Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун жума ҳижрий-шамсий йил ҳисоби бўйича 1396-чи йил шаҳривар ойининг 3-чи санаси, ҳижрий-қамарий йил ҳисоби бўйича 1438-чи йил Зулҳижжа ойининг 3-чи санаси ва милодий ҳисоб билан 2017- йил 25 август кунидир
Бундан 922 йил олдин милодий 1095 йилнинг 25 август кунида насронийлар ва мусулмонлар ўртасида Салиб уруши бошланади. Салибчилар дастлаб Байтул мақдисни эгаллаб олишни мақсад қилиб қўйгандек кўрсатишди. Аммо воқеъликда эса, исломий юртларни босиб олиш ва мусулмонларни эксплуатация қилиш мақсадида Шарқ томонга қараб юриш қилишди. Католок черковининг издошлари ва тарафдорлари ушбу жангда қизил хоч белгисини кийимларига тикиб олиб, елкаларига ташлаб олишган эди. Шунинг учун ушбу урушлар Салиб уруши номи билан машҳур бўлган. Салибчилар мусулмонлар билан олиб борган кўплаб жанглардан сўнг, ниҳоят Байтул Мақдисга етиб келишди ва ушбу шаҳарни милодий 1099 йилда эгаллаб олишди. Сўнгра эса, халқни қирғин қилиш ва шаҳарни талон-тарож қилишни бошлашди. Бироқ, милодий 12 асрнинг охирларида Салибчилар Салоҳиддин Айюбий бошчилигидаги мусулмон аскарлари билан бўлиб ўтган урушларда мағлубият учрайди. Салоҳиддин Айюбий қўмондонлигидаги мусулмонлар 1187 йилда Байтул Мақдисни салибчилардан қайтариб олишади. Салиб урушлари милодий 1270 йилгача давом этди. Салиб қўшини кўплаб жангларда мағлуб бўлади. Жиддий уринишларга қарамай Байтул Мақдисни қайта ишғол эта олишмайди. Шундан келиб чиқиб, Салиб урушлари ғарбликларнинг хотираларида исломий цивилизация, ижтимоий, маданий ва муҳим илмий жиҳатларига катта таъсир қолдирган.
Бундан 76 йил илгари ҳижрий-шамсий 1320 йил шаҳривар ойининг 3-санасида иккинчи Жаҳон уруши даврида Иттифоқчилар кучлари Эронни ишғол этишади. Шу йилда фашистлар Германияси армиясининг Совет Иттифоқи ерларидаги тез суръатлардаги ҳаракатлари АҚШ, Англия ва Франциянинг хавотирланишига сабаб бўлди. Чунки, Германия Совет Иттифоқини мағлуб қилган тақдирда Ғарбнинг Ўрта Шарқ ва Узоқ Шарқдаги манфаатлари хатар остида қолар эди ва бутун урушда Германия ғалаба қозонишининг эҳтимоли ошарди. Шу сабабли ушбу учала давлат Эрон томонидан Совет Иттифоқига қурол-аслаҳа ва озиқ-овқат етказишга келишиб олишади. Ҳижрий-шамсий 1320 йил шаҳривар ойининг учинчи санасининг эрта тонгида Эрон давлатининг бетарафлик эълон қилишига қарамай, Совет Иттифоқи армияси шимоли-ғарб ва шарқдан, Англия кучлари эса жанубдан Эронга ҳаво, ер ва денгиз кучлари билан ҳужум уюштиради. Эроннинг мустабид ҳукмдори Ризохон шохнинг масъулиятсизлиги сабабли, бир неча ҳарбий кемалар чўктирилди ва Эроннинг Форс кўрфазидаги денгиз кучлари нобуд қилинди. Англия ва Совет Иттифоқи кучлари 20 кундан сўнг Эрон армиясининг тарқоқ қаршилигини мағлубиятга учратиб, Теҳронни ишғол қилишади. Лондон ва Москванинг келишуви асосида Ризохон тахтдан ағдарилади ва сургун қилинади ҳамда унинг ўрнига ўғли Муҳаммад Ризо шоҳ этиб тайинланади.
Бундан 26 йил олдин милодий 1991 йил 25 август кунида Европа шарқидаги Белоруссия юрти Совет Иттифоқидан ажралиб чиқиб, мустақил бўлади. Белоруссия милодий 14-асрдан бошлаб Литванинг мустамлакаси эди ва милодий 1569 йилдан Полша томонидан эгаллаб олинади ва унинг тасарруфига киради. 18 асрнинг охирларида Россия Белоруссияни Полшадан ажратади ва ўз таркибига киритади. Биринчи Жаҳон Урушидан сўнг Белоруссия Совет Иттифоқи ва Полша ўртасида тақсимланди. Аммо Совет Иттифоқининг Иккинчи Жаҳон Урушида ғалаба қозонишидан сўнг Белоруссия тўлалигича Совет Иттифоқига ўтади. Совет Иттифоқи республикаларида мустақиллик учун кураш жараёнларининг бошланиши билан Белоруссияда ҳам мустақиллик учун курашлар жонланади ва 1991 йил 25 августда Белоруссия ўз мустақиллигини эълон қилади.