Биз билан Эронга келинг
Курдистон вилояти
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.
Сайёҳатни севувчи дўстлар, бугунги суҳбатимиз орқали сиз билан Эроннинг яшил вилоятларидан бири Курдистонга сафар қилишни бошлаймиз.
Курдистон вилояти қарийб 28200 квадрат километрлик масоҳатга эга бўлиб, Эроннинг шимоли-ғарбида жойлашган ва Ироқ юрти билан чегарадошдир. Мазкур вилоятда баланд тоғлар, пастлик ва тепаликлар ҳамда ёмғиргарчиликлар кўп бўлгани боис Эронзаминдаги иқлими совуқ минтақалардан ҳисобланади. Аммо Курдистон вилоятининг айрим минтақаларида дарёларнинг кўплиги ва хос жуғрофик мавқейи боис мўътадил об-ҳавони кузатиш мумкин. Мазкур дарёларнинг айримлари қишлоқ хўжалик ёрларининг кам қисмини сув билан таъминлашганларидан кейин уларнинг қолган кўплаб сувлари Сирвон ва Зоби кучак дарёлари орқали Ироқ юртига оқиб кетишади.
Санандаж шаҳри Қурдистон вилоятининг маркази ҳисобланади ва денгиз сатҳидан 1480 метрлик баландликда жойлашган. Вилоят аҳолиси мусулмон бўлиб, уларнинг тили курдчадир. Курдистондаги ҳар бир минтақа аҳолиси ўзига хос бўлган лаҳжада сўзлашади. Курд тили Эрон тилларининг гуруҳига кирувчи асил тиллардан бўлиб, бошқа тиллардан кўра камроқ бегона тилларнинг таъсири остида қолган. Шу сабабдан уларни уч қисмга бўлиш мумкин: кирмон курд тили, сурон курд тили ва ҳуром ё уром курд тили.
Археологларнинг тадқиқотларига кўра, курд халқи мидиялар қавмларидан бири бўлишган. Айтишларича, милоддан олти аср олдин курдлар Мод (мидия)лар шоҳи Ҳувахшатра ёнида бўлган кишилар бўлишган ва Ошур пойтахти Нинво шаҳрига ҳужум қилиб, Ошурийлар салтанатини инқирозга учратишган.
Юнон тарихчиси Ксенофон курдлар яшовчи маконларни милоддан 400 йил олдин ҳозирги Курдистондаги туманлардан бошлаб Қора денгизгача бўлган ҳудудлар деб ҳисоблаган ва курдларни курдухлар номи билан атаган.
Курдистон вилояти ўзининг жуғрофик манбалари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва чорвачилик соҳалари ҳамда халқ ҳунармандчилик санъати асолатини сақлаган. Тоғдаги ўтлоқлар, қалин ўрмонлар ва шифобахш ўсимликларнинг мавжудлиги минтақа аҳолиси учун чорвачиликни ривожлантириш ва бошқа имкониятларни вужудга келтирган. Курдистонда чорвачилик билан шуғулланиш асосий иқтисодий фаолиятлардан бири ҳисобланади. Чорвачилик соҳаси билан шуғулланувчи шахслар гўшт ва сут маҳсулотлари билан нафақат мазкур минтақа аҳолисини, балки қўшни вилоятлар аҳолисини ҳам таъминлашади.
Курдистон вилояти халқ ҳунармандчилик санъатида ҳам узоқ йиллик тажрибага эгадир. Ушбу санъат орқали ишлаб чиқариладиган турли маҳсулотлар аҳоли бандлигини ошириш билан бирга бозорларда харидорлар эҳтиёжларини ҳам бартараф этади. Саноат соҳасида ҳам мазкур минтақада Эрон Исломий Инқилоб ғалабаси ва мажбурий уруш тугаганидан кейин улкан сармоялар давлат томонидан ажратилгани натижасида катта ўзгаришлар юзага келади.
Ҳозирги кунда кўплаб саноат шаҳарчаларини Курдистон вилоятида кузатиш мумкин ва саноат корхоналари ва қатор конлар муваффақият билан фаолият кўрсатишмоқда.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.
Энди суҳбатимизнинг ушбу қисмида Курдистон вилояти маркази Санандаж шаҳри ҳақида сизга маълумот бермоқчимиз. Санандаж Теҳрон ғарбидан 520 километрлик узоқликда жойлашган ва ушбу шаҳарга ҳижрий-қамарий 1046, милодий 1636 йилда Сулаймонхон Ардалон томонидан асос солинган. Санандаж шаҳри бир вилоятнинг маркази бўлиши билан биргаликда кўплаб қадамжолар, бозорлар, масжидлар ва муҳим иқтисодий маконлардан биридир. Мазкур шаҳардаги меъморчилик ёдгорликлари Сафавия давридан Қожория давригача бўлган вақтда яратилган. Шаҳарнинг диққатга сазовор бўлган тарихий ёдгорликлари усти ёпилган бозор, жоме масжид ё Дорулэҳсон, Хусравобод иморати, Осиф хонаси, Мушир иморати, ҳаммомлар ва бошқа бинолар ҳисобланади. Ушбу бинолар чиройли ташқи кўринишга эга бўлиб, маҳаллий ва Эрон марказий минтақаларининг меъморчилик санъатидан фойдаланилган. Санандаж жоме масжиди ёхуд Дорулэҳсон мадрасаси Қожор даври исломий меъморчилигининг шукуҳи бўлиб, шаҳарнинг ўша вақдаги ҳокими томонидан қурилган. Ушбу бино хос хусусиятларга эгадир ва кўришга арзирли тарихий ёдгорликлардан ҳисобланади.
Айтиш жоизким, ушбу масжид Курдистон вилоятининг энг кўркам ва шукуҳли масжидларидан ҳисобланади. Санандаж жоме масжиди қадимий бинолар кўринишига эга бўлиб, ҳукумат қалъаси яқинида жойлашган.
Қадрли тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.