Биз билан Эронга келинг
Заъфарон хусусиятлари
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам радиотингловчилар!
Микрофон олдида камина Кўҳёр Аршадниё хизматингиздаман.
"Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони яна эфирда. Ушбу дастур орқали Эронга оид қизиқарли маълумотлар билан сизни таништириб борамиз. Суҳбатларимизни тинглаб боринг.
Азизлар, олдинги эшиттиришимизда таъкидлаб ўтганимиздек,
Хуросони Разавий вилоятининг муҳим совғаларидан бири заъфарон ҳисобланади. Мазкур вилоятда етиштириладиган заъфарон бутун дунёда донг таратган. Заъфарон ёхуд шафран Эрон пазандалик соҳасида кенг фойдаланадиган маззали ва чиройли рангга эга гиёҳли доривор ва зираворлардан ҳисобланади. Сапсаргулдошларга мансуб кўп йиллик ўтсимон туганак пиёзли ўсимлик. Эрон , Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Жанубий Европа, Озарбайжонда катта майдонларда экилади. Шафран ўсимлигининг турлари хилма-хилдир. Уларнинг кўплари ёввоий тарзда ўсади. Аммо уларни истеъмол этиб бўлмайди. Заъфарон ё шафраннинг истеъмолга яроқли бўлган ягона тури Эрон ва айрим бошқа мамлакатларда мавжуддир. Хусусан, Хуросоний Разавий ва Жанубий Хуросоннинг айрим минтақаларида сифатли заъфарон ўсимлиги етиштирилади.
Шафран нафақат озиқ-овқатларда, балки турли дорилар тайёрлашда ҳам кенг қўлланилади. Эронда етиштириладиган шафраннинг сифати олий бўлгани боис жаҳон бозорида унинг муштарийлари кўпдир. Эрондан шафран маҳсулотларини Испания, Германия, Италия, Англия, Канада, Люксембург, Ҳиндистон, Япония ва Форс кўрфази ҳавзасида жойлашган мамлакатлар сотиб олишади.
Заъфароннинг баҳоси (1 килограмм учун) - 400 доллардан 1 000 долларгача. Бунга заъфароннинг фақат кузги мавсумда, йилда атиги 7 кун ўсиши сабабдир. Уни йиғиш ва қайта ишлаш ишлари қўлда амалга оширилади. 1 килограмм заъфарон чиқиши учун эса ишчилар 300 минг ўсимлик теришларига тўғри келади.
Шарқда илгарилари у “қизил олтин” деб номланган. Заъфарон қимматбаҳолигининг сабаби иккита: биринчидан, уни етиштириш жуда машақ-қатли иш, иккинчидан, хушбўйлиги, таъми ва даволаш хусусиятлари бўйича заъфарон зираворлар орасида тенгсиздир. Заъфарон – йилига бир марта 10-15 кун оммавий гуллайдиган, ҳар бир гул очилишининг давомийлиги фақат 2-3 кун бўлган қирмизи “крокус” (лотинча номи) оналик гули тумшуқларининг қуритилганидир.Заъфарон гуллари ва хусусан оналик гулларини қайта ишлаш фақат қўл меҳнати билан амалга оширилади. Оналик гуллари тумшуғи фақат гулларнинг биринчи очилган куни қирқиб олиниши лозим. Унинг сифати терим ва уни қуритишнинг тезлиги билан боғлиқдир. Бир килограмм заъфарон йиғиш учун тонгда қуёш ҳали оналик гулларини қуритиб улгурмасидан, 150 минг дона атрофидаги гули териб олиниши лозим. Бир гектар ер майдонидан теримчиларнинг маҳорати ва об-ҳавонинг муносиб шароитига қараб 8-12 килограмм заъфарон йиғиб олиш мумкин.
Замонавий тиббиётда у кўзга томизиладиган дори тайёрлашда ва умумий қувватлантирувчи турли дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади. Заъфароннинг антиканцероген ва антимутаген хусусиятларга эгалиги исботланган. Уни қайноқ сут билан ичилса,бош мия фаолиятини мустаҳкамлаб, хотирани кучайтиради. Агар асал билан истеъмол қилинса, буйракдаги тошларни майдаланишига ёрдам беради. Заъфарон гули тумшуқлари эритмаси инсон организмига зарур бўлган каротин, тиамин, рибофламин, флавоноидлар, кальций, фосфор каби моддаларга ва турли витаминларга бой.Тўрт минг йиллик ишлатиш тарихида унинг тўқсон хил турли касалликларни даволашда қўлланиши аниқланган.
Заъфароннинг хушбўй ҳидини ҳидлаш инсонни нафас олиш органларига ижобий таъсир қилиб тинчлантиради ва уйқусизликдан қутилишга ёрдам беради. Кучли бош оғриғида ва қулоқ шамоллаганида заъфарон сувида пахта ёки юмшоқ матони ҳўллаб касал аъзога босилса, оғриқни қолдиради. Бундан ташқари у қорин очиш ҳиссини ҳам камайтиради. Заъфарон меъёридан ошириб ишлатилса, сезги органларини қаттиқ зўриқишига олиб келиши мумкин. Меъёрдан кўп овқатга қўшилган заъфарон таомни бузишдан ташқари инсонни заҳарланишга олиб келиши мумкин. Бир неча грам янги узилган сифатли заъфарон истеъмол қилинса, ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Мутахассис маслаҳатисиз ҳомиладор аёлларга тинчлантирувчи восита сифатида истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Қадрли мухлислар, сиз муқаддас Машҳад шаҳридан эфирга узатилаётган ярим соатлик тонги дастуримизда "Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сонини тинглаяпсиз. Ушбу эшиттиришнинг матнини ўқиш ва садосини тинглаш имконига сиз радиомизнинг интернет сайти Parstoday .com /uz орқали хоҳлаган пайтда эга бўлишингиз мумкин. Азизлар, радиомизнинг ҳаво тўлқинларидан йироқлашманг. Эшиттиришимиз давом этади.
У пазандачиликда мислсиз воситадир. Унинг кичкина толасини қўшиб пиширилса, таом ёқимли олтин рангида товланиб, ўзига хос хушбўй таъмга эга бўлади ва осон ҳазм бўлади.
Заъфарон тўқ қизил ва жигар ранг-қизил, майин ингичка ипга ўхшаш бўлиб, орасида сариқ рангли бир нечта толалар бир-бирига ўралиб, чирмашиб турган ўсимлик гули оналикларидир. Таомни ўзига хос майин, хуштаъмлик ва ноёб аралаш ўткир аччиқ-ширин мазали қилишга заъфароннинг битта ингичка толаси ҳам етарли бўлади. Нозик дидли хўрандалар заъфарон қўшилган таом мазасини янги ўрилган ўт, темир-асал таъмини беришини таъкидлашади.
Пазандачиликда заъфарон суюқ овқатлар, балиқ, гўштли, сабзавотли таомлар ва ширинликлар пиширишда уларга нозик таъм, доривор мазаси, чиройли олтин ранг бериш учун ишлатилади. Заъфаронни чой, кофе ва алкоголсиз ичимликларга қўшилса, инсонни тинчлантириб, осойишталик бағишлайди.
Ҳар йили бутун дунё бўйича бор-йўғи 300 тонна заъфарон етиштирилади. Ушбу заминада Эрон етакчи мамлакатлардан ҳисобланади. Кўриб турганингиздек, мазкур усул жуда машаққатли бўлгани учун заъфарон Ўрта асрлардан буён баҳоси тушмаган ягона зиравор ҳисобланади.
Гарчи заъфарон бўёғидан неолит даври қоя тасвирларида фойдаланишган бўлса-да, одамзод у билан танишганига 4000 йилдан ошди. Таомда илк бор Месопотамияда фойдаланишган бўлса, энг биринчи ёзма қайдлар Шумер цивилизациясига бориб тақалади. Форслар милоддан аввалги 10 асрда заъфарон толасини газламаларга қўшиб тўқишган, ундан атир ва хушбўй мойлар ишлаб чиқаришган. Александр Македонский қўшини заъфарондан яраларни тузатишда фойдаланган. Қадимги Хитой манбаларида заъфарон дори сифатида тилга олинади. Заъфарон Шарқда будда роҳиблари кийимининг рангига айланган бўлса, Европада бойлик ва жамиятда юқори мавқе нишонаси ҳисобланган.
Азиз тингловчилар, ”Биз билан Эронга келинг!" рукни остидаги туркум эшиттиришнинг янги сони шу ерда ўз ниҳоясига етди. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яхши дам доимо сизга ҳамдам бўлсин.