Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар
Абу Саъид Абулхайр
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшитиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз. Бизни тинглаб боринг.
Эрон маданий ҳудудларини кенгайишида ҳукмдорларнинг ҳарбий фатҳ этишлари билан бирга Эрон ирфони ва тасаввуфи ҳам муҳим рол ўйнаган. Орифларнинг назарий сайру сулуклари ҳамда Ислом олами бўйлаб уларнинг муҳим зиёратгоҳларни ибодат қилиш учун узоқ йиллик сафарлари, айниқса эронлик сўфиларнинг назарий ва амалий ҳаракатлари ва уларнинг маърифатлари, латиф завқ ва маданиятлари бошқа миллат вакилларига улкан ижобий таъсир етказган эди. Эронлик орифларнинг маънавий ва маданий таъсирларини халқаро миқёсда кузатиш мумкин эди.
Эронлик буюк орифлар ушбу кенг мамлакатнинг бир гўшасида дунёга келишган ва бошқа жой ё юртларда вафот этишган. Исломнинг Ҳиндистон ярим оролида кенгайгани Маҳмуд ва Темурларга ўхшаган султонларнинг қиличлари орқали эмас, балки эронлик мусулмон сўфи ва шайхларнинг маънавий нуфузлари ва иссиқ нафаслари орқали аҳолини Ислом динига юзланишларига сабаб бўлган.
Эрон –Ислом тасаввуфи, шак-шубҳасиз, энг бой бўлган Эронинг адабий-маданий меросидир. Мазкур мерос маънавиятга ташна бўлган бутун дунё учун ҳам муҳим саналади. Эронлик сўфилар исломий тасаввуфни бойитишда улкан ҳисса қўшганлар. Зеро ушбу ҳавзадан эронлик бўлган машҳур ирфон ва тасаввуф аҳлини чиқарсак, унда кўзга кўринадиган шахсиятлар жуда кам қолишади.
Ҳаллож, Шиблий, Жунайд каби даврон яратган шахсиятлар Ироқ жуғрофик ҳудудларидан, Боязид, Харақоний, Абу Саъид Абулхайр каби ҳайратлантирувчи шахсиятлар Буюк Хуросон жуғрофик ҳудудларидан ва бошқа машҳур шахсиятларни ушбу ҳавзадан чиқарсак, чинданда унда катта етишмовчиликни сезамиз.
Ирфон ва тасаввуф аҳли асарларини ҳам форс адабиётидан чиқарсак, ушбу адабиётда катта йўқотиш бўлади. Чунки Эрон форс адабиётининг қудрати муайян миқдорда ушбу орифона ва сўфиёна асарлардан сарчашма олади.
Абу Саъид Абулхайр ҳижрий-қамарий бешинчи асрнинг авваларида Буюк Хуросонда яшаб фаолият қилган машҳур ориф ва муҳаддисдир. Эронлик бу етук ориф ҳижрий-қамарий 357, милодий ҳисоб билан 967 йилда Миҳана қишлоғида туғилган. Ҳижрий- қамарий 440, милодий ҳисоб билан 1048 йилда ўша қишлоқда 81 ёшида вафот этган. У балоғатга етган вақтида Буюк Хуросон Ғазнавийлар ҳукмронлиги остида эди ва пойтахт Ғазна шаҳри ҳисобланарди.
Ғазнавийлар қудратли империяни яратишган эдилар ва ушбу империянинг ҳудудлари Эрон ғарбидан Ҳиндистон шарқигача чўзилган эди. Абу Саъид Абулхайр ҳаётининг охирги йилларида Хуросон қўчманчи турклар томонидан ишғол этилади. Уларнинг бошлиқлари Марказий Осиёдаги салжуқ хонадонидан эдилар.
Абу Саъиднинг отаси аттор ва ирфон аҳлидан эди ҳамда ўша вақтдаги орифлар билан яхши алоқада эди ва йиғинлар ҳам ташкил этарди. Абу Саъид ҳам болалик давридан бошлаб ушбу йиғинларда иштирок этарди.
Шу тариқа у ўша даврдан бошлаб отаси ва унинг дўстлари орқали ирфон асоси ҳамда ирфоний сайру сулук билан танишган эди. Абу Саъид бошланғич таҳсилини Миҳана қишлоғидаги устозлардан олади. Адабиёт, диний фанлар ва араб адабиёти билан яқиндан танишганидан сўнг Сарахсга боради ва у ерда фиқҳ, тафсир ва ҳадис ўрганишни бошлайди.
Ўша вақтда ёш бўлган Абу Саъид машҳур орифлар Абулҳасан Харақоний ва Абулқосим Башар Ёсин каби устозлардан илм ўрганади. Кейинчалик фиқҳ, тафсир ва ҳадис илмларини билувчи етакчи шахсиятга айланади.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган оқшомги дастуримизда "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса uzbek@ ParsToday.com.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.
Абу Саъид Абулхайр зотан бўлган қизиқишлар, оила тарбияси ва устозларнинг руҳоний таълимотлари сабабли болалик давридан бошлаб ирфон оламига катта тамойил кўрсатган эди ва шу боисдан у йиллар ўтиши билан сабақ ва таҳсилни четга суриб, риёзат ва танҳо бўлишларга юз тутади. Шу йўсинда у ирфон тариқатида ҳаракат қилишни ихтиёр этади. Ушбу даврдан бошлаб у танилган ориф сифатида ваъз айтиш ва кўплаб шогирдаларни тарбия этиш фаолиятларини бошлайди.
Бир қатор китобларда мавжуд маълумотларга кўра, Абу Саъид Абулхайр орифона йиғинларда нутқ сўзласа, ўзининг байт ва шеърлари ҳамда ўзидан олдин яшаган шоирларнинг ижодларидан фойдаланар экан. Ушбу йўл билан у ўзининг сўзларига ўзгача чирой ва шаҳомат бахш этар экан. Унга 1500 байт тегишли эканини айтишган, аммо ушбу байтларнинг айримлари ундан олдин яшаган шоирларга тегишлидир.
Абу Саъид ушбу шеърларни сўзининг ўрталарида ўқиган ва мақсадини кенгроқ ёритиш учун ушбу байтлардан фойдаланарди.
Унинг асарларини ўрганган барча муҳаққиқ ва адабиётшунослар Абу Саъид Абулхайрни биринчи эронлик ориф шоир сифатида тан олишган. Зеро у биринчилардан бўлиб ўзининг ақида ва тафаккурини шеър билан ифода этган. Шу сабабдан уни Аттор ва Саноий каби бошқа машҳур бўлган орифлардан олдинроқ фаолият бошлаганини таъкидлашади.
Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг асарларини аниқлаш ва унинг шеърларини ажратиб олиш мураккаб ва қийиндир. Айрим тадқиқотчилар унинг ашъори кам бўлганини таъкидлашади.
Шоир ва муҳаққиқ ҳамда Теҳрон университети ўқитувчиси доктор Шафиъий Кадканий ушбу машҳур ориф ва унинг шеърлари борасида бошқалардан кўра кўпроқ илмий ишларни амалга оширган. Устоз Кадканийнинг ёзишича, унга тегишли саналган шеър ва байтларнинг фақат айрим рубоийлари Шайх Абу Саъид Абулхайрникидир ва ушбу рубоийларнинг ўзи унинг машҳур шоир эканлигидан далолат беради. У форс адабиёти тарихида машҳур шоирлардан бири бўлиб, ирфоний шеърнинг асосчиси ҳисобланади. Унинг гўзал рубоийлари машҳур шоир ва файлсауф ҳамда рубоийга камол бахш этган ҳаким Хайём рубоийлари билан бир қаторда туради. Абу Саъид Абулхайр яхшилик, поклик ва эркин фикрлашни ўргатувчи буюк устозларнинг биридир.
Кўплаб адабий тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, Абу Саъид шоир бўлишидан кўпроқ шеърни эъзозлаган ва кўплаб шеърларни ёддан билган. Унинг невараси томонидан жамланган унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлардан маълум бўлишича, у шеърга беш-олти ёшлигидаёқ меҳр қўйган ва умрининг охиригача шеърга ҳамдам бўлган. Бу ориф ирфоний маъноларни шогирдларига тушунтириш ва таълим бериш жараёнларида кўпроқ шеърлар айтган. Унинг ўқийдиган шеърлари мазмунан сода ва ҳаммага тушунарли бўлган.
Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.