса, адабиётнинг  гўзал ва  нафис   жозибалари, ундаги тафаккур  ва  нозик ҳис туйғулар  Европа зиёлилари, хусусан, адибларини ўзига мафтун этди. Эндиликда Европа Шарқ  адабиётининг чинакам мухлиси, асирига айланиб қолган эди. Зеро, "Европа китобхонлари таржима воситасида Шарқ халқлари ижодиёти билан танишар эканлар, бундан минг йиллар муқаддам  Осиё кўксида  етук маданият барпо этилганлиги, теран ҳам нозик инсоний туйғулар, улуғ гуманистик ғоялар баралла куйланган юксак адабиёт  яратилганлигининг гувоҳи бўлдилар.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг охирги  сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз ҳам uzbeki@ ParsToday.comга ўзгарди.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Форсий адабиётнинг  дунё бўйлаб кенг қулоч ёзишида таржиманинг роли  катта бўлди. Ўрта асрларда  санскрит, араб, юнон ва бошқа тиллардаги матнларнинг форсий тилига таржима қилиниши натижасида форсий адабиёт мавзу ва мундарижа  жиҳатидан янада кенгайди, янги образлар ҳисобидан янада бойиди.

Шу ўринда адабий  таъсир масаласи  устида ҳам бир оз тўхталиб ўтишга келади: форсий адабиётининг йирик намояндалари яратган шоҳ  асарлар, уларнинг инсонпарварлик ва ҳамдўстлик  ғоялари асосида яратилган шоҳ асарлари (жумладан, Рудакий  панд ҳикматлари, Фирдавсий "Шоҳнома"си , Хайём рубоийлари, Аттор "Мантик ут- тайр"и, "Илоҳийномаси" ва "Тазкират ул авлиёси", Мавлавий "Маснавийи маънавий"си ва "Девони кабир"и , Низомий "Хамса" си, Саъдий "Гулистон"и ва "Бўстон"и, Ҳофиз "Девон"и, Жомий "Ҳафт авранг"и, "Баҳористон" ва "Нафаҳот ул- унс"и,  Сойиб "Девон"и, Бедил ғазаллари  ва маснавийлари...) жаҳон адабиёти дурдоналарига айланиши билан бирга таниқли жаҳон адибларининг  ижодига  ҳам сезиларли таъсир етказган. Жумладан, Алишер  Навоий "Лисон ут- тайр" достонини Атторнинг "Мантиқ  ут -тайр" достонидан, Иқбол Лоҳурий  ўзининг баъзи ғазал  ва маснавийларини Мавлавий шеъриятидан,  Гёте "Шарқу Ғарб девони"ни  Ҳофиз ғазалларидан, Луи Арагон " Девона Элза"  ва "Элзанинг  кўзлари" номли асарларини  Жомийнинг "Лайли ва Мажнун"  достонидан илҳом олиб ёзганлари барчага маълум. Аммо ана шу адабий ҳодиса жаҳон адабиётшунослигида  етарли даражада ўрганилган, деб бўлмайди.     

Шарқ халқлари, жумладан, форсий адабиётни жаҳон адабиётидаги ўрнини белгилаб бериш, уни муайян  бир халқнинг адабиёти ёки жаҳон адабиёти билан қиёсий тарзда ўрганиш масаласини табиийки,  бир китоб, рисола  ёки радиомақолалар ҳажмида ёритиб беришнинг имкони йўқ. Зеро, Ҳофиз ва жаҳон адабиёти, Хайём ва жаҳон адабиёти, Мавлавий ва жаҳон адабиётига ўхшаган мавзулар бўйича бир қанча алоҳида тадқиқотлар яратиш, рисолалар ёзиш мумкин. Бундан ташқари, форсий адабиётида Саноий, Унсурулмаолий Кайковус, Носир Хусрав, Камол Хужандий, Сайидо Насафий, Шавкат Бухорий, Сойиб Табризий каби яна бир қатор забардаст шоир ва адиблар ҳам борки, уларнинг ижоди бўйича ҳам маъдум даражада тадқиқотлар амалга оширилган ёки уларнинг адабий меросидан баъзи бир намуналар турли тилларга таржима қилинган, аммо қиёсий адабиётшунослик нуқтаи назаридан махсус ўрганилмаган.

Ҳеж бир бадиий асар бежиз яратилмайди. Унинг асосида қандайдир  таъсир, илҳом манбаини ётиши шубҳасиздир.Ана шуни ҳисобга олганда Шарқ адабиёти Ғарб учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиб келган. Қанчадан қанча олимлар, адиблар Шарқ адабиёти ва фалсафаси таъсирида ўзларининг асарларини яратишган. Айтишларича, Александр Дюманинг "Граф Монте Кристо " асаридаги "Монте Кристо" ороли  аслида "Минг бир кеча" эртаклари туркумидаги "Синдбоднинг  саргузаштлари" асарида келтирилган экан. Бу шубҳасиз европалик адибнинг  Шарқнинг  машҳур  афсоналаридан  баҳраманд бўлганидан дарак беради. Шунинг учун бўлса керак, айни шу асарда Шарқ фалсафаси, шарқона ахлоқ одобларга  катта урғу  берилган.

Ўзининг улкан машъалалари билан ёғду таратган Шарқнинг ёрқин  маёқлари ҳалигача жаҳон аҳлининг қалбига нур сочмоқда. Бу нур- маъно ва ирфон нури ҳеч қачон сўнмайди.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг охирги  сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Саломат бўлинг.