март 08, 2018 13:55 Asia/Tashkent

Кошмар тумани

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.

Ассалому алайкум, азиз  ва муҳтарам радиотингловчилар!

Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.

"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу  дастур  орқали  Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.

Саёҳат қилишни хуш кўрувчи мухлислар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек, Хуросони Разавий вилоятининг муҳим минтақаларидан бири бўлган  Сабзавор тумани ва шаҳри ҳамда ундаги тарихий обидалар борасида сизга маълумот берган эдик. Мазкур шаҳарда ҳам кўплаб тарихий бино ва ёдгорликларни кўриш мумкин. Шулардан бири Хусрувгерд минорасидир.

Археологларнинг тадқиқот ишлари асосида маълум бўлишича, Хусрувгерд минораси  Хуросон Разавий вилоятидаги энг баланд тарихий бинордан ҳисобланади. Ушбу  минора Ипак йўлидан ҳаракат қилувчи карвонларга йўл кўрсатиш учун қурилган. Бу минора денгиз маёғидек  тожирларга саҳроларда тўғри ҳаракат қилишлари учун   хизмат қилган. Сабзаворда бунёд этилган ушбу минора  саҳрода яшовчи одамларнинг дўстлиги, меҳрибонлиги ва меҳмондўстлигининг бир тимсолидир.

Хусрувгерд минорасининг тарихи ҳижрий-қамарий олтинчи асрга бориб тақалади. Уни ҳижрий-қамарий 505 йилда салжуқийлар  ҳукумати даврида қуришган. Ғиштдан қурилган ушбу  саккиз қирали миноранинг  баландлиги 38 метрни ташкил этади. Сабзаворнинг мазкур минораси қамарий олтинчи асрнинг энг гўзал минораларидан саналади.
 Сабзаворда етук шахсиятлар яшаб ўтишгани борасида ҳам ишора қилдик. Ҳожи Мулло Ҳодий Сабзаворий  мазкур минтақа ва Эроннинг машҳур ориф ва файласуфларидан ҳисобланади. У қамарий 1212 йилда Сабзаворда таваллуд топган ва болалик  давридан бошлаб диний илмларни  ўзлаштиришни бошлайди.  Кейинчалик Машҳад ва  Исфаҳон шаҳарларига сафар қилганидан кейин яна Машҳадга қайтади. Ушбу шаҳарда у  ҳикмат, фиқҳ ва тафсирдан дарс беришни бошлайди.

У бир муддат  Кирмонда ҳам бориб яшайди ва яна ўзининг шаҳрига қайтиб, Қасиҳия мадрасасида дарс беришни бошлайди. Асрор тахаллуси билан танилган Ҳожи Мулло Ҳодий Сабзаворий ҳижрий-қамарий 1289 йилда  77 ёшида вафот этади.  У баракали умри давомида кўплаб асарлар ёзган. Бунга ”Фалсафа манзумаси”, “Мантиқдаги манзума шарҳи”,”Тажридга оид ҳошия”, “Лаёли шарҳи”  ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.  Унинг мақбараси Сабзавор шаҳрида жойлашган ва кўплаб зиёратчилар ушбу мақбарани зиёрат қилган ҳолда Имом Ризо (а)нинг ҳарамларига йўл олишади. Мазкур мақбара  биносининг ички қисми салиб шаклида кўзга ташланади ва у ерда бир қатор ҳужралар мавжуд. Мақбаранинг таъмир ва зийнат бериш ишлари шамсий 1340 йилнинг аввалларида Эрон миллий мероси ташкилоти томонидан  амалга оширилган. Турли тангдаги плиткалар ва мовий гунбаз ушбу мақбарага ўзгача шукуҳ берган.

Ҳожи Мулло Ҳодий Сабзаворийнинг билдирган ақида ва назариялари нафақат Эронда, балки хорижий юртларнинг олий ўқув юртларида ҳам  ўқитилади. Дунёнинг кўплаб донишманд ва файласуфлари  унинг асарлари бобида фикр билдиришган ва илмий мақолалар ёзишган. Покистонлик шоир ва файласуф Муҳаммад Иқбол Лоҳурий Ҳожи Мулло Ҳодий ҳақида шундай деган: “Мулло Садродан кейин Мулло Ҳодий Сабзаворий охирги ўтган асрларда  Эроннинг энг буюк мутафаккирлардан ҳисобланади.”

       Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  ярим    соатлик  тонги     дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво  тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

Азизлар, эшиттиришимизнинг иккинчи қисмида тоғ ва саҳро дўстлигининг ўлкаси бўлмиш  Кошмар минтақасига сафар қиламиз. Хуросони Разавийнинг  Кошмар тумани  икки қисм, яъни марказий ва Кўҳи Сурхдан иборат бўлиб, қарийб 3390 квадрат километрга эгадир.  Мазкур туман шимолдан Нишобур ва Сабзавор туманлари, шарқдан Турбати Ҳайдария ҳамда жанубдан Фирдавс ва Гунобод ва ғарбдан Дашти Кавир минтақалари билан  қўшнидир. Кошмардан Машҳад шаҳригача бўлган масофа эса 240 километрни ташкил этади.

 Кошмар тумани икки тоғли минтақадан иборат: шимолда Кўҳи Сурх ва жанубда Фиғонбажистон баландликлари минтақаси  ҳамда ғарб ва жанубда қуруқ бўлган дашт- саҳро минтақаси. Шаҳар ва қишлоқлар атрофида ҳосилхез ерлар ҳам мавжуд. Кошмар шаҳри ушбу туманнинг маркази ҳисобланади. Мазкур шаҳар тоғлар ва саҳроларга яқин бўлгани боис икки хил об-ҳавога эгадир. Баъзида совуқ ва баъзида иссиқ иқлимни бу ерда кузатиш мумкин.

Кошмар тумани қишлоқ хўжалик минтақаси ҳисобланади ва бир вақтлар  Хуросоннинг ғалла анбори бўлган. Бу ерда  қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг турли навларин кўриш мумкин. Буғдой, арпа, лавлави, пахта,тонгабоқар, зира, узум, дуккакли ва полиз маҳсулотлари, кўкат, заъфарон шулар жумласидандир.

Кошмар туманида паррандачилик ва чорвачилик ҳам кенг йўлга қўйилган. Қўй, эчки, қорамол ва туя боқиш соҳаси ҳам  яхши ривожланган ва туман иқтисодиёти учун  муҳим бўлган соҳалардан биридир. Халқ ҳунармандчилик санъатига ҳам  ушбу туманда  катта эътибор қаратилган. Айниқса, Кошмарнинг қолин гиламлари  туманда хос шуҳратга эга бўлган.

Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони  шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.