Ошуро кунига бағишланган махсус эшиттириш
Ошуродаги қаҳрамонликлар шукуҳи
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар!
Имом Ҳусейн (а)нинг шаҳодат айёмлари муносабати билан барчангизга ҳамдардлик изҳор этамиз ва “Ошуродаги қаҳрамонликлар шукуҳи” мавзусига бағишланган махсус эшиттиришни эътиборингизга ҳавола этамиз.Бизни тинглаб боринг.
Исломий тарбия нигоҳидан, одамлар шахсиятини шаклланишида таъсир етказувчи омиллардан бири дин пешволаридан ибрат олишдир. Инсониятнинг ижтимоий тарихи кўрсатганки, кишилик жамиятида бу каби намуналар бўлмаса, одамлар ўзларининг зоҳирий, ақлий ва иймонли ҳаётларида саргардон бўлишади ва ҳайрон қолишади. Жамиятда кучли, ҳаракатчан ва салобатли кишиларни тарбиялаш учун мангу қолувчи намунали шахсиятларга эҳтиёж сезишади.
Имом Ҳусейн (а) ва Ошуро кунида кўрсатилган қаҳрамонлик одамлар учун гўзал ибрат олиш намуналарини намоён қилган. Бу қаҳрамонлик бениҳоят шукуҳли бўлиб, одамларга самарали сабоқ бўлган.
Ҳусейн ибн Али (а) раҳбарлигида Ошуродаги уйғонишнинг буюк жилваларидан бири – бу инсоний каромат ва иззат ҳисобланади. Иззат-эҳтиром инсонга тавсиф этиб бўлмас чидамлилик, устуворлик, қудрат, енгилмаслик ва нафс буюклигини бағишлайди. Бу уйғонмоқлик шундай бир ҳолатдирким, кишини нафақат золимлар қаршисида хору зор этмайди, балки унинг иззат ва устуворлигига янада куч бағишлайди. Каромат ва улуғворликнинг маъноси эса ҳар қандай пасткашлик, разиллик ва заифликдан узоқда бўлиш демакдир.
Инсоний каромат исломий бир қадрият сифатида ҳамиша аҳамият ва диққат марказида бўлиб келган. Каромат (улуғворлик)га эга бўлган инсон шундай бир руҳий юксакликда бўладиким, ўзини турли пасткашликлар ва олчоқликлардан узоқда сақлайди ва барча ҳолатларда ўзининг ҳурмат ва шахсиятини муҳофаза этади. Бундай инсон касб этган ўзининг каромати ва иззати билан ҳаётда юз берадиган турли ҳодисалар баробарида енгилмайди ва энг оғир мусибатлар ва машаққатлар қаршисида эса матонат билан устувор туради. Чунончи, Имом Ҳусейн(а) ана шундай буюк шахслар жумласидан эдилар. Бу улуғ инсон хорлик, пасткашлик ва қўрқоқликлар баробарида таслим бўлмадилар. Ҳолбуки, ул ҳазрат Ошуро куни Карбало заминида инсон тасаввурига сиғмайдиган энг оғир ва мудҳиш ҳодисалар ва жиноятлар билан юзма-юз бўлдилар. Ул зотнинг фарзанд ва вафоли ёронларининг ҳаммаси қурбон бўлишди, оила аъзоларини эса асир қилиб олишди. Ул ҳазратнинг танаси қилич билан тилиб ташланган бўлса-да, аммо руҳияти устувор ва мустаҳкам қолди.
Имом Ҳусайн(а) инсоний каромат ва иймон иззатига эга бўлиб, бу йўлда устувор қолиш учун қонли ўлимни қабул қилдилар. Ҳақиқатан ҳам Имом Ҳусейн(а) ўзликни англаб етишни инсониятга ўргатиб, инсоний каромат ва иззатни муҳофаза этдилар. Имом Ҳусайн (а) тафаккурида иззат ва каромат (улуғворлик)га эга бўлиш учун зоҳирда мағлубиятга дуч келиш мувафаққиятсизлик эмас, балки ҳақиқий ғалаба қозониш саналади. Шунинг учун ул зот Ошуро кунида шундай марҳамат қилдилар:
«Агар мағлуб бўлсак ва ҳалок бўлсак ҳам, ҳеч қачон енгилган бўлмаймиз, чунки ушбу йўлда биз учун мағлуб бўлиш йўқдир.»
Ушбу инсоний каромат ва иззат-эҳтиром Имом Ҳусайн(а)га Ибн Зиёднинг разилликлари баробарида таслим бўлишга ижозат бермади.
Нафақат дин, балки инсониятга аҳамиятсиз ва бепарво бўлган шахслар инсоний қадриятларни масхара этиб, Расули Акрам (с) набираси имом Ҳусайн ибн Али (а)га ҳам ҳурматсизлик қилиш пайида эдилар. Аммо ул ҳазрат ҳеч бир саросима ва қўрқувга тушмасдан уларга матонат билан қаршилик кўрсатдилар ва ул ҳазратга Язидга байъат қилиш таклифини берган шахсларга шундай дедилар:
«Огоҳ бўлингизким, Язиднинг бу пасткашлиги мени қилич тортиш билан хору зор бўлиш ўртасида қўйган! Лекин разиллик ва хорликка нисбатан бизнинг таслим бўлишимиз амри маҳолдир. Худо, Унинг Расули, иймонли ва покиза инсонлар бунга рози бўлишмайди.»
Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган бир соатлик оқшомги дастуримизда Имом Ҳусейн (а)нинг шаҳодат айёмларига бағишланган махсус эшиттиришни тинглаяпсиз. Сиз ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига радиомизнинг интернет сайти ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин.
Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан узоқлашманг. Эшиттиришимиз давомига диққатингизни жалб этамиз.
Имом Ҳусейн(а) ушбу сўзлари ила шаҳид бўлиш билан хорлик, пасткашлик ва қабиҳликка тан бериш ўртасида қарор топганларини эълон қилиш билан хорлик ва пасткашликни қабул қилиш номуносиб иш эканлигини уқтирдилар. Зеро, ул ҳазрат Парвардигори карим инсоннинг иззат-эҳтироми ва каромати (улуғворлиги)ни хоҳлайди ва оламларнинг Яратгувчиси, Расулуллоҳ (c) ва мўминларнинг барчалари хору залиллик ва пасткашлик билан бирга бўлган ҳаётни қабул қилишмайди, деб таъкидлайдилар.
Имом Ҳусайн(а) Язидга байъат қилиш таклифини қабул қилсалар эди, Язид ва Уммавийлар ҳукуматига машрулик ва қонунийлик бағишлаш маъносида бўларди. Ва бу эса имом Ҳусайн(а) қабул қила олмайдиган амаллар жумласидан эди. Шунинг учун юқорида зикр этилган сўзларга қўшимча ўлароқ, ул ҳазрат шундай марҳамат қиладилар:
«Аллоҳ таоло номига онт бўлсинки, мен хору залиллик қўлини сизлар томон узатмайман ва қул бўлган шахслар каби асло қочмайман. Ва мен фақат Парвардигоримдан менга паноҳ беришини сўрайман.»
Имом Ҳусайн(а) баён этган ушбу сўзларида хору залиллик ва пасткашликдан иборат байъат қилмасликни эълон қилишлари билан Аллоҳ таолони ўзларининг пушту паноҳи деб таништириб, барча иззат, юксаклик ва қудрат Ундан эканлигини эълон қиладилар ва бу эса инсоний кароматнинг энг олий даражаси ҳисобланади.
Инсоний каромат инсоний ва исломий қадриятлардан бири сифатида Имом Ҳусайн(а) томонларидан улкан эътибор ва аҳамият касб этган. Ул ҳазрат доимий равишда халққа нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ила муносабат қилардилар ва бирон-бир кишини таҳқирлаш ёки камситишга ижозат бермасдилар.
Имом Ҳусейн алайҳиссаломнинг қўзғолони Худо учун эди ва ушбу йӯлда фақат Аллоҳга таваккул қилган эди. Ӯз Парвардигори учун қилган жиҳоди йӯлида барча оғирликларга сабр -тоқат қилиш ул ҳазрат учун осон эди.
Ошуро ҳодисасидан олдин юз берган ўша ва ундан кейинги кунларда ул ҳазрат ва ёронлари бир неча маротаба бу асосий масалани таъкидлаган эдилар. Ҳусейн бин Али (а) ўз оилалари билан видолашиш вақтида Парвардигори каримга мустаҳкам иймон билан уларга хитоб айлаб шундай буюрадилар: "Билинглар, Худо сизларнинг ҳомийингиз ва ҳимояловчингиздир ва зудлик билан сизларни душманнинг ёвузлигидан нажот беради ҳамда ишингизнинг оқибатини хайрли бӯлишига кўмаклашади.”
Шаҳид Имом алайҳиссалом мазлумона шаҳодат топган вақтларида ҳам Худони эсдан чиқармадилар ва шундай замзама этдилар:” Эй баланд мартабали ва қудратли Худойим ! Заиф бӯлганлигим сабабли сендан ёрдам сўрайман, сенга таваккал қиламан. Ана шу мен учун кифоя этади.”
Охири барча ранж -азоб ва мусибатларга қарамасдан шундай буюрдилар: ” Эй менинг худойим! Мен сенинг ҳукминг ва қазоватиндан розиман. Сенинг ироданг ва амринга таслим бӯлганман. Сендан бошқа ҳеч қандай маъбуд йӯқ, эй паноҳ изловчиларнинг бошпанаси!"
Ошуро кечаси Имом Ҳусейн бин Али (а) ҳатмий ва аниқ хатарни эътиборга олган ҳолда ӯз ёронларидан, агар хоҳласалар, қароргоҳни тарк этишни истаганларида, улар шаҳодатталаблик ва Худога иймон келтиришдан далолат берадиган қизғин сӯзлари билан Ҳақ ва ул ҳазратга вафодорлик қилиш йӯлида матонат билан устувор туришларини таъкидлашди.
Азиз тингловчилар, Имом Ҳусейн (а)нинг шаҳодат кунларига бағишланган махсус эшиттириш шу ерда ўз ниҳоясига етди. Ушбу қайғули муносабат билан яна бир бор барчангизга ҳамдардлик изҳор этамиз.Мен эса сизлар билан хайрлашаман.Аллоҳ таолонинг паноҳида бўлинг.