август 09, 2017 13:47 Asia/Tashkent

Бона тумани

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Сўҳбатларимизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, ўтган ўн йилликлар давомида ўтказилган археологик тадқиқотлар натижасида маълум бўлишича, Саққиз туманининг ҳудудлари қадимий ёдгорликлар билан тўлиб-тошган. Аммо ушбу туманга шўҳрат келтирган тарихий обидалардан Зивия қадимий тепаси ва қалъаси ҳамда Карафту ғорини мисол келтириш мумкин. Нафақат Курдистон вилояти, балки Эроннинг  ҳам муҳим, тарихий  ва  йирик ғорларидан бири  Карафту ғоридир. Ушбу ғор Курдистон вилоятида  ажойиб табиий жозибаларга эга ва  муҳим бўлган сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Карафту ғори Саққиз шаҳридан 72 километрлик узоқликда  ва Карафту қишлоғи яқинида жойлашган. Карафту мезозой даврида сув остида бўлган ва ушбу даврнинг охирларида , тахминан  60 миллион  йил олдин, сув остидан ташқарига чиққан. Ушбу ғорнинг узунлиги қарийб 750 метрни ташкил этади ва унда кўплаб иккинчи даражали  йўллар  ҳар томонга қараб ёйилган. Ғорнинг меъморчилик  кўриниши катта тошлардан ташкил топиб, тўрт қаватдан иборатдир.

Минтақа археологлари мазкур ғорнинг тўртинчи қаватини  “Эрмитаж зали” деб аташган. Зеро  ғорнинг мазкур қавати ўзига хос гўзаликка эгадир. Карафту ғорида иккита бино кўзга ташланади. Айтишларича, бу бинолар Ашконийлар даврига тааллуқли бўлиб, милоддан икки аср олдин қурилган. Кашф этилган ёдгорликлар, ашёлар, йўлаклар, қазилган хоналар ва  ўймакорлик қилинган даворлар  мазкур ғорда одамлар яшашганларидан далолат беради. Ғор ичидан бир кичик дарё ҳам ўтган ва ушбу кичик дарё бир нечта шар-шараларни вужудга келтирган ва ундаги  ҳовузда ҳам чучук ва зулол сув оқади. Карафту ғори тарихий жозибалари, табиий гўзаллиги ва ажойиблиги билан  Курдистон вилоятининг  муҳим сайёҳлик масканларидан бўлиб, ҳар бир кўрувчининг диққатини ўзига жалб этади.

Курдистон вилоятининг бошқа муҳим бўлган туманларидан бири Бона минтақасидир. Бона туманининг  ғарби ва жануби Ироқ юрти билан чегарадошдир. Бона шаҳри мазкур туманнинг маркази ҳисобланади ва денгиз сатҳидан 1554 метрлик баландликда жойлашган. Курдистон вилоятининг маркази Санандаж шимоли-ғарбидан  Бона шаҳригача бўлган масофа 270 километрни ва Бона шаҳридан Ироқ юртигача  бўлган масофа эса 21 километрни ташкил этади. Ушбу шаҳарни Зогрус каби тизма тоғлар иҳота этган. Табиий манзаралар жиҳатидан Бона тумани Курдистон вилоятининг бой минтақаларидан бири ҳисобланади.

Баланд тоғлар ва қалин ўрмонлар Бона туманига ўзгача чирой бахш этган. Баланд бўлган  тоғли тепаликлар кўп бўлгани боис мазкур минтақада чорвачилик учун  қулай шароитлар мавжуд. Хос табиий ҳолатлар учун ҳам ушбу минтақада кўчманчилик бир удумга айланган. Бона тумани Ироққа яқин бўлгани боис иқтисодий тараққиёт жиҳатидан минтақада етакчи ўринларни  эгаллайди. Милодий 2010 йилда Бона тумани Эрон Ислом Жумҳуриятининг давлати томонидан махсус иқтисодий минтақа эълон қилинади. Шу сабабдан ўтган йиллар давомида ушбу туман Курдистон вилоятининг тижорат марказига айланган.

 Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  ярим    соатлик  тонги     дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг.Эшиттиришимиз давом этади.

Бона туманининг диққатга сазовор жойлари бозорлар, тижорат марказлари, Дуконон ва Пирмурод  тоғли парки, Бона тўғонининг кичик кўли, Бона ва Маривон йўлида жойлашган Сурин дам олиш маскани ҳисобланади.

Бона минтақаси узоқ тарихга эгадир ва унинг аҳолиси кўплаб оғир ва баъзида  яхши ҳолатларни бошдан кечирган. Бона шаҳри  Биринчи ва Иккинчи Жаҳон урушлари вақтида ҳам номаълум сабабларга кўра уруш олови ичида қолган ва бутунлай харобага айланган. Бони минтақасида мавжуд қадимий сопол идишлар, тош битиклар ва бошқа эски  ашёлар унинг  узоқ асрлик ўтмишидан ҳикоя этади. Айтиш лозимки, Бона тумани Ироқ юрти билан чегарадош бўлгани сабабли Саддом режимининг Эронга қарши мажбурий уруши вақтида кўплаб зарарлар кўради ва ҳатто ушбу минтақа аҳолисига қарши  кимёвий ҳужумлар амалга оширган. Аммо бугунги кунда туман масъуллари ва халқ ташаббуслари билан  Бона минтақаси қайтадан обод этилган ва унда уруш изларидан асар ҳам қолмаган.

Курдистон вилоятининг бошқа туманларидан бири  Бижон минтақасидир. Мазкур минтақада ҳам  кўплаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Кейинги эшиттиришларимизда ушбу туман борасида сизга  кенгроқ маълумот берамиз.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

Ёрлиқ