Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рўдакий
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Эрон юртида яшаб ижод қилган буюк шоирлар, адиблар, мутафаккирлар ва донишмандлар илм ва адабиётнинг барча соҳаларида мангу асарлар яратиб, ўз даврларининг энг илғор шахсиятларига айланишган эди. Эронликлар Сосонийлар ҳукмронлиги даврида ҳам илм, маданият ва тамаддунда дунё миқёсида юксак даражаларга эришган эдилар. Уларнинг ушбу ютуқлари бошқа халқларнинг маданияти ва тамаддунига катта ижобий таъсир етказган. Эронликларнинг минг йиллик тарихга эга бўлган шеърияти ва адабиёти ҳам бошқа санъат ва илмлари каби халқаро шуҳратга эга бўлган эди.
Халқларнинг адабиёти уларнинг ижтимоий ҳаётини кўрсатувчи йирик ойнадир.Зеро қиссалар, шеърлар, мақоллар ва бошқа санъатларда халқларнинг ҳаёти ўзгача жилва ва шукуҳга эгадир. Форс тили ва адабиёти ҳам жуда улкан маданий бойликларга эга бўлгани боис асрлар давомида илм, дин ва ирфон тили бўлиб келган ва ҳозир ҳам ушбу қоидадан чиққан эмас. Шу сабабдан форс тили ва адабиёти тўғрисида суҳбат қилиш эскирмайди, ёдлардан кетмайди ва кишини чарчатмайди. Дунёда ахлоқ ва одоб ҳамда ишқ ва дўстлик бор экан ва ҳаммани маҳлиё этар экан, форс адабиёти ҳам мангу ва барҳаёт қолади.
Адабий алоқалар жаҳон халқлари маданияти тарихида ўзига хос ўрин тутадиган ҳодисалардан биридир. Узоқ тарихий илдизларга эга ушбу ҳодиса доимо инсониятни бир- биридан ўрганиш, бир -бирига ўргатиш, бир маданиятнинг бошқа бир маданият ютуқларидан унумли фойдаланишга ҳидоят этиб келган.
Устод Абу Абдуллоҳ Рўдакий форс шеъриятининг шаклланишида улкан роль ўйнаган лирик ва эпик шоирдир. Уни ҳақли равишда шу адабиётнинг Одам Атоси деб аташади. Зеро, унинг ижодиётида форс адабиётининг шаклланиши ва мавзу жиҳатидан ўз йўлини белгилаб олганлиги яққол кўринади. Унинг шеърлари юксак маҳорати билангина эмас, зулм ва истибдод авжига минган замонада, ўрта асрчилик зулматида ярақлаган бир нур сифатида ажралиб туради, уларда юксак одамийлик, сўз санъати, халқона соддалик, доҳиёна тафаккур, туйғулар тозалиги бутун таровати билан кишини мафтун қилади.
Абу Абдуллоҳ Жаъфар Рўдакий тахминан ҳижрий – қамарий 244, милодий ҳисоб билан 858 йили Самарқанд яқинидаги Панжруд қишлоғида, деҳқон оиласида туғилди. Бу даврда Эроннинг муҳим қисмларидан бири бўлган Мовароуннаҳр Ҳиндистон, Хитой, Миср ва Сурия билан савдо ва маданий алоқаларни яхши йўлга қўйган эди.
X асрда Бухоро, Самарқанд, Урганч, Марв, Нишопур, Балх, Зарафшон водийсининг юқори қисми ҳунармандчилик, савдо ва маданий марказларга айланган эди. Айниқса, Бухоро шаҳри IХ-Х асрлардаёқ Шарқнинг энг йирик маданий марказларидан бири бўлган.
Рўдакий ёшлигиданоқ шеъриятга ихлос қўйди, ўз замонасининг машҳур чолғучиси Абул Аббос Бахтиёр қўлида мусиқадан маълумот олди. Дастлабки маълумотни ўз қишлоғида олган Рўдакий ўқиш учун Самарқандга борди. У ерда чуқур билим олиб, тез орада адабиёт ва санъат соҳасида ҳам донг чиқаришга муваффақ бўлди.
Бухоро ҳукмдори Наср II ибн Аҳмад Сомоний (914-943 йилларда ҳукмронлик қилган) даврида Рўдакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман, Шарққа кенг тарқалди. Рўдакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин.
Сомонийлар давлатининг кўзга кўринган давлат арбоби, Наср II ибн Аҳмаднинг яқин дўсти Абуфазл Балъамий Рўдакий ҳақида «У фақат машҳур шоир бўлибгина қолмай, балки ўз даврининг етук олими ҳам эди», деб баҳо берган.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Наср II ибн Аҳмад Сомоний Рўдакийни ўз саройига таклиф этгандан сўнг, шоир ҳаётининг кўп қисми Бухорода ўтди. Рўдакийнинг адабий меросидан бизгача минг байт етиб келган (2 қасида, 50 рубоий, шеърлар, достон ва бошқалар). Аммо XII аср шоири Рашид Самарқандийнинг таъкидлашича, биронта шоир Рўдакий сингари кўп асар ёзган эмас. Баъзи олимларнинг фикрича, Рўдакий бир миллион уч юз минг мисра шеър ёзган. Муҳаммад Авфийнинг хабар беришича, Рўдакий юзта тўплам (дафтар) ёзган.
Ас-Сомонийнинг «Китоб ул-ансаб» асарида келтирилишича, «Рўдакийнинг шеърлар тўплами Ажам (араблар яшамайдиган) мамлакатларда машҳур. Айтишларича, Рўдакий биринчи бўлиб форс тилида шеър ёзган шоирлардандир», дейилган. Шунинг учун ҳам Наср II ибн Аҳмад Сомоний, унинг вазирлари ва ҳарбий бошлиқлари унга қимматбаҳо совғалар берар эдилар. Шу туфайли Рўдакий катта бойликка эга бўлган. Аммо у бутун диққат-эътиборини шеъриятга ва фанга қаратган. Рўдакий шеърият вазифасини кишилар қалбига таъсир этиш, «сангу-сандон юракларни мум каби юмшатиш» деб билди. Унинг асарларида халқчил ғоялар кучли. Қадимги манбаларда Рўдакийнинг «Офтоб даврони», «Ароис ан-нафоис» («Нафис куртаклар») ва «Синбоднома» достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Рўдакийнинг қасидаларидан «Модари май», «Дар васфи Бухоро» ва «Шикоят аз пири» («Қариликдан шикоят») бизгача етиб келган. Рўдакийнинг ижодида X асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.
Рўдакийнинг ахлоққа оид асарларида ақл-идрок, хулқ-атвор ва билим асосий ўринни эгаллаган. Мутафаккир билимни ҳамма бойликлардан устун қўяди. Унинг айрим насиҳатлари инсоннинг қандай ҳолатда бахтли бўлиш шароитларини аниқлашга ёрдам беради. Рўдакийнинг фикрича, инсоннинг тўла бахтга эга бўлиши учун тўрт нарса керак: соғлиқ, яхши одоб, яхши ном ва ақл. У инсонларни воқеаларнинг ички моҳиятидан унинг ташқи томонини ажрата билишга чақиради. У яхшилик, сахийлик ва улуғворликни тарғиб қилади.
Рўдакийнинг табиат гўзалликларини ифода этган асарлари жуда жозибалидир. Унинг асарларида Ватанга, халққа муҳаббат мавзуларигина ёритилмай, кенг фалсафий фикрлар ҳам баён этилган. Масалан, «Қариликдан шикоят» асарида моддалар бир шаклдан иккинчи шаклга ўтишини ҳамда йўқ бўлиб кетмаслигини таъкидлайди.
Буюк мутафаккир кишилар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамкорлик кишилик жамияти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган. Унинг фикрича, ҳақиқий дўстлик учун кишиларни, ҳатто турли динда бўлишлари ҳам халақит бера олмайди. Унинг қуйидаги сатрлари диққатга сазовордир:
Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,
Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.