феврал 07, 2018 16:36 Asia/Tashkent

Нишобурнинг буюк шахсиятлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,

Нишобур шаҳрида буюк шахсиятлар яшаб ўтишган. Ушбу шахсиятлардан бири ҳаким Умар Хайём эди.

Ҳаким Умар Хайём 27 ёшда бўлганида етук донишмандлар билан замон тақвимини ислоҳ этишда бошчилик ва ҳамкорлик қилади. Исфаҳон расадхонасида  4 йил давом этган ушбу илмий фаолият натижасида “Жалолий тақвими” тайёрланади ва ушбу тақвим ҳозирги кунда ҳам  энг тўғри календарлардан ҳисобланади.
Умар Хайём ҳақида Европада биринчи бўлиб 1700 йилда Оксфорд университети олимлари Томас Гайд, Фон Гомер Бигестел, Меме Ноколаслар ёзиб чиқишган. Ҳатто 1856 йилда англиялик шоир Эдвард  Фицжераьлд 70 рубоийни таржима қилиб, устози Говлга ёзган бир мактубида «Мен бу рубоийларни ўз аслидек таржима қилмадим, баъзи жузъиётларини сақлаб қолган ҳолда, бир-бирига аралаштириб, ўзгартирдим», дея ёзганди.

Колумбия университети профессори Д.Жонсон эса очиқ-ойдин ёзган эдики, «Нишопурда тахминан беш-олти киши мунажжим ва ҳаким Хайёмнинг нозик кузатишлар билан тузган тақвимини, ҳисобларини билади, унинг донишманд файласуф бўлганлигини ҳам балки эслашар, аммо шоир бўлганини биладиган йўқ. Европада эса уни энг эъзозли сўз усталаридан бири сифатида кўпчилик танийди».
Фицжеральд таржимасига мансуб бўлган «Рубоиёт» ҳақида Ҳ.М.Кодал, Ф.Ҳенри сингари адабиётшунослар ҳам бир қанча мақола, китоблар ёзишди ва буларнинг натижасида ўз даврида мунажжим, табиб, математик сифатида Шарқда довруқ қозонган Умар Хайём XIX асрда Англияда ва Fарб дунёсида шоир сифатида танилди.

Ҳаким Умар Хайёмнинг мақбараси Нишобур шаҳрида муҳим ёдгорликлардан бири бўлиб, машҳур меъмор Ҳушанг Сайҳун раҳбарлигида қурилган. Эрондаги ҳозирги  ва қадимий меъморчилик усуллари уйғунлашган ҳолда қурилган Умар Хайём мақбараси гаеометрик  шакллар ва математика услубини ўзида мужассам этган. Мазкур мақбара баландлиги 12 метрдан бўлган устунлар орқали расадхона шаклида қурилган. Уларнинг орасидан юлдузларга боқсангиз, гўзал манзара кўз олдингизга келади. Мақбара устунлари куб шаклида уларнинг ўртасидаги масофалар тўртбурчак шаклида қурилган. Уларда гўзал хатлар билан шоир Хайёмнинг рубоийлари ҳам ёзилган. Мақбаранинг гунбазга ўхшаган учи ва сутунлар биргаликда  132 квадрат метр масоҳатга эга. Хайём мақабараси олдида мавжуд боғ  мажмуаси ва кутубхонадан сайёҳлар бемалол фойдаланишлари мумкин.

Нишобурнинг бошқа машҳур шахсиятларидан бири эронлик машҳур шоир ва ориф Фаридуддин Аттор Нишбурийдир. Шайх Аттор ҳижрий-қамарий 540, милодий ҳисоб билан 1146 йилда таваллуд топган ва ҳижрий –қамарий 618 йилда  вафот этган. Унинг мақбараси Нишобур шаҳрида ҳижрий-қамарий IX-асрда қурилган. Ҳозирги  кунда Шайх Атторнинг мақбараси саккиз қиррали гунбаз шаклида бўлиб, тўртта кириш эшигига эгадир. Кошилар билан безатилган ушбу гунбаз  ташқарисида тўртта павилион қурилган. Гунбаз ичида Шайх Атторнинг қабри ва хос тарзда бўлган сутун мавжуддир.

       Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  ярим    соатлик  тонги     дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Аттор жуда сермаҳсул шоир бўлиб, ундан 50 минг байт шеърий асар қолган. Шоирнинг шеърий девони, «Мухторнома» рубоийлар тўплами, «Мантиқ ут-тайр», «Хусравнома», «Асрорнома», «Илоҳийнома», «Мусибатнома», «Булбулнома», «Уштурнома», «Жавҳар уз-зот» достонлари ва «Тазкират ул-авлиё» тазкираси айниқса машҳур.
Аттор асарлари, асосан, тасаввуф ҳақиқатлари баёнига бағишланган. Шунинг учун ҳам унинг тасаввуф адабиётидаги мақоми юксак. Фаридиддин Атгор — форсий сўз санъатидаги забардаст рубоийнавислардан бири ҳисобланади: унинг «Мухторнома»си 5000 та рубоийни ўз ичига олади. Албатта, уларнинг барчаси бизгача етиб келмаган. Асарнинг Эронда нашр этилган сўнгга нашрида, иловалар билан қўшиб ҳисоблаганда, 2279 та рубоий берилган.
Сўфиёна руҳ ва мазмунга йўғрилган бу рубоийлар, бир сўз билан айтганда, Оллоҳни улуғлаш, илоҳий ишқни авж пардада куйлаш, инсонлик моҳиятини англаш, камолот йўлида парда бўлган жисм, нафс ва дунёни мазаммат қилиш, маъшуқа таъриф-тавсифи, висол умиди-ю, айрилиқ азоблари тасвирига бағишланган.

Мавлавий «Шайх Мансур Ҳаллож нури юз эллик йилдин сўнгра Шайх Фаридиддин Аттор руҳига тажалли қилди ва унинг мураббийси бўлибдир», — деб ёзган эди. Айни пайтда, Аттор Жалолиддин Балхийнинг келажагини башорат қилиб, унга ўзининг «Асрорнома» китобини ҳадя этган.
Румийнинг: «Аттор руҳ эди-ю, Саноий унинг икки кўзи. Биз Саноий ва Аттор изидан келдик», — деган иқрори бежиз эмас.

Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.

 

 

 

Ёрлиқ