Такфирий жараёнлар
Ваҳҳобийлик оқими ҳақида
Аллоҳ таоло номи билан
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
“Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони билан хизматингиздамиз. Бизни тинглаб боринг.
Таъкидлаб ўтганимиздек, кескин кайфиятдаги радикал ваҳҳобийлар ўзларининг хато ва асоссиз ақидаларини мантиқ ва далиллар ёрдамида ҳимоялай олмасликлари сабабли, Ислом уламоларини ёмон сўзлар билан таҳқир қиладилар. Дарвоқе, Ибн Таймия ва Муҳаммад бин Абдулваҳҳоб ақидаларининг ҳосили бўлмиш ваҳҳобийликнинг ақидавий моҳияти ақл-идрок ва мантиққа асосланмаган. Шунинг учун, ваҳҳобий уламолари билан Ислом уламолари ўртасида бўлиб ўтадиган мунозараларда ваҳҳобийлар келтирадиган далиллар мантиқий асосга эга эмаслигини очиқ-ойдин кўриш мумкин. Шу боис, ваҳҳобийлар ҳақорат сўзлар ёрдамида ўзларида мавжуд бўлган ушбу ожизликнинг устини ёпишга ҳаракат қиладилар. Ислом мантиқ ва таффакур дини бўлишига қарамай, ваҳҳобийларнинг кўр-кўрона, фанатизм ва таассубга асосланган ақидалари яққол кўзга ташланади. Аллоҳнинг башарият ҳидояти учун йўллаган азиз Ислом дини ва севикли пайғамбаримизнинг арзирли йўл-йўриқлари мусулмонларнинг ваҳдати (бирдамлиги)га қаратилган, уларни камситиш ва ҳурматсизлик қилишга эмас. Аммо ваҳҳобийларнинг тутган йўли эса ўзларидан бошқаларни «кофир» ва «мушрик»ка чиқариб, мусулмонларнинг қонини ноҳақ тўкиб, улар орасида тафриқа солишдир.Ваҳҳобийлик фирқаси пайдо бўлган дастлабки кунларданоқ ушбу фирқа тарафдорлари томонидан жоҳиллик асоссида юритилган таассубли хатти-ҳаракатлар, ҳар қанақанги янгиликни «бидъат» сифатида қабул қилишларига ва уни ҳаром эълон қилишларига боис бўлди. Ваҳҳобийлар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларига хос бўлган услубда яшаш зарурлиги ва ўша замонга қайтиш кераклигини таъкидлаб, янги цивилизациянинг барча кўринишларига қарши кураша бошладилар. Мисол учун; улар велосипедни «шайтон араваси», деб атадилар ва телефондан фойдаланишни ман этдилар. Бугунги кунда ҳам аёлларнинг машина ҳайдашлари Арабистонда кечирилмас гуноҳ ҳисобланади.
Яқин кунларгача Арабистонда фотоаппарат ҳам ҳаром саналарди ва Макка ҳамда Мадина шаҳарларида фотоаппарат олди-сотдиси ман этилган эди. Радикал ваҳҳобийлар фирқасига мансуб бўлган толибон гуруҳининг саркардаси Мулло Умар мана шу қотиб қолган ақида асосида ҳеч кимга ўзини расмга тушириш рухсатини бермади. Афғонистонда толибон ҳукумати ўрнатилган замонда қиз болаларнинг мактаб ўқишлари ман этилганди. Ваҳҳобийлар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг мавлуд (таваллуд) кунларини нишонлашни ҳам бидъат ва ҳаром ҳисоблайдилар. Диққатга сазовор томони шундаки, улар аҳли суннат ва шиаларни мана шундай оддий ишларни қилишлари сабабли ёмон кўрадилар ва кофир, деб эълон қиладилар. Ваҳҳобийларнинг янги технологияларни ёмон кўришлари ва буни ҳаром, деб эълон қилишлари остида нима ётади, дейсиз? Ҳақиқатан ҳам янги технологиялардан фойдаланиш бидъатми? Ислом фақиҳларининг ушбу масала хусусидаги қарашлари ваҳҳобийларнинг ақидаларига тамомила тескаридир. Ислом уламолари янги технологиялардан тўғри фойдаланишга қарши эмаслар ва буни оддий нарса сифатида қабул қиладилар. Янги технологиялардан фойдаланиш ахлоқий бузуқликларга ва тубанликни ривожлантиришга ҳамда Аллоҳдан узоқлаштиришга олиб келган тақдирдагина нотўғри саналади.
Мавзуни таҳлилчи Фахриддин Умаров давом эттиради.
Таҳлилчи Фахриддин Умаровнинг суҳбати эди.
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда "Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com / uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
Бундан ташқари, Ислом дини махсусан ёшларнинг илмий ва ахлоқий ривожланишларига алоҳида эътибор қаратган ва Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мусулмонларни ҳатто кофирлардан таълим олиш билан бўлса ҳам илм ўрганишга даъват этганлар. Шу тартибда ваҳҳобий уламолари бунақанги идишга сиғмайдиган ва тараққиётга тўсқинлик қиладиган фатволарни қайси меъёрлар асосида чиқармоқдалар, ўзлари биладилар!!!Салафийлар бугунги кунда мажбур қолганликлари боис ўз ақидалари ва фатволарини бироз ўзгартирганлар. Улар Ибн Таймийя ва Муҳаммад бин Абдулваҳҳобнинг айрим таълимотларидан воз кечишга мажбур бўлганлар. Ҳозирги кунда ваҳҳобий уламолар мантиқсиз ва гоҳида кулгили бўлган фатволарни чиқаришдан ўзларини тийишга ҳаракат қиладилар. Ваҳҳобийлар бугунги кунда мусулмонларга қарши террор ва суиқасддан ташқари бошқа услублардан ҳам фойдаланишга уринмоқдалар. Улар аввалида даҳшатли қон тўкишлар ва мусулмонларнинг мол-мулкларини ғорат қилиш йўли билан ваҳҳобийлик ғояларини мусулмонларга юклашга уринган бўлсалар, сўнгги йилларда эса бошқача услубларни ишлатаётганликларини кўришимиз мумкин. Албатта улар ҳали ҳам ўзларини бошқа мусулмонлардан устун қўядилар ва бошқаларнинг йўлдан озганликларини иддао қиладилар. Аммо бугунги кунда ўз ғояларини қўрқитиш йўли билан мажбурлаш ўрнига, ахборот воситалари ёрдамида тарғибот-ташвиқот ишларини юритиш услубини танлаганлар.
Қадрли тингловчилар, “Такфирий жараёнлар ёхуд бузғунчилик сценарияси” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг навбатдаги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.