Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
Ӯзбекистонга оид муҳим янгиликлар
Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнидаги туркум эшиттиришнинг янги сони эфирда.Унда ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий ўзгаришлар борасида сизга маълумот берамиз. Бизни тинглаб боринг.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳлари билан танишинг:
- Абдулазиз Комилов Евгений Примаковни қабул қилди.
- Сеул мэри Мирзиёевга президент Мун Чже Индан таклифнома олиб келди.
- Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида авиақатнов йўлга қўйилади.
- Ўзбек-қозоқ чегарасидаги 9 йил илгари ёпиб қўйилган постлар яна очилди.
- Ўзбекистон мудофаа вазири Қобул Бердиев Россия делегацияси билан музокаралар ўтказди.
- Комилов: Ўзбекистон ҳарбийлари хорижий мамлакатлардаги тинчликпарвар ҳаракатларда қатнашмайди.
- Президент амалдорларни яна бир бор қаттиқ танқид қилди - истеъфолар кутилмоқда.
- Ўзбекистон «ОДКБ»га қайта қўшилмайди.
- Ўзбекистон-Корея технопаркининг қурилиши 2018 йилда ниҳоясига етади
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Тожикистон ва Ўзбекистон дўстлиги ҳақида "Вақт синовидан ўтган дўстлик" фильми эълон қилинди.
Энди энг муҳиммавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Тошкент шаҳрида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Туркманистон» авиакомпанияси вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Туркманистон авиаташувчиси томонидан Ашхобод—Тошкент—Ашхабод йўналишида парвозларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Томонлар Тошкент халқаро аэропортида Туркманистон авиакомпанияси ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш ва борт таомлари билан таъминлашга қаратилган шартномани имзолади.
Шунингдек, ташиш ҳужжатлари ўзаро тан олиниши ва авиакомпанияларга шериклари рейсларига авиачипта расмийлаштиришга имкон берувчи Интерлайн тижорий келишуви лойиҳаси кўриб чиқилди. Туркманистон авиакомпанияси Ашхобод—Тошкент—Ашхабод йўналишида авиарейсларни амалга оширишни 2017 йил охиригача йўлга қўйиш ниятида.
Хххххххххххххххххххх
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараолди божхона органлари вакиллари учрашувида тўққиз йил илгари ёпиб қўйилган "Сирдарё" ва "Целинный" чегара ўтказиш пунктлари очилгани эълон қилинди.
Бундан ташқари, томонлар "Казигурт", "Қоплонбек" ва "Атамекен" чегара ўтказиш пунктларини кечаю кундуз ишлаш режимига ўтказиш ҳақида келишиб олишди. Бунга қадар бу пунктлар фақат кундузи ишларди. Шунингдек, Қозоғистон ҳудудидаги постлар мунтазам равишда янгиланиб, янги технологияларга ўтиши маълум қилинди. Бу эса транспортлар ҳужжатларини расмийлаштириш жараёнини тезлаштиради.
Масалан, ҳозирда ҳужжат расмийлаштиришга 38 дақиқа вақт кетади. Янги технология эса бу вақтни 25 дақиқага қисқартиради. Натижада чегарани кесиб ўтувчи автомобиллар сони 400дан мингтага етади, яъни кунига 40 минг киши чегарани кесиб ўтиши мумкин бўлади. Қайд этиш жоиз, 15 май куни Ўзбекистон 11 йиллик танаффусдан сўнг Қозоғистон билан чегарадаги "Оқ олтин" ва "Малик" чегара ўтказиш пунктларини очди.
Хххххххххххххх
Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-полковник Қобул Бердиев Тошкентда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-полковник Владимир Зарудницкий бошчилигидаги Россия делегацияси билан музокаралар ўтказди.
Ўзбекистон ва Россия делегациялари Марказий Осиёдаги вазият ҳамда хавфсизлик муаммолари юзасидан фикр алмашди.
Томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ шу йил октябрь ойида Фориш полигонида 2005 йилдан бери биринчи маротаба Ўзбекистон ва Россия қуролли кучларининг қўшма машғулоти ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.
Хххххххххххххххххххххххх
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида йиғилиш ўтказилди
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг Коммунал хизматлар, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси ҳамда Иқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, инвестициялар, банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплекси раҳбарлари билан бирга, ушбу комплекслар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар раҳбарларининг жорий йил биринчи ярим йиллиги якунлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари, шунингдек, иккинчи ярим йилликдаги долзарб вазифалар тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди ва ҳар томонлама, атрофлича муҳокама қилинди.
Коммунал хизматлар, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси таркибидаги айрим идоралар, жумладан, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзқурилишматериаллари", "Ўзмонтажмахсусқурилиш", "Ўзшаҳарқурилиш инвест" компаниялари, Республика йўл жамғармаси, "Қишлоқ қурилиш банк"и ва "Ипотека-банк" томонидан Мирзиёевнинг жорий йил мамлакат ҳудудлари бўйлаб амалга оширган ташрифлари ва учрашувларда берилган топшириқлар ижросини таъминлашда йўл қўйилган ҳар бир камчилик ва нуқсон танқидий таҳлил қилиниб, ушбу идоралар раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.
Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги раҳбари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ экани қайд этилиб, ушбу тизимни тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси иш фаолияти ҳам қониқарсиз. Иқтисодиёт комплексининг собиқ раҳбарлари иқтисодий мажмуа ишини мувофиқлаштира олмаган, вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги идоралар ишини ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Йиғилишда мамлакат иқтисодиётининг бугуни ва эртаси қандай бўлиши кўп жиҳатдан Иқтисодий ривожлантириш комплекси вазирликларининг иши сифати ва натижаларига боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.
Хххххххххххххххх
Ўзбекистон-Корея технопаркининг қурилиши 2018 йилда ниҳоясига етади.
Бу ҳақда Тошкентлик ҳамкоримиз Маҳмула Муҳаммадкарим қизи хабар беради.
хххххххххххххххххххххх
Спутник ахборот агентлиги тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати тожик ва ўзбек халқи ўртасидаги муносабатлар ҳақида "Ўзбекистон ва Тожикистон: вақт синовидан ўтган дўстлик" фильмини эълон қилди.
Йигирма дақиқадан сал зиёд давом этадиган ва "Тожик ва ўзбек халқи ўртасидаги дўстлик бу кечагина пайдо бўлган гап эмас, балки асрлар давомида яшаб келаётган ҳақиқат", деган сўзлар билан бошланадиган роликда ўзбек ва тожик миллатининг "эт билан тирноқ"қа ўхшашлиги, бу икки халқни бир-бирисиз тасаввур этиб бўлмаслиги ҳақида гапирилади.
Видеоролик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг дўстлик ҳақида айтган, билдирган фикри билан якунланган: "Ҳамма қўшнилар билан биз дўст бўламиз. Бошқа ниятимиз ҳам йўқ. Ҳар бир давлатни ўзини нияти, ўзини халқи, ўзини истаклари бор. Шунинг учун биз дўстлик нуқтаи-назаридан, самимийлик нуқтаи назаридан, биродарлик нуқтаи-назаридан қўшниларимиз билан фақат дўст, дўст ва яна бир марта дўст бўламиз".