феврал 27, 2018 14:56 Asia/Tashkent

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг ҳикматли сўзлари

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Азизлар, олдинги эшиттиришларимизда таъкидлаб ўтганимиздек, “Асрор ут-тавҳид” китобида фақат унинг айтган арзирли сўзлари ва ақидалари борасида маълумот берилмаган, балки  унинг ажойиб феъл- атвори тўғрисида ҳам қизиқарли воқеалар нақл этилган. Мазкур маълумотлар орқали  китоб ўқувчиси Абу Саъид Абулхайрнинг  юксак шахсияти  билан  яқиндан таниша олади.

“Асрор ут-тавҳид” китоби ва бошқа манбаларда келтирилган маълумотларда аён  бўлишича,  Абу Саъид Абулхайр халқ билан доим бирга бўлиб, кўнгли очиқ ва  улфат  ҳамда одамлар ташвишларига бефарқ бўлмаган бир шахсият бўлган ва бошқа айрим орифларга ўхшаб, оммадан ўзини четга олмаган.

Унинг тасаввуфи ижобий, воқеликни кўрувчи ва оптимист руҳида бўлган тасаввуф бўлган. У оммавий бир ҳаётда яшарди ва халқнинг турли табақалари билан  муносабатда эди ва ҳар бири билан мулоқот қиларди.  Абу Саъид  шундай орифлар жумласидан эдики, жамоат билан бирга бўлиб, омма билан суҳбат қилсада, ҳеч вақт  Аллоҳнинг зикридан ғофил эмас эди.  Ушбу заминада “Асрор ут-тавҳид”   китобида кўплаб ҳикоятлар  келтирилган.

Шайхга дедилар: Фалон киши сув устида юрмоқда.

Шайх деди: Қийин иш эмас. Қурбоқа ва саъва ҳам сув устида юриши мумкин.

Дедилар: Фалон  киши ҳавода учмоқда. Шайх деди: Чивин ва лочин ҳам учади.

Дедилар: Фалон киши бир зумда бир шаҳардан бошқа шаҳарга бориши мумкин.

Шайх деди: Шайтон ҳам бир нафасда машриқдан мағрибга боради. Бу нарсаларнинг аҳамияти йўқ. Мард киши халқ орасида бўлиши, улар билан бирга туриши, бирга яшаши ва бирга овқатланиши  ҳамда бозорда одамлар билан тижорат қилиши ва уларга  савдо қилишни ўргатиши ва ҳеч  вақт кўнглидан Худони узоқлантирмаслиги  лозим.

Абу Саъид турли кишилар билан муносабатда эди ва бошқа динлар вакиллари ҳамда амаллари яхши бўлмаган кишиларга ҳам одоб ва меҳрибонлик билан  яхши муомалада бўларди. У ушбу хушфеъллиги билан бошқаларнинг ичида ўзгаришлар юзага келтирарди ва ёмонларнинг тиконини гулга айлантирарди. Бу борада “Асрор ут-тавҳид “ китобида  шундай келтирилган:  Шайхимиз Нишобурда бўлган вақтларида Ҳийра қабристонига борадилар. Шайхлар қабрига етганидан кейин  бир гуруҳ одамларни кўради. Улар май ичиб, мусиқа асбобларини чалардилар.  Сўфийлар ғазабланишади ва уларни муҳтасибга ўхшаб жазоламоқчи бўлишади. Шайх Абу Саъид бунга ижозат бермайди ва ўзи уларни олдиларига бориб дейди: “Худо сизни ушбу жаҳонда кўнгилларингни хуш қилгани каби у дунёда ҳам кўнгилларингизни хуш этсин. Улар эса Шайхдан узр сўраб, майларини тўкиб, мусиқа асбобларини синдириб, тавба қилишади ва яхши одамларга айланишади.

Адабий тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, Шайх Абу Саъиднинг фарқ қилувчи ва бошқа орифларда кам кузатиладиган хусусиятларидан бири унинг бағрикенглиги ва дунё қарашининг кенглиги  эди. У шодлик, хурсандчилик ва сурурдан юз ўгирмасди ва ушбу ҳолатларни доимий тарзда қўллаб-қувватларди.  Унга кўра,  сўфий хурсанд бўлган ҳолда азиздир. Айтишларича, агар у баъзан қайғули ҳолатга тушиб қолса, ушбу ҳолатдан қутулиш учун у шайхларнинг қабрларини зиёрат қиларди ё дашту саҳрога борарди ва ёки одамлар билан суҳбат қиларди. Унинг кўзга кўринган бошқа сифатлари ҳаммага шафқат ва меҳрибонлик қилиши эди.

Унинг арзирли ва муҳим бўлган “Асрор ут-тавҳид” асарини ўқиб, шу нарсани аниқлаш мумкинки, Шайх Абу Саъид доимо халқнинг аҳволидан бефарк бўлмай, уларнинг  ғамлари,қайғулари  ва камчиликларини  бартараф этишга ҳаракат қилган.

 Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шайхдан сўрайдилар: “Халқдан Ҳақгача қанча йўл бор?

У жавоб беради: Мавжудотдан бўлган  ҳар бир зарранинг сонигача Ҳаққа борувчи  йўл бор. Бироқ энг енгил ва яқин йўл мусулмон қалбига етказиладиган йўлдир. Биз ушбу йўлдан бордик ва уни ихтиёр этдик ва барчага шуни васият қиламиз.

Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг бошқа фазилат ва хислатларидан бири низосолиш ва риё-ёлғонлардан йироқда эди. У садоқат  билан ниқобсиз ҳаёт  кечирарди.  У такаллуф юзасидан  бўладиган тасаввуфни энг ёмон тасаввуф  ҳисоблаган. Унинг шогирдлари, яқинлари ҳамда кўча ва  бозор аҳли Шайх Абу Саъиднинг ҳақиқий шахсиятини  доимий тарзда  кўра олардилар.  Унинг феъл-атвори, амали ва сўзи бир хил эди. Агар унинг йиғиси келса, бошқалардан уялмасдан йиғлайверарди. Агар у бирон нарсадан хурсанд бўлиб кетса, кўнгилдан дод солиб, бошқалар олдида ҳам бемалол шодлик ҳолатини намоён этарди.

Психологлар  туйғу,  ҳислар ва ички кечинмаларни  бунақанги тарзда намоён этишни  буғли қозонга ўхшатишадики, ботиний босимларни камайтириб, ички тинчлик ва фикрнинг ором топишига сабаб бўлади. Психологларнинг  ақидаларига кўра, ички ҳаяжонлар, ҳислар ва тўфонларни яшириш ва улар устига қапқоқ қўйиш  жисм саломатлиги  ва руҳий ҳолатларга зиён етказади ҳамда кўплаб руҳий босимларни юзага келтириши мумкин.

Эронлик машҳур ориф Абу Саъид Абулхайрнинг бошқа фарқ қилувчи сифатларидан бири унинг камтаринлиги ва манманлик ҳамда худбинликдан парҳез қилиши эди.  Ушбу сифатлар Абу Саъиднинг ахлоқий  буюк мактабида хос ўринга эга бўлган. Шайх ушбу сифатларни амалида ҳам ва сўзида ҳам исботлаган ва бошқаларга ҳам бу борада кўплаб таъкидлар қилган. Исломий тасаввуф ва ирфонда марказда турувчи асосий нарса  ўртада ўзни кўрмаслик ва  ўз –ўзига назар ташламасликдир.

Шайх Абу Саъид Абулхайр мен ва биз сўзларидан фойдаланишларни ёмон кўрарди ва ушбу сўзларни тилга келтирмасди. Ҳатто ўзи ҳақида гапирмоқчи бўлса ҳам  “эшон”, яъни  учинчи шахс бўлган “ у киши” сўзини ишлатарди.

Шайх дерди: “Агар сенинг сенлигинг  сен бўлган жойда  жаҳаннамдир ва сенлигинг йўқ бўлган жой эса  жаннатдир.”

Тадқиқотчиларнинг ақидаларига кўра, барча кина-кудуратлар, ҳасад ва низолар ҳамда ифлосликлар ўзни диққат марказида қўйиш, яъни эгоцентрик ва худбинлик, яъни эгоизм ҳамда ўзни севиш ва буюк кўриш  нарсисизмдан  манба олади.

Шайх Абу Саъид Абулхайр “Асрор ут-тавҳид” китобида шундай буюради: “ Банда ҳамда  Осмон ва Ернинг Парвардигори ўртасида парда мавжуд эмас; арш ва курси  мавжуд эмас. Сенинг ўйинг ва менлигинг пардадир. Агар ушбу пардаларни бартараф қила олсанг, Худога етасан.”   

 Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.