феврал 06, 2018 15:30 Asia/Tashkent

Шоир Дақиқийнинг ҳаёти ва ижоди

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, олдинги эшиттиришимизда  таъкидлаб ўтганимиздек, Сомонийлар даврининг кўзга кўринган шоирларидан бири устоз Абу Мансур  Муҳаммад бин Аҳмад Дақиқийнинг туғилган йили маълум эмас.

Айрим эҳтимолларга кўра,  у ҳижрий-қамарий тўртинчи асрнинг ўрталарида Эроннинг  шарқида жойлашган  шаҳарлардан бири Тус, Балх ё Марвда дунёга келган. Тадқиқотчилар ва муҳаққиқларнинг ақидаларига кўра, у шоирликни ёшлигидан бошлаган ва кўп умрга эга бўлмаган вақтида  турк бўлган қули томонидан ўлдирилган. Дақиқийнинг дастлабки шеърлари қасидалар, қитъалар ва гўзал ғазаллардан иборат бўлган. У умрининг охирларида “Шоҳнома”  ёзишни бошлаган. Аммо бевақт ва фожиали тарзда  унинг ўлдирилгани  сабабли шоирнинг  “Шоҳнома”си охирга етмаган.

“Дақиқийнинг “Шоҳнома” си “Гуштосбнома” номи билан ҳам машҳурдир. Айрим манбалардаги маълумотларга биноан Дақиқий кўп сафар қилган ва бир юртдан бошқа юртга бориб, амир ва ҳокимлар ҳақида мадҳиялар ҳам ёзган ва ушбу йўл билан яшаш учун  бўлган эҳтиёжлари   ва кундалик харжларини чиқарган.

Адабий танқидчилар ва тадқиқотчиларга кўра, шоир Дақиқий яшаган аср Хуросонда нафақат шеърият ва шоирликнинг  гуллаб-яшнаган асри, балки қадимий урф –одатларни  қайтадан эҳё этиш асри ҳам бўлган. Айнан ушбу даврда шоирлар ўтмишдаги маданиятни қайтадан тиклаш ва миллат учун фахр ҳисобланган айрим урф –одатларни жонлаштириш учун саъй-ҳаракат қилишади.

Мазкур даврда форс шеърияти Рудакий ва Шаҳид Балхий  шеърлари билан шаклланади ва улардан илҳомланиб кўплаб мумтоз  шахсиятлар юзага келишади.Ўша замонда кўплаб шоирлар араб шеърияти ўрнига форс шеъриятини мустаҳкам этишга  саъй-ҳаракат қилишади. Ушбу шахсиятлардан бири шоир Дақиқий эди.

Дақиқий ўзининг қисқа умри давомида “Шоҳнома” ёзишни бошлаган эди  ва  ушбу йирик асар учун фақат минг байт ёзишга улгурди, холос. Таъкидлаб ўтганимиздек, ушбу байтлар шоҳ Гуштосб достони, Зардушт зуҳури ҳамда Гуршосб ва Аржосб ўртасида юз берган мазҳабий урушни ифодалайди.

Шоир Дақиқийнинг ўлими сабабли “Шоҳнома” асарининг ёзилиши тўхтаб қолади. Агар буюк Фирдавсий бўлмаганида, “Шоҳнома”  учун ёзилган  ушбу минг байт ҳам орада йўқ бўлиб кетиши мумкин эди. Устоз Фирдавсий ўзининг безавол бўлган “Шоҳнома” сида Дақиқийнинг минг байтини ўзгартирмасдан  жой берган.

Абу Мансур Дақиқий 10 асрнинг ўрталарида Чағониён минтақасига келади ва бир неча йил  шу ерда яшаб қолади. Дақиқий Абу Али Аҳмад Чағоний ва Абу Мансур Чағонийларга қасидалар ёзган.

Дақиқий ижодининг гуллаган вақтида хайрли ишга қўл уради. 9 асрда яшаб ижод қилган Абу Мансурнинг  насрий "Шоҳнома"си асосида шеърий "Шоҳнома"  яратишга киришади. Шоир бу ишга 976 йилда  Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур топшириғи билан киришди. Аммо минг байтдан кўпроғини ёзиб тугатганда, ўз қули томонидан ўлдирилади. Шарқшунос Е.Э. Бертельс бу хусусда тўхталиб: " Шу даврдаги барса аслзодаларга хос енгилтаглик  ахлоқидан ( кейингилар ҳам аввалгиларидан  унчалик фарқ қилишмаган) Дақиқий ҳам холи эмас эди. Кечқурун уни Бухоро ва Самарқанд бозорларида  юқори баҳоланадиган  турк ғуломлари хизматда бўлган, безатилган  хос хонага кузатишади. Таниқли кишилар бундай  чиройли  йигитчаларни сотиб олишар, уларни ясантириб қўйиб, бу маҳбубларининг барча ноз- инжиқликларини кўтаришдан завқ олишарди.

 Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Ўша давр шоирлари ҳам шундай эрмаклар билан ўта оғир усулларга  кўчар, шунда муҳаббат қўйилган  йигитчаларнинг жанговарлиги тутиб, ўз соҳиблари учун хавфли  бўлиб қолишарди. Бундай ҳолни Дақиқий ҳам ўзида синаб кўрди. Шундай айш ишратларнинг бири чоғида жаҳли чиқиб кетган турк ғуломи  уни эрамизнинг 976 йилида ханжар санчиб ўлдирди", деб битади.

Таъкидлаб ўтганимиздек, буюк Фирдавсий шоир Дақиқий ёзган  “Гуштосбнома” даги минг байтни ўзининг машҳур асарига киритади.

Шунинг ўзиёқ Дақиқийнинг  етук қалам соҳиби эканлиги, Фирдавсийдек  юксак истеъдод эгалари  шоир битикларидан фойдаланишни  фахр деб билганлигини кўрсатади. Фирдавсий бу минг байтни ўз "Шоҳнома"сига  киритар экан, унинг муқаддимасида  бу хусусда тўхталиб, шундай ёзган эди:

Белин боғламиш шоири навжувон,

Ёзувда ажойиб ва равшан равон.

Назмда тизибдур чунонам сухан,

Ки ундан севинмиш  дили анжуман.

Дақиқийнинг “Гуштосбнома” си ушбу байт билан бошланади:

Чу Гуштосбро дод  Лаҳросб тахт,

Фуруд омад аз тахту барбаст рахт.

Лаҳросб подшоҳликни Гуштосбга топширганидан кейин  тахту тождан воз кечиб, Балхга боради ҳамда зоҳидликни пеша этиб, дуо ва ибодат билан шуғулланади. Салтанатга етган Гуштосб  эса мамлакатни обод қилишга киришиб, халқни ростлик ва адолат бўлган худо динига даъват этади ва ўзи ҳам  адолат ўрнатишга ҳаракат қилади.  Ушбу даврда барча шоҳлар  унга бож тўлашарди.  Фақат  Чин подшоҳи Аржосб солиқ тўламасди ва унинг ўзи Гуштосбдан бож  оларди. Зардушт зуҳур қилганидан кейин Гуштосб ушбу дини қабул қилади ва мамлакатида  мазкур   динни жорий этади. Аржосб ушбу хабардан огоҳ бўлганидан кейин асабийлашади. Гуштосб ушбу динини унинг мулкида ҳам ёйиш учун уруш бошлашидан хавотирланади. Аржосб хатарни олдини олиш учун Гуштосбга кўплаб совғалар ва мактуб  юборади. Бироқ Гуштосбга бу нарсалар таъсир қилмайди. Натижада улар ўртасида уруш бошланади. Жангда кўплаб турклар ҳалокатга етказилади ва Аржосб қочишга мажбур бўлади.

Шоир Дақиқий шеъриятидан  айрим намуналар:

Бунда жуда узоқ қолдим хор бўлиб,

Азиз узоқ қолса доим бўлар хор.

Оқмай туришидан сасиб кетади,

Мева ичра сув ҳам жим турса бисёр.

Оламда неки бор яхши ёмондин,

Тўрт нарсага мойил Дақиқий дили:

Ёқутранг лаблару чангнинг ноласи,

Хушранг май- шаробу зардуштий дини.

 Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.