сентябр 06, 2017 10:40 Asia/Tashkent

Форобийнинг фалсафий ва ижтимоий қарашлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

«Форобий фикрича, фанлар ва умуман билим борлиқдан келиб чиқиб, инсоннинг уларга бўлган эҳтиёжининг ўсиб бориши ва борлиқни узоқ вақт ўрганиши жараёнида муттасил ва изчил тўпланиб боради. Форобий системасида турли илмлар бир-бирини инкор ва истисно этмайди, балки ўзаро бир-бири билан боғлиқ ва дунёни билишга ҳамда бахт-саодатга эришишга хизмат қилувчи ягона ҳалқани ташкил ташкил этади» 

Форобий дунёқарашида ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий фикрлар ҳам муҳим ўринни эгаллайди. Алломанинг «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Фозил шаҳар аҳолисининг фикрлари», «Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола», «Буюк кишиларнинг нақллари», «Мусиқа ҳақида катта китоб», «Фуқаролик сиёсати» ва бошқа асарлари жамият ва уни бошқариш, ахлоқ-одоб ва таълим-тарбия масалаларига бағишланган.

Форобий Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари файласуфлари орасида биринчи бўлиб бошқа жамиятнинг келиб чиқиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқди. Ўрта аср шароитида жамият табиий равишда келиб чиққанлигини, инсон фақат бошқалар ёрдамида ҳаёт қийинчиликларига қарши кураша олиши мумкинлигини асослаб берди. «Ҳар бир инсон, – дейди Форобий, – ўз табиати билан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарcaлapra муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади. Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда уларнинг ҳар бирига яшаш. ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсонлар кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдитан қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди». Шаҳарлар, унинг фикрича, инсонларнинг жамоа бўлиб уюшишининг олий шакли бўлиб, унда инсоний баркамол бўлиб етишиши учун зарурий шароитлар бўлади. Форобий инсонлар табиий эҳтиёж натижасида ўзаро бирлашиб, жамоани ташкил қилганлигини алоҳида таъкидлайди.

Форобийнинг эътиборга сазовор фикрларидан бири жамият тараққиётида географик муҳитнинг ўрни масаласидир. Унинг ўйлашича, кишиларнинг муайян ҳудудда яшаши уларнинг турмуши тарзи, урф-одатлари, ахлоқи, хулқ-одобига таъсир кўрсатади, жамоага бирлашувига ёрдам беради. У мукаммал жамият тўғрисидаги таълимотида одамларни тўртта гуруҳларга ажратади. Бунда у инсонларни қайси динга эътиқод қилишига, ирқига қараб эмас, балки ақлий қобилияти, билими, илм-фанга қизиқишини инобатга олади. 

Форобий шаҳар-давлатларни фозил ва жоҳилга ажратади. Фозил шаҳар халқини бахт-саодатга элтиши, унинг бошлиғи эса адолатли, юксак аҳлоқли ва маърифатли, ўзида бутун ижобий хислатларни тўплаган бўлиши лозим. Лекин, шундай шаҳар ёки мамлакатлар бўладики, уларнинг аҳолиси нафсга берилган, бутун фикри-зикри бойлик тўплаш бўлади. Форобий бундай шаҳарларни жоҳил шаҳарлар деб атайди. Жоҳил шаҳарларнинг бошлиқлари ҳам фақат бойлик тўплашга ружу қўйган бўлади. «Улардан чиққан раҳбар ҳам, – деб таъкидлайди аллома, – раҳбарликни мол-дунё кўпайтиришда деб билади. Шунинг учун ҳам улар эртаю-кеч мол-дунё тўплаш харакатида бўлади. Бундай раҳбарларнинг қўл остида бўлган шаҳар ҳақидa ҳар турдаги бузуқ одатлар, шаҳвоний нафс, бир-бирини кўролмаслик, бир-бирини талаш, душманлик низо-жанжаллар пайдо бўлади».

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Форобийнинг ёзишича, ҳақикий бахтга эришиш учун ҳаракат қилувчи, ўзаро ёрдам қилувчи: халқини бирлаштирган шаҳар – фозил шаҳар ҳисобланади. Бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган ва бирлашган кишилар фазилатли жамоа бўлади. Форобий фикрига кўра давлатни идора этувчи шахс ўзининг фазилат ва хулқ-одоби билан ажралиб туриши, хусусан у 6 та хислатни эгаллаган бўлиши; яъни адолатли ва доно бўлиши, бошқаларга ғамхўрлик қилиши, қонунларга тўла риоя этиши ва қонунларни ярата олиши, келгусини олдиндан кўра билиши керак.

 Форобийнинг талқинича, фозил шаҳарлар юқори маданиятли бўлади. Унда яшайдиган халқ ўзи истаган касб-ҳунарни эгаллайди. Бундай жамиятда тўла эркинлик ва тенг ҳуқуқлик ҳукм суради. Форобийнинг фозил жамоа ҳакидаги таълимоти унинг аҳлоқий камолот ва бахт-саодатга эришув ҳамда инсонпарварлик ғоялари билан чамбарчас боғлиқдир. У ўзи­нинг ижтимоий-фалсафий, сиёсий ва ахлоқий қарашлари марказига инсонни, унинг мақсад-муддаоларини ўрганишни, ахлоқий камолот ва бахт-саодатга эришув йўлларини кўрсатишни қўяди. Ахлоқий камолот деганда, хайр-эҳсонли ишлар, гўзал инсоний фазилатларни тушунади. Аҳлоқий камолотга халақит берувчи салбий хислатларга дангасалик, бекорчилик, билимсизлик, онгсизлик, касб-ҳунарсизликни киритади. Форобий ақл, илм ва маърифатни бахт-саодатга эришишнинг асосий воситаси деб билди.

Таъкидлаш керакки, Фаробий нафақат Шарқ мусулмон дунёси,балки бутун жахон илм-фанига ўзининг катта, салмоқли ҳиссасини қўшган буюк мутафаккирдир.

Фаробий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларнинг карийб барча сохаларида 160 дан ортик асар яратган. У турли билимларнинг назарий томонлари, фалсафий мазмуни билан кўпроқ қизиққанлиги учун унинг асарларини икки гуруҳга ажратиш мумкин. 1) Юнон файласуфлари. табиатшуносларининг илмий меъросини изоҳлаш, тарғиб қилиш ва ўрганишга бағишланган асарлар; 2) Фаннинг турли соҳаларга оид мавзулардаги асарлар.
Ф
оробийнинг илмий мероси, умуман ўрта аср Шарқининг маданий-маънавий ҳаётидин, табий ва илмий, ижтимоий-сиёсий масалаларидан жуда бой маълумот беради. Мутаффакир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади.
Фаробий инсоннинг амалий фаолияти учун табий фанларнинг а
ҳамиятини  яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги нарсалар деб атайди.
Ф
оробийнинг фозил жамияти, комил инсон, бахт-саодат, ўзаро ёрдам, доно бошлиқ, тенглик хақидаги фикрлари ўз даври учун хаёлийдир. Кейинчалик бу умумбашарий интилишларни ифодалади. Унинг ижтимоий ғоялари кейинчалик сўнгги мутаффакирлар: Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Ибн Рушд, Бахманёр, Низомий, Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бедил, Иқбол, А.Дониш ва бошқалар ижодида ривожлантирилди.     

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.