май 14, 2017 12:43 Asia/Tashkent

Ӯзбекистон ўтган ҳафта давомида

Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:

  1. Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига тезкор ёрдам берадиган сайт ишга туширилди.
  2. Ўзбекистонда ғалаба байрами қайта тикланди.
  3. Ўзбекистонга кириш учун берилаётган визалар сони ортган.
  4. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев  давлат ташрифи билан Хитойга борди.
  5. Бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон боксчилари мутлақ ғалаба қозонишди.

Энди ушбу мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига тезкор ёрдам берадиган сайт ишга туширилди, деб хабар берилди Ўзбекистон ТИВ расмий сайтида.

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига тезкор ёрдам бериш мақсадида шу йилнинг март ойидан бошлаб consul.mfa.uz сайтида "онлайн маслаҳат" модули ишга туширилди ва ҳозирги кунга қадар 100 дан ортиқ фуқаро мурожаати қабул қилинди", — дейилган хабарда. Сайтдаги хабарларга кўра, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари консулликларга кўпинча "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансуб эмаслик тўғрисидаги маълумотномани қай тарзда олиш мумкин?", "Ўзбекистондан ҳужжатни сўраб олиш тартиби қандай?", "Хориж давлат фуқаролигини қабул қилгандан кейин Ўзбекистон фуқаролари қандай ҳаракатларни амалга оширишлари зарур" ва бошқа ўзлари учун долзарб саволлар билан мурожаат қилишган.

Хххххххххххххххххххх

    Тошкентда   9 май куни узоқ вақт ичида илк бора улкан байрам мушакбозлиги бўлиб ўтди. Албатта, 9 май кунига салютлар аввал ҳам отилган, бироқ Мудофаа вазирлиги жорий йилда қандайдир ўзгача кайфият беришни мақсад қилган. Анъанага кўра, салютлар Алишер Навоий номидаги боғда соат 21:00 да отилган.

Бундан ташқари,  шу куни  мамлакат кўчалари ва майдонларининг катта қисми Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган плакат ва стендлар билан безалди. Шунингдек, ҳар бир туманда Иккинчи жаҳон уруши  мавзусидаги тадбирлар ўтказилди. Пойтахтдаги боғларнинг деярли ҳар бирида уруш йиллари мусиқаси қўйилган ҳамда ҳар бир истовчи ўша даврдаги ҳарбий либосда бўлган қизлар ва ўсмирлар билан суратга тушиши имкониятига эга эди.

Ххххххххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати эълон қилган маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь–март ойларида ТИВ консуллик бошқармаси ва мамлакатнинг хориждаги консуллик идоралари томонидан 52 минг 224 нафар чет эл фуқароларига, жумладан 19 минг 197 нафар сайёҳ ва 8 минг 613 нафар ишбилармонга Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берувчи визалар тақдим этилган, деб ёзади Ўзбектуризм матбуот хизмати.

2016 йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилса, жорий йилда берилган визаларнинг умумий сонидаги ўсиш 6 фоизни ташкил этган, сайёҳлик визалари сони эса 13 фоизга ортган.

Хххххххххххххххххххххххххххххххх

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпиннинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Хитойга келди. Икки давлат етакчиларининг учрашуви Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида тантанали тарзда бўлиб ўтди.

Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.Кенгайтирилган таркибдаги музокарада иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 7,8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритган.

хххххххххххххххххххх

Тошкентдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида бокс бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионати мезбонларнинг тўла устунлигида якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси 10 та олтин медаль имкониятидан 9 тасини қўлга киритиб, Осиёда янги рекорд қайд этди.

Ўзбекистон Осиё рекордини ўрнатган ҳолда Германиядаги жаҳон чемпионатига борадиган бўлди.Осиё чемпионатида Ўзбекистон — биринчи (9 та олтин медаль), Қозоғистон —иккинчи (1 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза), Ҳиндистон Мўғулистон терма жамоалари эса учинчи ўринни бўлиб олишди (2 тадан кумуш ва бронза медаллар). Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати жорий йилнинг 23 август — 4 сентябрь кунлари Ҳамбург шаҳрида бўлиб ўтади ва унда Ўзбекистон шарафини 10 нафар боксчи ҳимоя қилади.

 

Ёрлиқ