Тарихнинг ўчмас кунлари
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил меҳр ойининг 15-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил муҳаррам ойининг 16-си ва милодий ҳисоб билан 2017 йил 7-октябрь
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
"Тарихнинг ўчмас кунлари" унвонли кундалик эшиттиришнинг янги сони билан камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
Бугун шанба, ҳижрий-шамсий 1396 йил меҳр ойининг 15-си, ҳижрий-қамарий 1439 йил муҳаррам ойининг 16-си ва милодий ҳисоб билан 2017 йил 7-октябрь.
Бундан 89 йил олдин, ҳижрий-шамсий 1307 йилнинг 15-меҳр ойида эронлик машҳур шоир ва рассом Суҳроб Сипеҳрий Эроннинг марказий шаҳарларидан бири бўлган Кошонда таваллуд топган. Сипеҳрий ўзининг биринчи шеърлар тўпламини “Марги ранг” (“Ранглар ўлими”) номи билан ҳижрий-шамсий 1330 йилда нашрдан чиқаради. Кейинги йилларда эса у “Ҳашт китоб” номи билан янги асарларини чоп эттиради. Сипеҳрий рассомликка ҳам қаттиқ қизиқарди. “Зиндагии хобҳо” (“Тушлар ҳаёти”), “Мусофир” ва “Овози Офтоб” (“Қуёш садоси”) унинг бошқа муҳим асарларидан ҳисобланишади. Бу шоир ўзининг янги усуллари, янги таъбир ва латиф тасвирлари билан Эроннинг ҳозирги замон адабиётида муҳим ўрин тутади. Суҳроб Сипеҳрий ҳижрий-шамсий 1359 йилда оламдан ўтган.
Бундан 68 йил олдин, яъни милодий 1949 йилнинг 7 октябрида Шарқий Германияда Демократик Республика ҳукумати таъсис этилади. Иккинчи Жаҳон уруши якун топганидан кейинги ойларда Шўролар Иттифоқи Германиянинг шарқий қисмларини ва Ғарб давлатлари унинг ғарбий қисмини ишғол этишади ҳамда Германияда ушбу давлатларнинг Қўмондонлик кенгаши бошқарув ишларини қўлга олади. Бироз вақт ўтганидан кейин Германияни бошқариш бобида иттифоқчи давлатлар ўртасида низо юзага келади ва Шўролар Иттифоқи 1948 йилда Қўмондонлик кенгашидан чиқади. 1949 йилнинг май ойида Германия ғарбида Федерал Республикаси ташкил этилади ва ўша йилнинг октябр ойида мамлакат шарқида коммунистик бўлганГермания Демократик Республикаси таъсис этилади. Икки қисмга ва турли тизимга эга бўлган Германия 1990 йилда яна бирлашади.
Бугунги кундан 16 йил олдин, яъни милодий 2001 йилнинг 7-октябрида Америка Афғонистонга қарши ҳарбий ҳужум бошлайди. Милодий 2001 йилнинг 11 сентябрь ҳодисасидан кейин Вашингтон ҳукумати Ал-Қоида террорчи гуруҳини йўқ қилиш баҳонасида ушбу ҳужумни амалга оширади. Афғонистоннинг кўплаб қисмини ўша вақтда ишғол этган толибон қароргоҳларига қарши АҚШ нинг қирувчи самолётлари кучли ҳужумларни бошлашади. Зеро ушбу террорчи гуруҳ Ал-Қоида гуруҳи раҳбари Усома бен Лоденни ҳимоя этарди. Мазкур ҳужумлар натижасида ҳарбий бўлмаган минглаб кишилар нобуд бўлишади. Америка ҳукумати Афғонистондаги Шимол коалицияси кучлари билан толибон ҳукуматини бартараф этган бўлсада, унинг раҳбари Мулло Умар ва Ал-Қоиданинг кўплаб бошлиқларини қўлга ололмайди. Афғонистонга АҚШ ҳужумидан 14 йил ўтган ва жорий йилда Мулло Умар ўлган бўлсада, ҳануз ҳам ушбу мамлакатда толибоннинг салбий таъсирлари камайган эмас.
Азизлар, “Тарихнинг ўчмас кунлари” унвонли ҳафталик эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.