июл 16, 2016 14:31 Asia/Tashkent

Эрон классик шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

"Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Унда  Эрон классик адабиёти шоирларининг жаҳон адабиётида тутган ўрни борасида сўз юритамиз. Бугунги суҳбатимизда буюк шоир ва файласуф  Мирзо Абдулқодир Бедилнинг  ҳаёти ва ижодиёти борасида сўз юритамиз.  Бизни тинглаб боринг.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Жаҳон шарқшунослик фанида Бедил ҳаёти ва ижодига бағишланган ишлар кўлами ва илмий савиясини кўз олдимизга келтирар эканмиз, олимларнинг олиб борган ишларини илмий-назарий жиҳатдан ҳам, методологик тадқиқ нуқтаи назаридан ҳам биринчи ўринга қўйишимиз зарур. Бу борада ХХ асрнинг етук бедилшунос олими, устоз С.Айнийнинг хизматлари беқиёсдир.

С.Айний жаҳон бедилшунослик фанида биринчи бўлиб монография ёзган улкан адабиётшунос ва забардаст ёзувчидир. Унинг тадқиқотлари 1946-1947 йиллар давомида матуботда эълон қилиниб, 1854 йили “Мирзо Абдулқодир Бедил” номида китоб ҳолида босилди.

Мустақиллик йилларида Мирзо Бедилнинг ғазаллари, ҳикматлари, рубоийлари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, республика вақтли матбуоти саҳифаларида чоп этилди ва этилмоқда.

2005 йилда Бедилнинг “Шавқингни ёд этиб” ғазаллар, рубоийлар ва достонлари тўпланиб нашр этилди. Шунингдек, 2007 йилда Матназар Абдулҳаким томонидан ғазаллари форсийдан ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ҳумо парвози” номли китоби чоп этилди.

Бедил асарлари Марказий Осиё театрларининг  саҳналаридан, кино экранларидан ҳам жой олди. Ёзувчилар Ш.Рашидов ва В.Виткович самимий севги ва вафодорлик қиссаси бўлган “Комде ва Мудан” достони асосида киносценарий ёздилар, ушбу сценарий асосида кинорежиссёр Комил Ёрматов бадиий фильм яратди.

С.Айний номидаги тожик Давлат опера ва балет театри саҳнасида “Комде ва Мудан” (композитор З.Шоҳидий, либретто автори А.Деҳқоний) операси муваффақият билан саҳнага қўйилган. Ушбу асар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, шоир Душан Файзий либреттоси асосида Самарқанд опера ва балет театри саҳнага қўйди.

Мирзо Бедилнинг асарлари умумбашарийлиги ва ҳамма даврлар учун ҳозиржавоблиги билан барчани мафтун этиб келмоқда, шунингдек, барча туркий миллатлар, жумладан, ўзбекларнинг ҳам маънавий мулкига айланган. Мирзо Бедил асарлари форсий тилдан қайта-қайта ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди ва нашр этилмоқда.

Унинг асарларида дўстлик, муҳаббат, вафодорлик, адолат, илм-маърифат, меҳр-мурувват ва одамийлик каби эзгу туйғулар қаламга олинган.

2009  йилда Мирзо Бедил таваллудига 365 йил тўлди. Бу тантанани Шарқ халқлари қаторида ўзбек халқи ва адабиёт аҳли ҳам муносиб нишонладилар.

Мирзо Абдулқодир Бедил — қиёси йўқ шоир, мутафаккир ва жамиятшунос олим, ўзига хос файласуфона қарашлар соҳиби бўлган инсондир. Асли Шаҳрисабзнинг барлос уруғидан бўлган шоирнинг ота-боболари Ҳиндистонга кўчиб бориб, ўша ерда турғун яшаб қолишган. Ҳиндистоннинг Азимобод шаҳри яқинидаги Патнада 1644 йилда ҳарбий хизматчи оиласида таваллуд топган Бедил 1720 йилнинг 5 декабрида Деҳлида вафот этади.

Унинг тинимсиз интилишлари ва изланишлари ҳатто ўн ёшида ёзган илк рубоийларида яққол сезилиб, атрофидагиларни ҳайратга солади. Олтмиш ёшга борганида ёзган «Чор унсур» асарида ўзининг ҳаётига, таржимаи ҳолига ва дунёқарашига оид фикрларини баён қилган.

Мавзуни  таҳлилчи   Нурхон Ҳакимова давом эттиради.

Таҳлилчи Нурхон Ҳакимованинг суҳбати эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Форсий қанд ҳаловати" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти uzbek.irib.ir орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Энди эса буюк Бедилнинг  гўзал бир ғазалини сизга тақдим этамиз.

Ёд этиб шавқингни, синган хаста диллар шоддир,

Шиша дилларга бу чил-чиллар муборакбоддир.

Оҳ ва кўз ёшим эгиз, мен бир ажиб миробман,

Шу шамол, бу сув билан дард боғларим ободдир.

Ғафлат ичра мен ҳаётни меҳрибон билдим ғалат,

Ҳар дамим қўш тиғли ханжар, умр эса жаллоддир.

Ҳайратим оғзи метин, юмшоқдир ундан тоштухум,

Фолбоқар ойнам синиб, бунданки у зурёддир.

Умр қушим парвози тинди шиша кўнглим ичра, оҳ,

Тип-тиниқ ушбу қафаснинг соҳиби сайёддир.

Зору муҳтожмиз агар-чи, биз қаноат бир-ла бой,

Ташна дил қонғайму ҳеч, дунё саробободдир.

Бўлди булбул нозга тутқун, ҳолбуки, бир урса пар,

Кўркиданмас гул, ўзидан ҳам ўзи озоддир

Ақлу ҳуш жоми синиқ, ундан саломатлик оқар,

Телбалик роҳат яратмакда ажиб устоддир.

Васл оқшомида исфандлар не хуш чарсиллади,

Ишқни мадҳ айлаб куйибдурман, бу — бир исботдир.

Кўп улуғ тушларга лоқайдмиз, нечунким, ўнгда ҳам

Ухлагудек дамда бир дунё, ахир, бунёддир.

Биз Хито — нақш ўлкасин кезсак, оёқнинг излари

Мўйқаламдир гўиё, сурган ажиб Беҳзоддир.

Сурмалар бахтлар қаросиндан нишон киприкдаги,

Ишқни кокиллар сезиб тўлғанди — жим фарёддир.

Кекса бу жонимни ковлаб, бахт йўлин очдим, не бахт

Қомати ёй, чунки Бедил, тешаи Фарҳоддир.

Йигирма ёшида биринчи марта шеърларини жамлаган Бедил умри давомида кўп йўлларни босиб ўтди. Халқ ҳаётини яқиндан ўрганди, замон эврилишлари ва мунофиқликларини кўрди, буларни ўз ижодида акс эттиришга, инсонларни доимо юксакликда, иттифоқлик ва меҳр-мурувватлиликда бўлишга чақирди, бу туйғуларни гоҳ ошкор, гоҳ кинояли, гоҳ ташбеҳлар воситасида қалбларга етказишга ҳаракат қилди...

Ниҳоятда сермаҳсул, тинмас ва изланувчан шоир бўлган Бедил катта мерос қолдирди. Унинг «Куллиёт»ига киритилган асарларининг ўзи 130 минг мисра шеър ва 50 босма тобоқдан ортиқ насрни ташкил этади.

Қадрли тингловчилар, «Форсий қанд ҳаловати» рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.