Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Абу Наср Форобий «Шарқ Арастуси»
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Абу Наср Форобий «Шарқ Арастуси», «Иккинчи муаллим» номлари билан Ўрта Осиё маданиятининг асосчиларидан бирига айланганлиги бежиз эмас эди, албатта. Форобийнинг шахси ва ижоди кўпгина олимларнинг диққатини ўзига жалб этган бўлиб, у ҳақида кўпдан-кўп тортишув ва мунозаралар бўлиб турар эди. Унинг сўнмас илмий ва маданий мероси таъсири остида дунёнинг жуда кўп маданият вакиллари, жумладан, Низомий Ганжавий, Шота Руставели, Носир Хисрав, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Григор Тативаци, Иоане Петритси, Роджер Бекон, Сичер Брабантский ва бошқа юзлаб фан фидойилари шаклланган, ўзлигини англаб, мустақил ижод йўлини топиб олганлар, десак муболаға бўлмас.
Абу Наср Форобий ўрта аср фани ва маданиятининг барча муҳим соҳаларини тўла эгаллаган буюк алломадир. Унинг 160 дан ортиқ асар ёзиб қолдирганлиги маълум. Таниқли форобийшунос академик М.Хайруллаев ўзининг «Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири» асарида Форобий асарлари турли мамлакатлардаги машҳур шаҳарлар: Санкт-Петербург, Москва, Тошкент, Боку, Қозон, Қоҳира, Байрут, Дамашқ, Истанбул, Берлин, Лондон, Париж, Мадрид, Ню-Йорк, Ҳайдаробод, Исфахон, Бомбей, Теҳрон ва бошқа кўплаб шаҳарларнинг катта кутубхоналарида, давлат ва шахсий қўлёзма фондларида сақланиб, эъзозланиб келаётганлиги ҳақида ёзади. Форобийнинг сотсиологик, ижтимоий-фалсафий, табиий-илмий, тарбиявий-тиббий қарашлари, назарий хулосалари кенг қамровли ва ранг-баранг бўлиб, моҳият мазмунига кўра нафақат ўз замонаси учун, балки ҳозирги даврда ҳам жуда аҳамиятлидир.
Форобий яратган фалсафий тизим мазмунан универсал хусусиятга эга бўлиб, ўз даври фанларининг барча муҳим масалалари — фалсафанинг умумий муаммоларидан тортиб, табиатшунослик илмининг асосий фалсафий масалалари, борлиқни билиш ва мантиқнинг баҳсли муаммолари, инсон ва табиат ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик, яъни экологик муаммоларни ҳам ўз ичига олади.
Форобийнинг ижтимоий-фалсафий фикрлари ўзининг кенг қамровли, теран ва мазмундорлиги билан гуманистик хусусиятга эга. У «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари» деб номланган асарида Арасту томонидан илгари сурилган, инсон, энг аввало, ижтимоий ҳодиса, деб таърифланган ғояни янада аниқлаштириб, қуйидагиларни ёзади: «Ҳар бир инсон, ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришиш учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди ва уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёжи туғилади... Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришуви учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Эътибор беринг, муҳтарам ўқувчи, бу фикрларнинг замирида фалсафанинг бош муаммоси бўлган баҳсли масала — инсоннинг пайдо бўлиши, шаклланиши ва етукликка эришуви ҳақида сўз бормоқда. Энг муҳими, бу жараёнда жамоатнинг роли ва аҳамияти тўғрисида аниқ ва лўнда фикр билдирилмоқда.
Дарҳақиқат, Форобий ўз дунёқараши билан замонасидан анча илгарилаб кетган етук олим, илм ва маърифат курашчиси, табиат ва жамият ривожланиши қонуниятларини очиб беришга астойдил интилган буюк шахсдир.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Форобий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахт-саодатга эришув ҳақида» ва бошқа асарларида ахлоқ фалсафаси, жумладан, ахлоқий тарбиянинг муҳим муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилади. Мутафаккирнинг ахлоқ ва унинг асосида ёш авлодга тарбия бериш ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, аксинча, ахлоқий тарбиянинг янги усул ва қоидаларини ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштиришда жуда катта аҳамият касб этади.
Форобий ахлоқ тушунчасини кенг маънода талқин қилар экан, бутун инсонларни, уларнинг дини, эътиқоди, ирқи, тилидан қатъий назар, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликка чақиради. Дунёда бир бутун ягона инсон жамоасини шакллантиришни ва барча фуқароларнинг манфаатларини бирдек кўзлаб фаолият кўрсата олишини орзу қилади. Ўз даврида ажойиб орзу-истаклар ва ғояларни илгари сурган Форобийнинг дунёда ягона жамият барпо қилиш тўғрисидаги фикрлари ҳам кейинчалик дунёнинг жуда кўп мутафаккирлари, жумладан, немис файласуфи И.Кант томонидан ҳам илгари сурилган эди. Форобий илгари сурган, шунингдек, дунё олимлари томонидан ҳам мақсадга мувофиқ деб топилган «дунёда ягона фуқаролик жамияти»ни таркиб топтириш ҳақидаги ғоялари устида жиддийроқ бош қотирсак, бу ғоянинг бугунги кунда нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги равшан бўлади. Ахир биз, шу кунларда ХХ асрдан ХХИ асрга ўтиб, бутун инсониятга мисли кўрилмаган кулфатлар келтираётган: СПИД, терроризм, диний ақидапарастлик ва бошқа бузғунчилик хатти-ҳаракатларига қарши бутун инсониятни ҳамжиҳат бўлиб кураш олиб боришга чақирмоқдамиз-ку!
Форобийнинг фикрича, юксак ахлоқий фазилатларга риоя қилган ҳолда ривожланаётган ҳар қандай давлат ўз фуқароларини шак-шубҳасиз бахт-саодат йўлига олиб чиқувчи кучли қуролдир. Инсон билим ва намунали ахлоқ эгаси бўлгандагина яхши одат ва ҳаракатларни ўзида мужассамлаштира олади, у ҳар қандай ёвуз бузғунчиликлар кўчасига кирмайди, аксинча, уларга нисбатан шафқатсиз жанг олиб боради.
Буюк алломалар кенг дунёқараш, кўпқиррали илмга эга бўлишлари билан бир қаторда ҳунарга, касбга ҳам меҳр қўйган инсонлар сифатида тарихдан жой олганлар. Форобий ҳам ўз навбатида назарий жиҳатдан мусиқашунос, амалий жиҳатдан таниқли бастакор, халқ учун яқин ва қадрдон сиймо сифатида ном чиқарган устозлардан бўлган. У ўзининг «Мусиқа ҳақида сўз» асарида мусиқа тарихи, назарияси, мусиқа асбоблари, бастакорлик ва ижрочилик санъати бўйича ўз даври учун мукаммал маълумотлар бера олган. Кўпчилик европалик арабшунос олимларнинг таъкидлашларига қараганда, Форобийнинг мусиқа ҳақидаги фикр ва мулоҳазалари, асарлари, унга қадар мусиқа ҳақида яратилган асарлардан нафақат ўзининг устунлиги, балки оригиналлиги, ноёблиги ва янги назариялар билан тўлдирилганлиги сабабли, бутун Шарқ ва Европа мусиқа тараққиётига қўшилган улкан улушдир.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.