март 27, 2018 16:08 Asia/Tashkent

Халқаро Наврўз байрамига бағишланган махсус эшиттириш

Аллоҳ таоло номи билан

Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

Халқаро Наврўз байрами муносабати билан барчангизни яна бир бор муборакбод этамиз ва ушбу қутлуғ санага бағишланган “Баҳор навоси” унвонли махсус эшиттиришнинг навбатдаги   сонини эътиборингизга ҳавола этамиз. Унда “Эрон  халқ оғзаки ижодиёти” бобида сўз боради. Бизни тинглаб боринг.

Шодликнинг маскани бугун бўстондир,

Бозорнинг зийнати гулу райҳондир.

Овоз пардасининг авжида булбул,

Дўстлар даврасида ҳамон хушхондир.

Зеро Наврўз базми шарофати бу,

Боғлар ичра латиф сабо меҳмондир.

Баҳор наққошидан чаман чеҳраси

Дунёда энг гўзал нигористондир.

Форс оғзаки адабиёти Эрон халқининг маданияти ва кенг маънавий ҳудудга эга бўлган фолклорида муҳим ўрин тутади. Оғзаки адабиёт ҳам оммавийлашган афсоналар, қиссалар, паҳлавонлик ривоятлари, шеърлар, латифалар ва турли достонларни ўз ичига олади. Фолклор ўзининг кўп қиррали жилвалари билан ёзма ёдгорликлар қаторида ҳар бир халқнинг маданияти ва ақидасини ифода этувчи  муҳим унсурлардан ҳисобланади.

Халқ озғаки ижодиётида ошиқона қиссаларнинг ўрни ўзгачадир. Ушбу қиссалар орқали халқнинг эътиқодлари, удумлари ва хотиралардан кетган кўплаб маънавий омиллари намоён бўлади.

Ҳар бир халқнинг оғзаки ижодиёти унинг маънавий ва маданий ҳаётининг муҳим бир бўлагидир. Ҳозиргача  кўрлаб халқларнинг ушбу оғзаки адабиёти узоқ асрлар давомида оғиздан оғизга, бир авлоддан бошқа авлодга ўтиб келган ва ҳар бир қавмнинг маданий ўзлигини инъикос этади. Фолклор ҳар бир халқнинг омиёна маданиятидан сарчашма олади ва чиндан ҳам бир халқнинг таржимаи ҳоли ҳисобланади.

Фолклор халқ ҳаётининг воқеалари билан чамбарчас боғланган ва оддий аҳолининг ижтимоий ва маданий  ҳаёт  тарзини ўзида мужассам этган. Халқ оғзаки ижодиётида ҳар  бир қавмнинг тафаккури ва ундаги ўзгаришлар, уларнинг феъл-атворлари, фитрати, дини ва эътиқодлари ёрқин ифода этилган.

Одатда, халқнинг мустақиллиги, унинг равнақи бадиий адабиёт билан узвий боғланади. Оғзаки ижод эса, бадиий адабиётнинг ажралмас қисмидир.

Ҳозир эса Наврўз байрами муносабати билан тингловчиларимизнинг қутловларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Азиз тингловчилармизнинг қутловлари эди.

Халқ оғзаки ижодининг келиб чиқиш жойини ва ёки жуғрофик ҳудудини аниқлаш  қийиндир.  Бироқ айтиш мумкинки,  Эрон оғзаки ижодиётининг вусъати эронликлар қалбларининг кенглигидадир. Нақл этилган қиссалар  тиллардан тилларга ўтиб, бир кишидан бошқа кишиларга ўтарди. Эронликнинг турли маросимларга атаб ўтказиладиган байрамлари, эътиқодлар асосида бўладиган тадбирлари, хусусан, Наврўз байрами, Ялдо кечаси, Чоршанбесурий, назр дастархонлари ва бошқа кўплаб маросимларнинг ўзига хос қиссалари мавжуд. Биз бугунги суҳбатимизда эронликларнинг энг буюк байрами бўлган Наврўз ҳақидаги бир қиссани сизга ҳикоя қилиб бермоқчимиз. Албатта, Наврўз тўғрисида  кўплаб ривоятлар  мавжуд. Ушбу қиссалардан энг машҳур бўлганини бугун ҳикоя қилмоқчимиз.

Бор экан, йўқ экан, Наврўз амаки деган бир  кекса киши бор экан.  У ҳар йили баҳорнинг биринчи кунида кигиздан тайёрланган қалпоғини кийиб, соқол-мўйловларини ҳинолаб, кўк рангдаги либосини кийиб, белига белбоғ боғлаб, елкасига  ипакдан тўқилган хуржинини ташлаб, қўлида ҳассасини олиб ва  тоғли йўлларни босиб, шаҳар дарвозаси томон келарди. Шаҳар дарвозасининг ташқи қисмида Совуқликни рамзи бўлган Сармо она  номли кампир яшарди ва у Наврўз амакига ошиқ эди.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда Халқаро Наврўз байрамига бағишланган “Баҳор навоси”    унвонли  махсус эшиттиришнинг навбатдаги        сонини тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига  радиомизнинг  интернет сайти   ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.

 Сармо она баҳорнинг биринчи кунида эрта билан туриб, тўшакларни тартибга солиб, уйини ва ҳовлисини сув сепиб тозаларди. Кейин гиламини боғчасига яқин бўлган ва фавворали ҳовузчанинг ёнидаги айвон тагида тўшарди. Унинг боғчасида кўплаб дарахтлар ва баҳорий гуллар мавжуд эди.  Сармо она бир патносда син ҳарфи билан бошланадиган еттита неъматни  жойлаштирарди ва бошқа патносда набот, ширинлик ва бошқа мевалардан бўлган еттита егуликни қўярди. У уйини тозалаганидан кейин янги кийимлар кийиб, ўзига пардоз  берарди.  Қўл оёқлари ва сочларига ҳино суртиб, хушбўй атирларни ўзига сепарди. Кейин бир бурчакда олов ёқиб,  испанд тутатиб, Наврўз амакини кутарди. У кутиш давомида ухлаб қолганини  сезмай қоларди ва узоқ уйқуга кетарди. Шу дамда Наврўз амаки етиб келарди ва Сармо онани уйғотишга кўнгли бўлмасди. Наврўз амаки боғчадан баҳорий  гулларни териб, гулдаста қилиб, Сармо она  этагининг  устига қўйиб, унинг ёнида ўтирарди. Олмадан бир дона кўтариб, уни иккига бўлиб, ярмини еб, шарбат ҳам  ичарди. Қуёш кам-кам юқорига  кўтарилганидан кейин Сармо она уйғонарди. У аста-секин атрофга қараб, гулдастани ва ярми ейилган олмани кўриб, Наврўз амаки келиб-кетганидан хабардор бўларди.

Сармо она шунча тайёргарликлардан кейин Наврўз амакини  кўрмай қолганидан ва у келган вақтда ухлаб қолганидан  афсусланарди.  У ҳар куни борада ҳасратлашарди ва  Наврўз  амакини кўриш учун нима қилиш ва  ё қилмасликни билмасди. Бошқалар унга  Наврўз амакини фақат баҳорнинг бошланишида кўриш мумкин эканлигини ва келгуси баҳоргача кутишини айтишади. Сармо она бу гапларни қабул қилади. Аммо келгуси ва бошқа баҳор фаслларида Сармо она Наврўз амакини кўра олдими, йўқми, ҳеч ким билмайди.

Наврўз амаки бобидаги  мазкур қиссада баҳорнинг рамзи ҳамда Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги бош қаҳрамонлардан бири Золнинг  шахсиятига ҳам ишора этилган. Рустамнинг отаси Зол Эроннинг афсонавий қаҳрамонларидан ҳисобланади. Зол туғилган вақтида ҳам  оқ сочларга эга  бўлган. Шу сабабдан ҳам Наврўз амаки кекса бир киши сифатида гавдаланади. Унинг узун соч ва соқоллари  оппоқ назарга ташланади. Оқ ранги эса замон рамзи бўлиб, ҳеч вақт орадан кетмайди ва янгиланаверади. Сармо она Наврўз амакининг ошиғи бўлиб, унинг дийдорига муштоқдир.  У фақат бир йилда бир марта эски йилнинг охирги кечасида Наврўз амакини кўриши мумкин. Наврўз келиши билан  қиш рамзи бўлган Сармо онанинг умри охирига етади. Улар бир-бирлари билан учрашишса, Сармо она ўлади.  Аммо бу қиссада Сармо она ўлмайди, балки уйқуга кетади. Наврўз амаки у келиб, Сармо онани уёғотмасдан  ўзидан айрим белгиларни қўйиб кетади. Зеро у ҳаётнинг давом этишини хоҳлайди. Бу икки қаҳрамонинг учрашуви қишнинг охирга етгани ва янги фасл-баҳорнинг бошланишини кўрсатади.

Азизлар, Халқаро Наврўз байрамига бағишланган “Баҳор навоси”    унвонли  махсус эшиттиришнинг  навбатдаги       сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.

 

 

 

 

 

 

 

Ёрлиқ