март 20, 2018 10:58 Asia/Tashkent

Шайх Шиблий ҳақидаги ривоятлар

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Олдинги эшиттиришимизда эронлик  етук ориф, фақиҳ ва шоир Абубакр Шиблийнинг ҳаёти ҳақида сизга маълумот беришмни бошлаган эдик.

Таъкидлаб ўтганимиздек, Халқаро Фирдавсий мукофоти соҳиби Шоислом Шомуҳамедов форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган буюк мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асари сўнгида тузган изоҳида Шиблий ҳақида сўз юритиб, “Шиблий — Абубакр Муҳаммад ибн Халаф араб тилида ижод қилган тасаввуф шоири. Ўзи Ўрта Осиёдан чиққан (Бухоро). 945 йилда Бағдодда вафот этган” дейди.

Шайх Шиблий умр бўйи сафарларда бўлиб, илм-маърифат тарқатган ва кўплаб шогирдларга устозлик қилган. Баъзи манзилгоҳ — роботларда узоқ муддат яшаганлари сабаб, ўша ерлар қадамжо сифатида у кишининг ҳурмати юзасидан “Шибли”, “Шилви” деб номланган.

Ҳатто буюк Алишер Навоий ҳазратлари ҳам машҳур “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асарида 77 та шайх-авлиёларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқа маълумот берар экан, шайх Абубакр Шиблийга ҳам маълум ўрин ажратган.

Шайх Шиблийнинг таъкидлашича, йигирма йил турли ровийлар (ҳадис ривоят қилувчилар)дан ҳадис ёзиб олиш ва йигирма йил фикҳ асосларини (фикҳ — ислом ҳуқуқшунослиги) ўрганишга умрини сарфлаган. Абдураҳмон Суламий, Абулқосим Каширий сингари донишмандлар ҳам шайх Шиблийнинг ноёб фазилати, хислатлари ҳақида ғаройиб ҳикоялар ёзиб қолдирганлар.

Тасаввуф аҳлининг пешво пирларидан бири, шарқ адабиётининг ёрқин намоёндаси шайх Иброҳим Муҳаммад Фаридиддин Аттор Нишопурий ҳам ўзининг “Илоҳийнома” китобида шайх Шиблий ҳақида бир  ҳикоятни келтирган.

Шайх Шиблий ҳар қанча илмли бўлиб, авлиёлик поғонасига кўтарилган бўлса-да, унинг атрофида кўнгли қора, илми ўзидан юқори кишиларни кўролмайдиган душманлари ҳам кам эмасди. Уларнинг бўҳтонлари сабабли аллома ўз қишлоғини тарк этиб, олис сафарларга отлангани тўғрисидаги ривоятлар ҳозир ҳам Шилви, Сарой ва Дашт қишлоқ аҳли орасида маълум. Шайх Шиблий ҳақида Алишер Навоий ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” асарида “Отаси халифанинг соҳиб ул-ҳижоби эрди, Суламий табоқатида “Хуросониюл асл ва Бағдодул мавлид валмаишаъ” битибдур.

Асардаги “Хуросаниюл асл” — “Асл хуросонликдир…” мазмунини англатади. Аллома яшаган даврларда ҳозирги Қашқа воҳаси ҳудудлари ҳам Хуросон ноиблигига қараган ва Хуросон замини деб юритилган. Асарда “Умри саксон еттига етишди. 334 йилда (милод.945-946й) Зулҳижжа ойида дунёдин ўтди. Ва ҳам Жунайд дебдурки: “Ҳар бир қавм­нинг тожи бор. Бу қавмнинг тожи эса Шиблийдир”. Ул дебдурки: “Ҳуррият — қалб ҳурриятидир, бошқа нарса эмасдир”.

Юқорида келтирилган ривоят ва ҳикоятлардан кўринадики, алломанинг фарз ва суннат амалларига тўлиқ риоя қилиб яшаган умри мўмин инсонлар учун дастуриламал бўлиб қолган.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, биз яшаётган юртнинг ҳар бир қарич ерини муқаддас атаса арзийди. Биз юқорида шайх Шиблий ҳазратлари ҳақида баҳоли қудрат сўз юритдик.

Алломанинг Шилви қишлоғидаги муборак қабрига тўхталадиган бўлсак, азалдан эл меҳрини қозониб, эътиқодига сазовор бўлган улуғ шахсларнинг қабр — мақбаралари ва қадамжолари бир неч­та жойда бўлганини биламиз. Масалан, ҳазрат Али ибн Абу Толиб, Моликаждар, Ҳофиз Шерозий, Беруний сингари шахсларнинг рамзий қабрлари шулар жумласидандир.

Олим Шоислом Шомуҳамедовнинг изоҳича шайх Шиблийнинг Ўрта Осиёлик (Бухоро) эканини ва Бағдодда вафот этганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўз даврида қишлоқдошлари шайх Шиблийнинг ҳокини Шилвига келтириб дафн этишган бўлсалар не ажаб? Буни келгуси изланишларимиз албатта ойдинлаштиради, деб ўйлаймиз.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шиблийнинг отаси аббосийлар  халифаси  вақтида катта  ҳожиб, дарборга кирувчи эшикларни назоратчиси  эди. Шиблийнинг ўзи ҳам ҳожиб эди  ва кейинроқ Дамованд ҳокими этиб тайинланади. У тасаввуфга юз тутишидан олдин, яъни Дамованд ҳокими бўлган вақтида Бағдоддан бир мактуб олади. Мазкур мактубда ёзилган таклифга кўра,  Шиблий  Рай ҳокими  ва бир гуруҳ мансабдорлар билан  Бағдодга  халифа ҳузурига боришади. Бағдод халифаси ўша вақтдаги  одатларга мувофиқ   муҳмонларга биттадан тўн совға этади.  Улар Бағдоддан қайтаётган вақтда атса уради ва оғиз-бурнини  ўша халифа берган  чопоннинг енги билан артади.  Шиблийнинг  шериклари бу хабарни халифага етказадилар. Халифа ушбу ишдан ғазабланиб, Шиблийдан совға қилган тўнини қайтариб олади ва уни мансабидан бўшатади.

Шиблий ушбу воқеадан кейин ҳушёр бўлади ва ўзича ўйлайди: “ Агар бирон киши халифа, яъни султони оламнинг тўнини  юзини тозалаш учун фойдаланганидан  кейин бу тарзда жазоланса, уни сочоқ сифатида ишлатган кишининг  ҳоли не кечар экан?” 

Ривоят қилишларича, Шиблий ушбу воқеалардан сўнг халифа олдига боради ва ушбу сўзларни унга айтади: “Эй Амир, сиз фақат Аллоҳ бандаларидан бири сиз ва тўнингизнинг қадри ҳам  барчага маълумдир ва унга ҳурматсизлик қилишларини истамайсиз. Бироқ шу нарсани билингким,  олам Парвардигори  дўстлик ва маърифатдан тикилган тўнни менга ато қилган ва У ҳам ушбу тўнни бошқа бандалар учун сочоқ сифатида ишлатилишини хоҳламайди.”

Айтишларича, Шиблий ушбу сўзларни айтганидан кейин халифа дарборидан чиқиб кетади  эронлик машҳур ориф Жунайдга мурид бўлиш учун унинг  олдига боради.  Айрим ривоятларда олти йил ва айрим маълумотларда 14 йил давомида  у Жунайдга  шогирдлик қилади.  Машҳур ориф Жунайд аввалига Шиблийни шогирдликка қабул қилади ва унга бир неча муддат гадолик қилиш, Дамованд халқидан розилик олиш ва муридлар хизматида бўлишни тавсия этади.

Шайх Аттор Нишопурийнинг “Тазкират ул-авлиё” китобида ёзилишича, Шиблий Жунайднинг олдига боради  ва айтади: “Сиз Ҳақнинг таниш гавҳари ва Унга яқин бўлиш рамзини биласиз. Уларни менга бахшида этинг ва ёки сотинг.

Жунайд айтади: “ Агар мен уларни сотсам, сен уларнинг баҳосини тўлолмайсан ва сенга  бахшида этсам, осонгина қўлга киритганинг учун уларнинг қадрига етолмайсан. Шу сабабдан сен ҳам менга ўхшаб, ўзингни ушбу денгизга сол ҳамда сабр ва интизорлик билан гавҳарни ўзинг қўлга кирит. Ҳақ таолони таниш ва Унга яқин бўлиш рамзига эришиш учун сен муомала қилишинг лозим.”

Шиблий қабул қилади. Жунайд унга айтади: “Бир йил давомида фақат гадойлик, тиламчилик қиласан ва бошқа ишлар билан умуман шуғулланмайсан.”

Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.