декабр 05, 2017 15:11 Asia/Tashkent

Ғиёсиддин Жамшид Кошоний

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Бугунги суҳбатимизда сизни ислом даврининг  буюк математиги ва физиги ҳамда Эроннинг машҳур шахсиятларидан бири Ғиёсиддин Жамшид Кошонийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятлари борасида сизга маълумот берамиз. Бу донишманд қадимда мавжуд бўлган ҳисоблашнинг тўрт амалини янада такомиллаштирган ва ислоҳ этган. Айниқса унинг кўпайтириш ва тақсимлаш бобида яратган янги усуллари  таҳсинга  сазовордир. У ўзининг “ Ҳисоблар калиди”  номли дарслик китобида  математика асосларига доир муҳим маълумотлар берган ва ушбу соҳада замонасининг етакчи олимларидан бўлган.

Масъуд номли табибнинг ўғли  ва Ғиёсиддин номи билан танилган  Жамшид  ҳижрий-қамарий 790, милодий ҳисоб билан 1388 йилда Эрон марказида жойлашган  Кошон шаҳрида  туғилган.У ўзининг барча асарларида  шундай ўзини таништиради:”Худонинг энг камтарин бандаси ё Унинг энг эҳтиёжманди Унинг раҳмати ила Жамшид кошонлик табиб Масъуднинг ўғли Маҳмуд ибн Муҳаммад”.

Мазкур буюк донишманд борасидаги маълумотлар унинг асарлари ҳамда отаси ва Кошон халқига ёзган икки мактуби орқали олинган. Унинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик даври Темур Курагонийнинг Эронга қилган юришлари вақти билан тўғри келади. Ушбу оғир шароитга қарамай, Жамшид таҳсил олиш ва илм  ўрганишдан ҳеч вақт тўхтаган эмас.

Кошонийнинг қайси мадрасаларда  таҳсил олгани ва унинг устозлари борасида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, бироқ айтиш мумкинки, ўша вақтдаги Эроннинг марказий шаҳарлари, хусусан, Форс ва  Кошонда  у илм олишга эришган. Унинг отаси, айтиб ўтганимиздек, табиб эди ва эҳтимол, бошқа илмлардан ҳам яхши  бохабар бўлган. Зеро Ғиёсиддин Жамшиднинг бир мактубидан маълум бўлишича, унинг отаси Хожа Насириддин Тусийнинг шеър мавзусида ёзилган “Меъёрул-ашъор” асарига оид шарҳ ёзиш пайидан эканлигини ва уни ўғлига юборишини  баён қилган.

Кошонийнинг  биринчи илмий фаолияти   “Расади хусуф”  номланган асарнинг ёзилиши билан бошланган  ва ушбу асар  ҳижрий –қамарий 808 йилнинг 12-зилҳижжа ойида Кошонда ёзилганки, милодий 1406 йилнинг иккинчи июни билан тўғри келади.

Ғиёсиддин Кошоний ўзининг биринчи илмий рисоласини  “Суллам ас- само”  (Осмонлар нарвони) номи билан араб тилида қамарий 809, милодий 1407 йилда, яъни Темурнинг вафотидан  икки  йил ўтганидан кейин  ёзган. У 23 ёшда  бўлганида ҳам  Кошонда яшаган ва ҳайъат, яъни космология илми  бўйича форс тилида мухтасар китоб ёзади. Ўша даврда илмий асарлар ёзиш ҳукмронларнинг ҳимоясисиз жуд қийин эди. Ғиёсиддин Кошоний қамарий 816 йилда нужумшунослик бобида “Зижи Хоқоний” номли илмий асарни форс тилида ёзиб, Темурнинг невараси ва Шоҳрухнинг ўғли Улуғбекка совға сифатида  юборади. Султон  Улуғбек ўша вақтда Самарқанда яшарди.  Ўша вақтда Кошонийнинг иқтисодий аҳволи яхши эмас эди ва у Султон Улуғбек  ёрдами билан илмий ишларини давом эттиришга умид қилган эди.

Ғиёсиддин Жамшид Кошонда яшаган вақтида Эрон темурийлар шоҳларининг ҳукмронлиги остида эди.Ушбу даврда астрономия ва математика фанлари ниҳоят даражада ривожланиб борган эди. Ўша даврда энг яхши зижлар, юлдузлар ва математикага  оид китоблар ёзилган. Темурнинг энг оқил ва донишманд авлоларидан Шоҳрух Мирзо ва Гавҳаршод хотуннинг ўғли Султон Улуғбек Тарағай эди. Султон Улуғбекнинг ўзи ҳам астрономия ва математика фанларининг  билимдонларидан эди. Улуғбек отаси томонидан Мовароуннаҳрнинг ҳокими этиб тайинланган эди ва унинг ҳукуматининг маркази Самарқанд шаҳри эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

 Султон Улуғбек илми бўлган боис Самарқандда кўплаб шукуҳли  мадрасалар қурдиради ва ушбу шаҳарни илмий фаолиятлар марказига айлантиришга ҳаракат қилади. У ёшлигида Мароға расадхонасини кўрган эди ва шу сабабдан Самарқанда ҳам шунга ўхшаган йирик расадхона қуришни бошлайди.

Қамарий 823 йили қурилиши  бошланган расадхонани битказиш учун Улуғбек Шероз, Кошон ва бошқа шаҳарлардан салоҳиятли донишмандларни Самарқандга даъват этади.

Ҳужжатларда маълум бўлишича, Ғиёсиддин Кошоний қамарий 824 йилда машҳур асари “Талхис ал мифтоҳ”ни ёзган вақтида ҳам Кошонда бўлган.

Шуниси ажабланарлики, Кошоний каби машҳур донишманд “Зижи Хоқоний” ва номалар орқали Улуғбекка таниш бўлса ҳам, ўша вақтда Самарқандга  таклиф қилинмаган. Аммо кейинчалик у ҳам  расадхона ишларига ёрдам бериш учун ушбу шаҳарга таклиф қилинади.

Ғиёсиддин Кошонийнинг таржимаи ҳоли борасида сўз борар экан, айтиш лозимки,  у ёшлик йилларини Кошонда ўтказиб, риёзиёт ва фалакиёт илмига қизиқиб, қадимги Греция, Эрон ва Марказий Осиё  машҳур олимларининг асарларини таржима қилиб, уларга шарҳлар ёзган. У табобат, мантиқ, хуқуқушунослик, адабиёт фанини яхши билган. Кейинчалик Кошоний Ҳиротга келиб, Шоҳрух саройида хизмат қилган ва унга атаб "Элхон зижи”ни такомиллаштириш учун "Хоқон Зижи"  номли астрономик асарини битгани бобидаги маълумот ҳам бор. Айрим маълумотларда у ушбу асарини Кошонда ёзган. Унинг бу асари ўз давридаги астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган.

Қозизода Румийнинг маслаҳати билан Улуғбек 1416 йили Кошонийни Самарқандга таклиф этган ва у ҳаётининг сўнгги йилларигача Самарқандда яшаб, тахминан 1429 йилда вафот этган.

Жамшид Кошоний ўз  асрининг риёзиёт ва фалакиёт илмининг буюк алломаларидан бири сифатида ажойиб риёзиёт қомуси - "Мифтоҳ ал-ҳисоб" ("Ҳисоб калити") асари билан Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида, шунингдек, Марказий Осиёда машҳур эди. Ушбу асарда системали равишда баён этилган унли касрлар таълимоти Кошонийнинг юқори илмий ютуқларидан бири эди.

Риёзиёт фанида тақрибий ҳисоб усулини ривожлантириш борасида ҳам Кошонийнинг хизмати каттадир. Ушбу масалага у "Рисола ал-муҳития" ("Доира ҳақида рисола")сини бағишлади ва бу билан ўрта аср математикаси ривожига муҳим хисса қўшди. Асарда 17 аниқ унли белгига эга "Л" сонининг тақрибий маъноси аслият услуби билан кўрсатиб берилган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.