апрел 10, 2018 15:23 Asia/Tashkent

Шоир Касоий шеърларинг мавзуси

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Ассалому алейкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!

“Дунёнинг фахри  бўлган эронлик  буюк шахсиятлар” рукни остидаги  туркум эшитиришнинг янги сони яна  эфирда. Ушбу эшиттиришлар орқали сиз Эрон ва жаҳонда машҳур бўлган  буюк шахсиятларнинг ҳаёти ва фаолияти билан танишасиз.  Бизни тинглаб боринг.

Ёдингизда бўлса, олдинги суҳбатимизда  эронлик машҳур шоир Касоий Марвазий ҳақида сизга маълумот беришни бошлаган эдик. Эслатиб ўтамиз, Абулҳасан Касоий Марвазий ҳижрий-қамарий 341 ва милодий ҳисоб билан 952 йилда ўша вақтларда Эрон шарқида жойлашган  Марв шаҳрида таваллуд топган.

Маругиян ёхуд Марв Ашконийлар сулолаларига тегишли юртлар ҳисобланган. Марв шаҳри Сосонийлар даврида  обод бўлган ва Эрон шоҳлари бирин- кетин ушбу минтақада ҳукмронлик қилишган ҳамда шаҳар ўзининг муҳим  аҳамиятини   қўлдан бермаган.
Марв қадимий Хуросоннинг тўрт шаҳарларидан бири ва бир вақтлар пойтахти  ҳам бўлган. Муҳим бўлган Хуросоннинг бошқа уч шаҳри Нишопур, Балх ва Ҳирот бўлган. Марв шаҳри, бир томондан,  Хоразм ва Мовароуннаҳр  ва бошқа томондан,  Сарахс ва Нишопурга  яқин бўлгани  сабаб ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан муҳим мавқега эга бўлган. Шу боисдан  мазкур шаҳар Сосонийнлар  ҳукмронлиги даврида ва кейинчалик араблар томонидан ишғол этилганидан кейин Маъмун ҳукмронлиги давригача доимий тарзда Хуросон пойтахти бўлган. Тоҳирийлар ҳукмронлиги даврида  Хуросон маркази сифатида  Нишопур шаҳри танланади. Сомонийлар қудратга етганларидан кейин  пойтахт Балх ва Бухорога кўчади.

Салжуқийлар қудратга етганларидан кейин Марв уларнинг  юртларига   яқин бўлгани боис яна пойтахт сифатида танланади.

Султон Санжар ҳукмронлиги даврида ҳам Марв Хуросон пойтахти эди ва Эроннинг муҳим шаҳарларидан бири ҳисобланарди. Ўша вақтда шаҳар ривожланиб, ушбу ободончиликдан Марв аҳолисининг турмуш тарзи  яхшиланиб,  эътибори ҳам ошган эди ва уларнинг орасида  баъзи давлатманд кишиларнинг обрўси  атрофдаги  айрим амирлар ва хонлар билан тенг эди ҳамда Хоразмнинг Урганж каби шаҳарлари буюк донишманд ва илм аҳлининг марказига айланган эди.  Ўша асрда бунёд этилган мадрасалар ва кутубхоналарда кўплаб кишилар кенг кўламда таҳсил олиб,  илм ўрганишарди. Мазкур шаҳарда ҳижрий-қамарий 550 йилда  ўнта йирик умумий  кутубхона мавжуд эди Ушбу кутубхоналарнинг бирида 12 мингдан ортиқ китоблар мавжуд эди.

Мўғулларнинг Марвга ҳужум қилган вақтда яшаган тарихчилардан бири Ёқут Ҳамавийнинг ёзишича, у ҳижрий  616 йилда ушбу шаҳардан кетган замонда Марв олий даражада эканлигини таъкидлайди. Аммо мўғулларнинг ҳужумларидан сўнг ушбу шаҳар буткул вайронага айланади.

Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ қочганидан кейин Марвнинг собиқ ҳокими  Мужир Алмалик  шаҳарни мўғуллар ҳужумидан ҳимоя қилишни бошлайди. У Марвнинг шайхулисломи ва Сарахснинг қозисини мўғулларга таслим бўлишни хоҳлаганлари учун ўлдиради.  Мўғул босқинчилари Марвни  ўраб олишган эди. Марв аҳолиси беш кун қаршилик кўрсатишади ва охирида Чингизнинг ўғли Тулига таслим бўлишади.   

Тули шаҳарни ишғол этганидан кейин барча аҳолини шаҳардан чиқиб кетиш буйруғини беради. Сўнгра зарли ўтирғичга ўтириб, Хоразмшоҳ  мансабдорларининг  бошларини таналаридан жудо қилиш фармонини беради. Шаҳардан чиққан аҳолини ҳам жангчиларига бўлиб беради. Мўғул жангчилари аёллар, болалар ва эркаклар ва қариялардан иборат Марв аҳолисининг  ҳаммасини қатл этишади ва шаҳарни ёқиб юборишади. Марв  шаҳри бошқа олдинги  тараққиёт, равнақ ва шукуҳига ҳеч вақт эга  бўлмади.

Қадрли тингловчилар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган  оқшомги   дастуримизда  "Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар”  рукни остидаги  туркум эшиттиришнинг навбатдаги   сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз  радиомизнинг интернет сайти  ParsToday.com/uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Электрон манзилимиз эса  uzbek@ ParsToday.com.

Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг, эшиттиришимиз давом этади.

Шоир Касоий Марвазий яшаган вақтда Марв шаҳри илм ва адаб аҳлининг жаннати эди. Шоҳ Яздгирд ҳукмронлигининг охирги дамларида Тейсфундан Марвга кўплаб китоблар олиб келган эди ва ушбу муҳим китоблардан иборат йирик кутубхона Марвда сақланарди.

Ҳижрий қамарий еттинчи, милодий ҳисоб билан 13  асрда яшаган адиб ва тарихчи Ёқут Ҳамавийнинг ёзишича, Марв кўплаб кутубхоналарга эга эди ва уларнинг бирини Сомонийлар ташкил қилишган эди. Кўплаб мутафаккирлар ва тадқиқотчилар ушбу китоблардан фойдаланишарди. Марв шаҳрининг ушбу маданий имкониятлари шоирларнинг ҳам вояга  етишлари учун муносиб фазо яратган эди.

Милодий тўққизинчи ва ўнинчи асрларда  Сомонийлар амирлари форс тили ва Эрон маданиятини  ривожлантириш учун кўплаб ишларни амалга оширишган эдилар.  Ушбу рағбатлантириш тадбирлар натижасида Марвда ҳам кўплаб шоирлар етишиб чиқишади. ”Шоҳнома”ни биринчи бор  куйлаган шоир Масъуди Марвазий ва Абубакр Марғазий шулар жумласидандир.

Абулҳасан Касоий ҳам Марв шаҳрида таваллуд топган, айнан мазкур шаҳарда илм ўрганган. шоирлик шуҳратига етган ва ушбу шаҳарда  вафот этган.

Касоийнинг шоирлик даври Сомонийлар давлатининг сусайиши  даври билан тўғри келади. Ушбу ҳолат унинг ҳаёти ва  шоирлик  усулига кўплаб таъсирлар етказган. Касоий аввал маддоҳ шоир эди ва унинг мадҳ этувчи қитъалари айрим такзираларда мавжуддир. У Сомонийлар сулоласини мадҳ этувчи шоирлардан эди. Сомонийлар давлатининг инқирозидан  сўнг унда фикрий ва эътиқодий ўзгаришлар юзага келади. Кейинчалик  Касоий тақводорликни касб этиб, Ислом пайғамбари (с) ва Аҳли Байтнинг мадҳ этишни бошлайди.

Касоий Марвазийнинг девони милодий 12 асргача мавжуд бўлган ва ушбу даврдан кейин йўқолиб кетган. Ундан фақат айрим шеърлар қолган ва ушбу шеърлар ҳам тарқоқ байтлардан иборатдир.

Унинг девони билан танишган тарихчилар Касоийнинг шеърлари Худо Расули (с) ва ул ҳазратнинг  Аҳли Байтларига бахш этилганини таъкидлашган.

Машҳур тазкиранавислардан бири Муҳаммад Авфий Бухороий “ “Лубоб ул-албоб” китобида  Касоийнинг шеърлари тақводорлик, мавъиза ва Нубувватнинг Аҳли Байтларига  бахш этилганини ёзган.

Касоий Марвазийдан қолган шеърларда билиш мумкинки, у янги мазмун, маъноли баёнлар, тавсиф ва ташбеҳларни яратишда катта маҳорат ва иқтидорга  эга бўлган.

Айрим тадқиқотчилар ва адабиётшунослар Касоийни табиатни тараннум этган маҳоратли рассом деб билишган. Уларга кўра, ушбу жиҳатлар шоирнинг шуҳрати ва ном чиқаришига сабаб бўлган. Зеро унинг ёрқин васфлари, жонли, латиф  ва сода ташбеҳлари кўнгилга ёқувчидир. Касоийнинг тонг, наргис, ёмғир, камалак, кўк  нилуфарга оид ва бошқа тасвирлари форс адабиётида кам учрайди.

Ҳозирги замоннинг етук  тадқиқотчилари  ва адабиётшуносларидан бири устоз Бадиъуззамон Фурузонфар  Касоий Марвазийнинг шоирлиги ва унинг шеърлари ҳақида шундай ёзган эди:” Касоий Эроннинг буюк классик шоирларидандир. Ундан бизгача  кам мерос қолган  шеърларида ҳам  унинг фикрининг кенглиги, хаёл диққати, балоғат ҳусни ва табъ бароати яққол кўзга ташланади.”

  Қадрли тингловчилар, «Дунёнинг фахри бўлган эронлик буюк шахсиятлар” рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги   сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Саломат бўлинг.