декабр 26, 2017 15:15 Asia/Tashkent

Аллома Кошоний ёзган асарлар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Аллома Кошонийнинг форс тилида отасига ёзган мактубларида Улуғбек ва унинг астрономик мактаби ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.

Эроннинг марказий шаҳарлари ва айниқса Самарқанддаги Ғиёсиддин Кошоний  илмий тадқиқотлари ва унинг математика ва астрономия соҳасида эришган ютуқлари Темурийлар даврида Хуросон ва Мовароуннаҳрда маданий ривожланиш ва турли юртлардан келган олимларнинг эркин илмий фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлигининг яна бир муҳим далилидир.

Эронлик  буюк донишманд Ғиёсиддин Жамшид Кошоний милодий 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: «Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши қуръони каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар.
У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганларки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, қамарий 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (мелодий 1415 йил 15-20 сентябр) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашни айтадилар. Шунга кўра отда кетаётиб, хаёлий ҳисоб билан қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топтилар. Кейин отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан ( яъни Кошонийдан) сўраб, аниқлаб олдилар.

Улуғбек барпо этган Самарканд мадрасаси ва илмий тўгараги Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатди.

Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта «зиж» ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра, Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: «Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйича расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади».

Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргаликдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани Ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.

Аллома Ғиёсиддин Кошоний ёзган асарларга оид маълумотларга  тўхталадиган бўлсак, унинг асарига доир мазкур китобларни эслатиш лозим:

«Мифтоҳ ал-ҳисоб» («Арифметика калити») (форс тилида ёзилган). Кошонийнинг асосий асарлари арифметика ва алгебра фанига бағишланган. Барча фанлар тарихида юқори баҳо берилади, бир қанча хориж тилларига таржима қилинади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

«Ар-Рисола ал-муҳитиййа» («Айлана ҳақидаги асар» (форс тилида ёзилган) – π (пи) амалий сонларига бағишланган ва ўша даврда sin 1° аниқ исботини қилиб берган. «Зижи Хоқоний дар такмили зижи Элхони»  ёхуд («Зиж Ҳоқони») (форс тилида ёзилган бўлиб) – астрономик жадваллари Шоҳрухга атаб тузилганди.

Унинг отасига ёзган мактуби Улуғбек маъмуни (академияси) тўғрисидаги қимматли маълумотлари Европа ва Осиёнинг  бир қанча тилларига таржима қилинган.

Аллома Ғиёсиддин Жамшид ибн Масъуд ал-Кошоний Улуғбек мактаби тарихида муҳим ўринни эгаллаган. Олим милодий 1416 йилиёқ астрономияга оид асбоблар ҳақида рисола ёзган. Бу рисолада баён қилинган асбобларнипг кўплари Улуғбек расадхонасидаги илмий кузатишларда фойдаланилган.

Математика, геометрия, тригонометрия, механика ва астрономия каби фанларнинг чуқур билимдони бўлган Ғиёсиддии Жамшид Улуғбекнинг эътибори ва ҳурматига сазовор бўлган.

Мирзо Улуғбек расадхона қуришдан олдин бу масалада Мавлоно Муъинуддин Кошифий, Қозизода Румий ва Ғиёсиддин Жамшидлар билан маслаҳатлашган.

Самарқандда яшаб ижод этган ва Улуғбек расадхонасининг пешқадам астроном олими Ғиёсиддин Жамшид қуйидаги асарларнинг муаллифидир:

1. «Зижи Хоқоний дар такмили зижи Илхоний» («Илхон зижини такомиллаштиришда Хоқон зижи»). Бу асар астрономия жадвалларини тузишда Мароға расадхонасида Носируддин Тусий (597/1200-672/1274) раҳбарлигида тузилган жадвалларга асос қилиб олинган.

2. «Рисола ал-муҳития» («Доира ҳақида рисола») асари араб тилида ёзилган.

3. «Суллом ас-самовот» («Осмонлар нарвони»). Араб тилида ёзилган бу асар осмон жисмларини ўлчаш масаласига бағишланган.

4. «Нузҳат ал-ҳадойиқ» («Боғлар сайри»). Бу асарда муаллиф Улуғбек расадхонаси учун ўзи ихтиро қилган астрономияга оид асбобларни шарҳлаган.

5. «Мифтоҳ ал-ҳисоб» («Ҳисоб калити») 1427 йили ёзилгаи бўлиб, у арифметика ва алгебранинг муҳим масалаларига бағишланган. Асарда бу масалаларга оид бир қанча мураккаб мисоллар ечилган.

6. «Рисола ад-ватар ал-жайб» («Хорда ва синуслар ҳақида рисола»). Олимнинг бу сўнгги асарида ўз даврига нисбатан янги ҳисоблаш усуллари тавсияси берилган. Ғиёсиддин Жамшид мазкур илмий асарлари, мадраса ва расадхонада олиб борган амалий фаолияти билан Улуғбек даврида Самарқандда олиб борилган астрономияга оид илмий кузатишларга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. У тахминан XV асрнинг 30-йилларида вафот этган.

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.