Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Буюк Рудакий ва жаҳон тадқиқотчилари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
Рудакийнинг неча байт шеър ёзганлигини биринчи бўлиб XII аср шоири Рашидий Самарқандий ўз шеърида кўрсатган.
Муҳаммад Афвий эса "Лубоб ул- албоб" тазкирасида Рудакий шеърияти ҳақида фикр билдириб. Унинг асарлари ҳар қандай мақтовдан устун ва уларнинг сони "
юзта шеърлар китоби" дан иборат эканлигини ёзади. Афвийнинг бу фикри кейинги даврларда ёзилган манбалар, жумладан, " Баҳористон" ва "Ҳафт иқлим" каби асарларда қайтарилади.
Ҳамдуллоҳ Муставфий Қазвиний эса ўзининг "Тарихи гузида" асарида Рудакийнинг шеърий мероси етти юз минг байтдан иборат эканлигини "Таърихи Манучеҳрий" китобида ўқиганлигини, аммо Эрон олими ва ёзувчиси Саид Нафисий бу китоб бизгача етиб келмаганлигини, шунинг учун уни аниқлай олмаганлигини афсусланиб ёзади.
Афсуски, шундай улкан шеърият хазинасидан бизгача баъзи қатралар –турли тазкира ва луғатларда Рудакий маснавийларидан мисол тариқасида келтирилган айрим парчаларгина сақланиб қолган, холос. Шунга қарамай, унинг асарларидан сақланиб қолган ҳар бир байт, ҳар бир сатрда шоирнинг буюк даҳоси уфуриб туради.
Рудакийнинг турли изоҳли луғат, жумладан, XI асрда тузилган "Луғати фурс" ҳамда турли тазкира ва тарихий асарлар узра сочилган пароканда байтлари денгиз тубидан териб олинган садаф сингари битта -битта Шарқ ва Ғарб олимлари, шарқшунослар томонидан териб тикланмоқда.
Ғарбий Европа мамлакатларида Рудакий меросини ўрганиш XIX аср бошларида бошланган бўлсада, унинг сақланиб қолган шеърларини тўплаш ишлари мазкур асрнинг 70- йилларига бориб тақалади.
Таниқли олмон шарқшунос олими Герман Эте Абу Абдуллоҳ Рудакий ҳаёти ва ижодига оид мақола билан бирга , йигирма тўртта манбадан шоирнинг 228 байтини танлаб олди ва олмон тилига таржима қилиб, 1873 йилнинг ноябрида нашр эттирди.
Бошқа шарқшунос Паул Хорн Асадий Тусийнинг " Луғати фурс" китобининг танқидий матнини тайёрлаш жараёнида Рудакийнинг " Калила ва Димна" ва "Синдбоднома" каби маснавийлардан ўн олти байтни топиб эълон қилди.
Абдулваҳҳоб Қазвиний 1909 йилда 13 асрга мансуб Шамс Қайс Розийнинг адабиёт назариясига оид " Ал- Мўъжам фи маъойир ул-ашъор ил-Ажам" номли асаридан Рудакийга тегишли 29 байтни топди, тадқиқотчи олимлар эса " Таърихи Байҳақий" дан шоирнинг 28 байтини териб оладилар. Шундай қилиб, 1897 йилда Теҳронда "Рудакий девони" нашр этилди.
Инглиз шарқшунос олими Денисон Росс " Рудакий ва сохта Рудакий" мақоласида Рудакий ва Қатрон Табризийнинг шеърлари аралашиб кетганлигига биринчилардан бўлиб ишора қилди.
Денисон Росс кўтарган баҳсли масалалар Эрон олими Саид Нафисийнинг " Аҳвол ва ашъори Абуабдуллоҳ Жаъфар бин Муҳаммад Рудакийи Самарқандий" монографиясида кенг ва чуқур тадқиқ қилинган. Олим ниҳоятда диққат эътибор билан етмиш саккизта манбадан Рудакийга тегишли деб ҳисобланган шеърларни таҳлил қилиб, натижада Рудакийга тааллуқли 832 байтни танлаб, нашр эттирди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Олмон олими Паул Ҳорн "Форс адабиёти тарихи" номли китобида Рудакий ижоди ҳақида ҳам синчковлик билан ёзади ва Рудакийнинг май ҳақидаги икки байтини келтириб хулоса қилади: "Эронда шоду хуррамликнинг учта манбаси мавжуд: май, ишқ ва мусиқа".
Инглиз шарқшуноси Эдуард Браун ўз илмий асарларида Рудакийнинг шоирлик маҳорати, созандалик ва хонандалик қобилияти ҳақида ёзиб, уни исломдан олдинги мусиқачи Борбад билан таққослайди. Э. Браун тарихий манбаларга таяниб, буюк шоир X асрдаги қарматийлар ҳаракатига мойил бўлган, деган хулосага келади.
Рудакий ижоди америкалик шарқшунослар эътиборини ҳам ўзига жалб этди. 1920 йилда америкалик олим Уильямс Жексон " Илк форс шеърияти" китобида Рудакий асарлари устида муфассал тўхталиб ўтади.
1924 -1926 йилларда инглиз олими Денисон Росснинг " Рудакий ва сохта Рудакий " ва " Рудакийнинг бир қасидаси" номли икки илмий мақоласи эълон қилинди. Ушбу мақоладан сўнг Ғарбда чех шарқшуносларининг " Форс адабиёти тарихи" номли эътиборга лойиқ жамоавий ишлари машҳур эроншунос академик Ян Рипка таҳрири остида босилиб чиқди. Бу китобда буюк шоир ҳақида тўлиқ маълумот билан бирга Рудакий яшаган даврга доир тўғри тасаввур берилади.
Шарқ мамлакатларида Рудакийни ўрганиш сал кечроқ бошланган бўлсада , тез суръатлар билан ривожланди. Ҳинд олими Шиблий Нўъмонийнинг " Шеър ул –Ажам" китоби гарчи Герман Эте тадқиқотлари таъсирида ёзилган бўлса ҳам, Рудакий шеъриятининг услуби ва бадиий хусусиятларини тадқиқ этишда жиддий қадам бўлди.
Туркияда Рудакий шеърияти асосида нафақат ўқув қўлланмалари яратилди, балки Валад Чалабий сингари олимлар Рудакийнинг форс адабиёти тарихида тутган ўрнини кўрсатиб ўтар экан, уни Эллада куйчиси Гомер билан қиёcлайди.
Кейинроқ Ленинградда Е.Э. Бертельснинг "Форсий адабиёт тарихи очерклари" китоби нашр этилади. Унда олим Рудакийни машҳур юнон шоири Гомер билан таққослайди ва ҳамда Давлатшоҳ Самарқандийнинг Рудакий ҳақидаги фикрига мойиллик билдиради. У Рудакийнинг " Қариликдан шикоят" қасидасини таҳлил қилиб, унинг буюк шоир эканлигини исботлаб беради.
Сўнгра Тошкентда А. Семёновнинг " Икки буюк шоир", Душанбеда устод Садриддин Айний ва Сотим Улуғзодаларнинг Рудакий ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолалари эълон қилинди. Уларда Рудакий даври адабий маданий муҳити ва шоир шеърларидаги ҳаётсеварлик ғоялари каби масалалар қаламга олинган. Устод Садриддин Айний иккинчи мақоласида Рудакийнинг қабрини аниқлаш масаласида уюштирилган давлат илмий экспедицияси фаолиятини муфассал баён этган.
2008 йили ЮНЕСКО қарори билан Абу Абдуллоҳ Жаъфар бин Муҳаммад Рудакий таваллудининг 1150 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланди.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.